Линклар

Ўзбекистон Тожикистонга сотиладиган ҳар минг куб метр газ нархини 26 долларга арзонлатди. Ўтган йили бу мамлакатга 252 доллардан сотилган газ, бу йил 227,8 доллардан берилади.

“Тожиктрансгаз” ширкати раиси Саидаҳмад Шарофиддиновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида табиий газ импортига оид шартнома ўтган йил декабри сўнгида Тошкентда имзоланган.

-Тошкентдаги музокарада биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиздан табиий газ нархини арзонроқ қилиб белгилашини сўрадик. Улар Ўзбекистон ҳукумати розилиги билан аввалига газ нархини 7 фоизга, кейин эса Бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов кўрсатмаси билан яна 3 фоизга арзонлаштирди. Умуман нархлар коэффициенти бўйича 33 фоиз имтиёзни қўлга киритдик. Шу тариқа ҳар минг куб метр табиий газ биз учун 26 АҚШ долларига арзонга тушди, - деб билдирди 7 январ куни ”Тожиктрансгаз” раиси Шарофиддинов.

Тожик расмийсининг маълум қилишича, икки томонлама имзоланган шартномага асосан 2011 йилда “Ўзтрансгаз” ширкати Тожикистонга 180 миллион куб метр табий газ етказиб беради. Ҳар минг куб метр табиий газ аввалги 252 АҚШ доллари ўрнига бу йил 227 доллардан сотиб олинади.

Айтиб ўтиш жоизки, Тожикистон ўтган йилларда Ўзбекистондан 400-500 миллион куб метр табиий газ сотиб олар эди.

Бу йил эса импорт қилинадиган табиий газ ҳажмининг кескин камайганини тожик расмийси Шарофиддинов аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи камайиб бораётгани билан изоҳлади.

Аснода Душанбе шаҳар аҳолисининг жуда катта қисми табиий газ етишмаслигидан шикоят қилишмоқда.

Шаҳарликлар табиий газ пулини олдиндан тўлаб қўйганларини, аммо газдан ҳамон дарак йўқлигини айтишмоқда.

- Газнинг пулини ўтган йил декабр бошларида йиғиб кетишди, газ эса ҳозиргача йўқ. Плиткада овқат пишириб ўтирибмиз. Баъзида авария бўлиб светлар ўчиб қолса, ҳовлида ўт ёқиб чой қайнатамиз. Газ қачон бўлишини ҳеч ким билмайди, - дейди душанбелик суҳбатдошимиз Лайло.

Айни пайтда Душанбе шаҳрининг Зарафшон, эски Аэропорт, Испечак каби қатор маҳаллалари аҳолиси ҳам газ йўқлигидан шикоят қилишмоқда.

Бироқ “Тожиктрансгаз” ширкат раиси Шарофиддинов эса газ нархи ошгани туфайли шаҳарликларнинг кўпи табиий газ сотиб олишдан қийналаётганини билдирди.

- Шаҳардаги баъзи маҳаллалар газ билан таъминланган. Албатта ҳамма эмас. Чунки одиий аҳоли нархлар ошгани туфайли табиий газ сотиб олишдан қийналмоқда. Улар ҳозир шаҳарда электр таъминоти яхшиланганини ва газга эҳтиёж сезмаётганларини айтишмоқда. Бир томондан электр нархи газ нархидан бир неча баравар арзон, - деди Шарофиддинов жаноблари.

Испечак маҳалласи раиси Амиржон Амиров эса расмийнинг бу иддаоларини рад этди.

- Бу гап ёлғон. Газнинг одамлари маҳалламизга келиб “Газ беришни бошлаймиз, тайёргарликларингни кўринглар”, дейишди. Маҳалладаги аксарият оилалар газ пулини карточка орқали тўлади. Аммо шу кунгача газни кутиб ўтирибмиз. Газга эҳтиёжи бўлганлар қиммат нархда суюлтирилган газ сотиб олишмоқда, - дея маълум қилди Испечак маҳалласи раиси Амиров.

«Тожиктрансгаз” ширкати маълумотларига кўра, томонлар келишувига мувофиқ ўтган йил Ўзбекистон Тожикистонга 250 миллион куб метр табий газ экспорт қилиши лозим эди. Аммо йил охиригача бу томон 174 миллион куб метр табиий газ қабул қилиб олган.

“Тожиктрансгаз” раиси Шарофидинов бунинг сабабларини мамлакатдаги айрим корхоналар йил давомида табиий газ сотиб олишни тўхтатганлари билан изоҳлади.

“Масалан, - дея билдирди у, - Душанбе шаҳар иситиш маркази йиллик норма бўйича 130 миллион куб метр ўрнига, атиги 4 миллион куб метр табиий газ олди, холос”.

Айни пайтда Тожикистонда табиий газ асосий истеъмолчилари Талко алюминий ишлаб чиқариш ва ”Тожикцемент” корхоналари экани маълум қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG