Линклар

logo-print

Бугун "Эркин микрофон"га Ўзбекистонда қонун ишламаётганидан арз қилган собиқ ички ишлар ходими, ички ишлар ходимидан жабр кўрган ўзбек, алданиб, она бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган аёл қўнғироқ қилди.


“Адолат тополмаяпман”


Сирдарë вилоятидан қўнғироқ қилган Баҳром Норматов ички ишлар тизимидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида инспектор бўлиб ишлаганини айтар экан, уни ноқонуний ишдан бўашатишганидан шикоят қилади:

- Тўғри энди қонун ижро қиладиган томондан бўлмадида. Ўзим ички ишларда ишлаганман. Мен ўзим йўл ҳаракат хавфсизлигида ишлаганман. Ноқонуний равишда бўшатилдимда.

Озодлик: Қачон? Яқиндами?

- 2008 йилда авария бўлган. Авария менинг айбим билан бўлмаган. Аварияда айбдор самарқандликлар бўлган. Тўқнашувда мен машинасида бўлган шофëр ўлди. Унинг пассажири ўлган. Шунинг оқибатида оëғим синиб, болницага ëтиб қолдим. Реанимацияга тушиб, оғир аҳволда бўлиб қолдим. Орадан икки ой ўтгандан кейин “Сен тўйга кетиб қолгансан” деб, бир важлар билан ишдан бўшатилдимда. Бу тўғрида ҳурматли вазиримизга икки марта хат ëздим. Қонуний ўзимга тегишли жавоб ололмадим. Сирдарë вилоят шахсий таркиб билан ишловчи Мухсимовга учрадим ака. Йиғлаб бордим. Началник УВДгача бордим. Қабул қилмади ака булар. Қабулига киритмаяптида.

Озодлик: Сизни нима сабаб билан ишдан бўшатишди?

- Сабаб бундай. Мен тўй бўлишидан бир кун олдим болничнийга чиққан эдим. Тушунаяпсизми? Шанба куни болничнийга чиққанман, операция бўлишим керак экан. Шу бўйича докторга учрашдим. Доктор менга “Бугун шанба. Сиз болничний олинг. Душанбадан бошлаб ëтасиз”, деган эди. “Болничний пайтида болницада ëтмасдан, тўйга кетиб қолгансиз”, деяпти. Мен “Болницага қабул қилмаса, ққандай ëтаман?” дедим. Докторнинг хулосасини олиб бориб кўрсатдим. Барибир бўлмади. Кейин яна “Машинани бошқарган экансиз. Аварияни сиз қилгансиз”, деяпти. Мен йўловчи бўлганман. Суднинг қарори бор. Айбдор самарқандликлар бўлиб чиққан.

Озодлик: Ишдан бўшатиш нима учун керак бўлиб қолди? Бирортасининг йўлини тўсдингизми, ë мушугини пишт дедингизми?

- Йўқ, унақа нарса ҳеч бўлмаган. Ҳурматли вазиримизга шу тўғрида ëздим. “Жойим кимга керак бўлиб қолди?”, дедим. “Мени ҳеч бўлмаса ички ишлар вазирлиги нафақасига чиқаринглар”, дедим. “Нафақага стажингиз етмас экан”, деди. Уйда битта мен ишлардим ака. Уйимизда ҳозир ишлайдиган одам йўқ. Ҳозир ота-онамнинг қарамоғига келиб қолдим. Оилалиман, ўзим ҳали уй-жой қила олганим йўқ. Иш топа олмаяпманда. Ҳаëтда ўз ўрнимни топа олмай қолдим. Бир ойдан бери сизларни тинглайман ака. Одамларнинг гапларини эшитиб, сизлардан ëрдам ололаманми деб, телефон қилган жойим эди.



“Саид ака айтганлари тўғри эмас”

-дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Зарифа опа, Озодлик радиосида эфирга кетган “Баҳс майдони” эшиттиришига муносабат билдирар экан.

- Мен эски мухлисларингдан. Кўп эшитаман. Кеча Аҳмедиов Саид деган чиқди. Менинг жаҳлим чиқиб кетди бунинг гапларига. Анави хоразмлик одам жуда яхши гапларни гапирди.

Озодлик: Хоразмлик эмас самарқандлик.

- Самарқандликми, хоразмликми яхши гапирдида. Саидга шу мен айтган гапларни айтсангиз. Саид Аҳмедов жуда лаганбардорлик қилиб ëлғондан “Вой-бўй жуда ҳам яхши. Ишласа, у-бу қилади. Ишласа, ҳаммаси яхши”, дейди. Гўшт 20 минг бўлганда, 20 минг турибди, ҳамма ëқда ҳеч нарса йўқ. Қанақа қилиб гапирадия? Ҳамма ишлаган, ишлаяпти. 40 йил ишладик. Ишлаб қўйганмиз. 300 мингга нима беради. Ҳеч нарса бермайди. Бозорга кирсангиз, сочларингиз тикка бўлиб кетади. Бунга қараб кўрсин. Кимлар яшаяпти? Судялар, прокурорлар яшаяпти. Оддий халқ яшагани йўқ.

Озодлик: Саид ака “Бир киши бўлиб, ҳаракат қилиб бўлмайди. Битта бармоқ синади, мушт бўлиш керак. Бирлашиш керак”, деяпти.

- Энди у-чи, ким нима қилади? Ўзлари биринчи бўлиб, қочиб кетади. Кейин мана шу гапларни сизлардан жуда кўп эшитаман, ҳамма чиқиш қиладида эшитаман. Энди одамларнинг қураëтган уйига қаранг. Бир йилнинг ичида шунақа уй қурдики, бу ерга миллионлаб эмас, миллиардлаб кетди. Кечаларигача олиб келишиб, шунақа қиладики, қаердан олади, тўртта болани боқсинми, учтадан-тўрттадан уй қуради одамлар. Кимлар қилаяпти? Булар қилади. Аппаратда қанча одам ишлайди? Алам қиладида одамларга, кўрса. Честний ишлаб келганларга ҳаëт йўқ.


“Ўзбекистонда қонунлар ижро этилмайди”

Тошкентлик Анвар Тўрахўжаев ҳам “Баҳс майдони” эшиттиришига муносабат билдиради:

- Мен Тошкентданман. Тўрахўжаев Анвар деган одамман. Баҳс майдонида Саид аканинг гапидан ëмон таъсирландим. У гапида “Ўзбекистон жуда гўзал. Алламбало” деб, мақтаяпти. У одам билан баҳслашаëтганда “Сен Америкадан келмадинг, четдан келмадинг, Ойдан келмадинг. Ўзбекистонда яшаяпсан. Ҳаракат қилмайсан, ўзингнинг ҳақ-ҳуқуқингни талаб қилмайсан. Талаб қилмаганингдан кейин мана шунақа бўлаяпти. Бирлашмаганмиз” деб, у-буларни гапираяпти. Хуллас унинг гапидан менинг хафа бўлганим шуки, ҳақиқатан бу одам ўзи айтганидай Ўзбекистонда яшаëтган одаммас экан. Кўрмаса, Ўзбекистонда бўлаëтган нарсани, эшитмаса. Ўзбекистонда бўлаëтган нарсани шу даража мақтаб ташлаганидан хафа бўлиб айтмоқчи эдим.

Мен ўз бошимдан ўтган бир мисолни айтмоқчиман. Милиция билан бўлган воқеа. У милиция менга нисбатан анча ноқонуний ҳаракат қилганда, мен милиция билан, ҳаққимни талаб қилиб, олишганимда, мен ундан қанча талаб қилсам, у менга шунча қарши ҳаракат қилган эди. Шу даражага бордики, менинг уйим-жойим устидан бўлаëтган можародан келган нарса эди, хуллас милиция мени мутлақо уйимга кирмайдиган, уйимни ташлаб, чиқиб кетадиган ҳолатга олиб келган эди. Шунда мен шикоят қилиб милициянинг юқори органига, ундан юқорироққа ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлган эдим. Шунда мен юқорига ëзган аризам қайтиб, қуйи туман миқëсидаги жойга келарди. Мен юқорига берсам, у қайтиб бу ëққа келарди. Мен шу ҳолатда ëзмаган жойим қолмади, қилмаган ишим қолмади. Энг катта одамнинг ўзи “Ўзингга душман орттиришни хоҳламасанг, ишингни тўхтатгин. Ҳозир сенга бирорта жиноий иш очиб, бошқа иш билан сени тиқворади. Яхшиси тўхтагин” деб, мени мажбур қилди.

Саид аканинг гапига айтмоқчиманки, биз одамлар ўзимиз айбдормиз, ҳақимизни талаб қилишни билмаймиз, курашишимиз керак деяпти, лекин мана бунақа бўлишини билмас эканда Саид ака. Бизларда Ўзбекистонда қонун бажарилмайди ва қонуний ҳал бўлмайди ҳеч қачон.



“Мени алдаб бичдилар”

-дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан қўнғироқ қилган Санобархон Маҳкамова:

- 2009 йил 16 июн куни Каттақўрғон янги типдаги докторхонасидан ИЖК қилиш учун докторлар келиб, уйимдан олиб кетди мени. Билмаган ҳолатда кетганман мен. Мени алдаб, олиб кетган уйдан ҳамширалар.

Озодлик: Нима деб алдаб, олиб кетишди?

- “Компютер лазери орқали операция қиламиз. Ҳеч қандай оғриқсиз. Тошкентдан бир кунга келаяпти. Президент қарори”, деб айтди менга.

Озодлик: Сиз шунинг ИЖК эканлигини, бачадонни бичиш эканлигини билармидингиз?

- Йўқ, билмас эдим. Улар менга шундай тушунтирмадида. “Компютер орқали игнани тиқиб, ичингизда трубанинг нимасини тикиб, яна ўрнингиздан туриб келаверасиз. Уй юмушингизни бажараверасиз”, деди. Улар менга “Тошкентдан профессор келиб, компютер орқали шунақа қилади”, деди. Кейин мен рози бўлдим. Бордим. Лекин ҳеч қандай компютер ҳам йўқ, ҳеч қандай лазер ҳам йўқ. Ўзларининг врачлари нима қилди. Мен оғриққа чидай олмай, белимдан укол қилди. Кейин мен “Сизлар кесдингларми?”, десам, “Ҳа, кесдик”, деди. “Сизни лазер, компютер деб олиб келдими?”, деди. “Ҳа”, дедим. “Эҳ, содда қишлоқ аëллари” деб, ўша ерда кулди врач. У ердан қалтироқ ҳолатда чиқдим. Чиқдим, лекин менга оғриқ қоладирадиган укол ҳеч қайси қилмади. Мен чўнтагимдан пул чиқариб, “Укол қилинглар. Илтимос” деб, укол қилдирдим мажбурлигимдан. Қўпол муомала билан ҳамшира укол қилди. Азоб еб, ўша ерда бир кеча қолдим. Доктор “Ҳақиқатан сизларни алдаб олиб келган”, деди. Бош врач шундай йўл тутганки, “аëлларни алдаб, олиб келинглар”, деган. Ўша мени олиб кетган иккита медсестрага ҳам мен “Шундай қилдинглар”, деган пайтим улар “Бизларнинг ойликдан кесади ëки ишдан бўшатади. Хотинларни ИЖКга олиб боришимиз керак”, деган. Шундай азоб еган битта мен эмас экан. Мен Каттақўрғон ҳақиқатига ëздим. Тошкентга соғлиқни сақлаш вазирлигига ëздим. Мен ҳеч қайсинисидан жавоб ололмадим. Ҳалигача мен шундай азобдаман. Белим бўлмайди. Умуман ичларимнинг санчилишлари қолмади. Навоийларда даволаниб келдим. Йўқ, ҳеч қандай фойда кўрмадим. Юқоридагиларнинг ҳеч қайсиси, билмадим, ë хатимни олмадими улар, умуман жавоб келмади, ҳеч қандай ëрдам йўқ,- дейди каттақўрғонлик Санобар опа.


**********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG