Линклар

logo-print

Назарбоев референдум таклифини рад қилди¸аммо...


Назарбоев конституцияга қўл қўйган ҳолда унинг кафолатчиси бўлиш ҳақида онт ичган...

Назарбоев конституцияга қўл қўйган ҳолда унинг кафолатчиси бўлиш ҳақида онт ичган...

Нурсултон Назарбоев¸ ўз президентлик ваколатини 2020 йилга қадар узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш ғоясини қабул қилмади. Аммо бу ғояни таклиф қилган қозоқ парламенти президент қаршилигига қарамай¸ умумхалқ референдуми ўтказиш режасини давом эттириш ниятида.


Қозоғистон президенти 7 январ куни эълон қилган фармонга кўра¸ мамлакат парламентининг Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатларини 2020 йилга қадар узайтириш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифи рад этилди.

Қозоғистон биринчи президентини ўз идорасида сайловларсиз яна 8 йилга қолдириш ташаббусини ўтган ой Семипалатинск университети ректори¸ академик Ерлан Сидиков кун тартибига қўйган эди.

Бир куннинг ўзидаëқ ташкил топган ташаббус гуруҳи орадан уч кун ўтиб - 27 декабр куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди ва референдум тарафдорлари имзосини йиғишга рухсат олди.

6 январ кунга келиб¸ орага янги йил каникуллари тушганига қарамай¸ ташаббус гуруҳи Назарбоевни 2020 йилга қадар президентликда қолдириш учун референдум ўтказилсин¸ деган 3 миллион қозоғистонлик имзоси тўпланганини эълон қилди. Бу эса¸ конституцияда талаб қилинганидан ҳам 600 минг имзога кўпдир.

Референдум ўтказиш ташаббусчилари¸ Марказий сайлов комиссияси талабларини яшин тезлигида адо этиб бўлгач¸ Қозоғистон парламенти мамлакат конституцияга ўзгартиш киритиш ва Нурсултон Назарбоевни президентлик курсисида 2020 йилга қадар қолдириш бўйича референдум ўтказишга қарор қилди.

Аммо “кутилмаганда” Назарбоев парламент “ўзбошимчалиги”ни рад қилди.

Қозоқ мухолифати¸ қолаверса мустақил кузатувчилар фикрича¸ референдум билан боғлиқ бу жараëнларнинг барчаси¸ хусусан Назарбоевнинг парламент қарорини рад этиши ҳам¸ аввалдан ҳозирланган сценарийнинг бир қисмидир.

Бундай фикрга эса¸ референдум ўйини билан Нурсултон Назарбоевга “элбоши” мақоми бериш¸ нафақат Назарбоев¸ балки унинг оила-аъзоларига ҳам келажакда мутлақ дахлсизлик мақомини тақдим этиш бўйича конституцияга ўзгартиш киритиш жараëнидаги уйқашлик асос бўлмоқда. Парламентнинг ўзига олий мақом ва президентликдан кетган тақдирда ҳам олий имтиëзлар бериш ҳақидаги қарорини Назарбоев рад этди¸ аммо бу қарорга вето қўймагач¸ парламент қарори конституцияга мувофиқ кучга кирди.

Умуммиллий социал-демократик партияси бош котиби Амиржан Косанов¸ референдум сценарийсининг ҳам бевосита Назарбоев розилиги билан Оқўрдада ҳозирланганини тахмин қилади.

- Агар Назарбоевга элбоши мақоми бериш билан боғлиқ жараëнлар айнан такрорланса¸ бу Назарбоевнинг бу сценарийга бевосита алоқаси борлигини намойиш қилади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Косанов.

Қозоғистон коммунистларининг собиқ етакчиси Серикболсин Абдилдин фикрича¸ Назарбоевнинг референдум ҳақидаги парламент таклифини рад этиши¸ асосан ташқи дунë учун мўлжалланган кўзбўямачиликдир.

- У бу ишни ташқи сиëсат учун қилди ва референдумни рад этиш билан ўзининг диктатор ëки подшоҳ эмаслигини кўрсатмоқчи бўлди. Аммо амалда у референдумдан¸ албатта¸ фойдаланади. Бундан эса¸ президентнинг халқ иродасига бўйсунмасликдан ўзга чораси йўқ¸ деган хулоса чиқарилади. Бугун ҳам халқдан имзо тўплаш давом этмоқда ва 11 январгача бутун мамлакат аҳолисининг 90 фоизи референдум ўтказилсин¸ Назарбоев тахтда 2020 йилга қадар қолсин¸ деб имзо чекса¸ референдум ўтказишга ҳам ҳожат қолмайди. Шунда Назарбоев халқ талабига мувофиқ¸ ўз президентлик ваколатларини 2020 йилга қадар узайтиришга мажбур бўлади¸ дейди истеҳзо билан қозоқ комммунистларининг собиқ етакчиси.

АҚШ ҳукумати Назарбоевни референдум орқали президентликда 2020 йилга қадар қолдириш уринишларини танқид қилди. 4 январ куни Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси эълон қилган баëнотда¸ “Конституцияда кафоланланган президентлик сайловлари ўрнига ўтказиладиган умумхалқ референдумининг¸ Қозоғистонда демократиядан чекиниш бўлиши” таъкидланди.

Бундай танқидлар ва Назарбоевнинг парламент ва ўз таклифини рад қилганига қарамай¸ Назарбоев ваколатларини 2020 йилга қадар узайтириш бўйича референдум ўтказиш ташаббуси муаллифи академик Ерлан Сидиков президент бу таклифни қабул қилмаслик билан ўз ҳаққидан фойдаланганини айтади.

- “Республика миқëсидаги референдум” тўғрисидаги қонунга мувофиқ¸ ҳатто президент парламентнинг мамлакат конституциясининг президентлик ваколатларига оид қисмига ўзгартиш ëки қўшимча киритиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифини рад қилган тақдирда ҳам¸ парламент ҳар иккала палатаси депутатлари жами сонининг бешдан тўрт қисми овоз берган тақдирда¸ конституцияга ўзгартиш киритиш мумкин¸ дейди референдум ташаббусчиси академик Сидиков.

Парламент депутатлари ҳам ўзларининг айни ваколатларини рўкач қила бошлаганига қараганда¸ “бебош” парламент яқинда Назарбоев иродасига зид равишда¸ унинг ваколатларини 2020 йилга қадар чўзиш бўйича якдиллик билан овоз берадиган кўринади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG