Линклар

logo-print

Душанбеда соқолли журналистни милиция ушлаб кетди

  • Гулнора Равшан

Шуҳрат Шодиев душанбелик милиционерлар қўлга олинган соқоллилардан бировини дўппослашганини айтади.

Шуҳрат Шодиев душанбелик милиционерлар қўлга олинган соқоллилардан бировини дўппослашганини айтади.

- Афтидан жуда катта рейд эди. Уни Сино ва Фирдавсий туман ички ишлар бўлимлари милиционерлари ўтказишаётганди. Мени “Профсоюз” бекатида тутишди. Ҳеч бир изоҳсиз машинага ўтқазиб, бўлимга олиб келишди. У ерда мендан ташқари яна ўттиз киши бор эди. Ўша ерда соқолларимизни қириб ташлашни буюрдилар. Мен бу борада вазирликнинг буйруғи кўрсатилмагунича, соқолимни қирмаслигимни айтдим, - дейди Шуҳрат Шодиев.

“Азия плюс” рўзномаси мухбири Шуҳрат Шодиевнинг Озодлик мухбирига маълум қилишича, соқоллиларни тутиш тадбирида қатнашган кишилар бирор гувоҳнома кўрсатмаганлар.

Сино туман ички ишлар бўлими ходимлари эканини билдирган кишилар бу тадбир Ички ишлар вазирлигининг оғзаки буйруғи асосида амалга оширилаётганини айтганлар.

Мавзу юзасидан микрофонга гапиришни истамаган Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Тоҳир Норматов бу тадбирни изоҳлай туриб, милиция ходимлари ҳар бир фуқаро шахсини аниқлаш учун соқол қўйганларни тутиш ҳамда уларнинг кимлигини аниқлаштиришга ҳақли эканини таъкидлади.

Вазирлик расмийси бу тадбир хавфсизлик нуқтаи назаридан ўтказилаётганини қўшимча қилар экан, “ҳар бир фуқаронинг кўриниши унинг паспортидаги суратига мос бўлиши зарур”лигини уқтирди.

Шунингдек, расмий ўтказилаётган бундай рейдларда фақат тушинтириш билан чекланилаётгани ва шу кунгача бирор фуқаронинг ҳуқуқлари поймол қилинмаганлигини таъкидлади.

“Азия плюс” рўзномаси мухбири Шуҳрат Шодиев эса 8 январ куни Сино туман ички ишлар бўлимига олиб борилган шахсларга милиционерлар томонидан дўқ-пўписа қилингани ва ҳатто бир киши дўппосланганини айтди.

- Менинг журналист эканимни билишгач, менга босим ўтказишмади. Лекин ўша ерда бир йигитни: “Худодан қўрқмайсизларми?” дегани учун дўппослашди. Биз эрталабдан кечгача ўша бўлимда ўтирдик. Кечга яқин бош муҳарриримиз Олга Тутабилина келиб, мени у ердан олиб кетди. Қолганлар эса ўша ерда қолишди, билмадим, яна қанча сўроқ қилишди уларни, - дейди соқоли учун бир кунлик ҳибсда бўлган тожик журналисти Шуҳрат Шодиев.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Шодиев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигида ишлаб юрган чоғида, яъни 2009 йили Чеченистондан Тожикистонга қайтаётиб, Ўзбекистон ҳудудида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Ўшанда тожик журналистига “ноқонуний қурол-аслаҳа ва диний мазмундаги адабиётларни Ўзбекистон ҳудудига киритганлик” айби қўйилган эди.

Ўша йилнинг сентябрида Ўзбекистонда эълон қилинган авф туфайли Шуҳрат Шодиев озодликка чиқарилган эди.

Айтиш лозимки, Тожикистонда соқоллиларни тутиш кампанияси шу йил ёзида Рашт водийсида бошланган тартибсизликлардан сўнг ўтказила бошланди ва расмийларнинг бу ҳудудда жанггарилар йўқ қилингани ортидан амалиётлар деярли ниҳоясига етгани расман эълон қилинганига қарамай, Душанбе шаҳри ва унинг атрофида соқоллиларни тутиш амалиёти ҳозирга қадар давом этмоқда.

Бундай рейдлардан безган кўпчилик соқоллилар кўчага чиқишга ботина олмаётганларидан шикоят қилишмоқда.

- Соқоли бор одамларни ушлашаяпти. Ёш йигитларга соқол қўйиш мумкин эмас, деб буйруқ чиқибди. Шу буйруқ чиққанидан бери кўчага чиқолмаймиз, чўчиймиз. Ушлаб олса, жарима солса керак, ҳатто қамаб қўйишлари ҳам мумкин, дейди ўзини Олимжон деб таништирган вахшлик йигит.

Ўтган йил ёзида Тожикистон Таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов 50 ёшдан юқори бўлган ўқитувчиларга беш сантиметрдан узун бўлмаган соқол қўйиш мумкинлиги ҳақида буйруқ имзолаганди.

Ўша ҳужжатга биноан ёш ўқитувчилар соқол қўйишга умуман ҳақсиздирлар.

Албатта иқтидордаги ҳукуматнинг бундай қарорларини кўпчилик тожикистонликлар қоралаб, расмийлар мамлакатда “Исломга қарши жанг бошлагани”нидан норозилик билдиришмоқда.

Тожикистонда сўнгги йилларда ўнлаб масжидларнинг ёпилиши, қизларнинг ҳижоби туфайли олийгоҳлардан қувилиши, тожик ёшлари чет элдаги мадрасаларда таҳсил олишининг таъқиқланиши ва ниҳоят соқоллиларнинг таъқиб этилиши кабилар бунга мисол тариқасида кўрсатилмоқда.

Бироқ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари бу иддаоларни рад этиб, мамлакат ичкарисида йўлга қўйилган бу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад жамиятда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш эканини таъкидлашади.

Тожик расмийларидаги маълумотларга кўра, ўтган йили ўтказилган ана шундай рейдларда Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Ал-Қоида, Ҳизбут-Таҳрир, Таблиғ жамоати каби ноқонуний ташкилотлар ҳамда Салафия оқимига аъзо ўнлаб шахслар қўлга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG