Линклар

Amnesty International рус мухолифатчилари тақдиридан ташвишда


31 декабр куни ҳибсга олинган "Солидарность" вакили Илья Яшин курашни давом эттириш ниятида эканини айтади.

31 декабр куни ҳибсга олинган "Солидарность" вакили Илья Яшин курашни давом эттириш ниятида эканини айтади.

2011 йилнинг 8 январ куни Amnesty International Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Москвада рухсат этилган намойиш чоғида ҳибсга олинмиш россиялик беш нафар мухолифатчини виждон тутқунлари, деб эълон қилди.

Маркази Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти 31 декабр куни ушланган беш нафар мухолифат етакчилари - Борис Немцов, Илья Яшин, Константин Косякин, Эдуард Лимонов ва Кирилл Манулинни виждон тутқунлари, деб эълон қилди.

Бу ҳақда “Эхо Москвы” эфирига берган интервюсида Amnesty International ташкилотининг Россия бўлими раҳбари Сергей Никитин маълум қилди.

- Ташкилотимиз ҳибсга олинганларни виждон тутқуни, деб ҳисоблайди ҳамда улар мамлакатда намойиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учун қўлга олинган, деб биламиз. Ташкилотимиз Россия расмийлари адолатли суд меъёрларидан воз кечган ҳолда сиёсий буюртмага айланиб бораётган қарорларни пешма-пеш чиқаришда давом этаётганидан хавотир билдиради, - деди Amnesty International ташкилотининг Россия бўлими раҳбари Сергей Никитин.

Олдинроқ AI мухолифатчилар Немцов, Косякин ва Яшинларнигина “виждон тутқуни” деб эълон қилган эди. Эдуард Лимонов ва унинг касбдоши Кирилл Манулин митингга кетаётганида қўлга олингани боис улар бу рўйхатга киритилмаган.

- Гап шундаки, бирор-бир зўравонлик ҳатти-ҳаракатларини амалга оширмаган шахсларгина “виждон тутқуни”, деб эълон қилиниши мумкин. Биз дастлаб Лимоновнинг қўлга олиниши тафсилотлари ҳақида маълумотга эга эмас эдик, - деди Сергей Никитин.

Amnesty International ташкилоти 31 декабр куни анъанавий тарзда Россия пойтахтининг Триумфальная майдонида бўлиб ўтадиган мухолифат ҳаракатларининг “Стратегия-31” номи остидаги тинчлик намойишида ўнлаб намойишчилар ноҳақ равишда ҳибсга олинганини таъкидлади.

Эслатиш жоизки, мухолифат тарафдорлари Россия Конституциясининг 31-моддасида белгиланган “эркин йиғилишлар, намойишлар, юришлар ва пикетлар уюштириш" ҳуқуқини таъминлаш талаби билан 31 кунлик ойларнинг сўнгги куни Москванинг Триумфалная майдонида йиғилиб келмоқда. “Стратегия-31” ҳаракати оммавий тус олиб, Россиянинг 70 га яқин шаҳар ва жаҳоннинг йирик пойтахтларида ҳам ўтказиб келинади.

Айни пайтда, етти кундирки, Россиянинг йирик шаҳарлари, хусусан, Москвада, мухолифатчилар ҳимоясига қаратилган якка пикетлар бўлаяпти.

Ана шундай пикетлардан бири Москва шаҳар ҳокимлиги ёнидаги Тверской майдонида 3 январдан буён узлуксиз давом этмоқда.

Якка тартибда норозилик билдириш учун ҳукуматдан рухсатнома олиш зарурати йўқлиги гапирган “Солидарность” ҳаракати аъзоси Александр Риклин бу намойишлардан кўзланган мақсад - Россияда ҳукм сураётган ноҳақликларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, деб билади.

- Албатта, бу акция Путин ўз эътиборини бизнинг муаммоларимизга қаратишига ва дўстларимизни озод қилиб юборишига қаратилган эмас. Бундай бўлмайди ҳам. Гап бу муаммога иложи борича кўпроқ одамлар эътиборини жалб қилишдадир. Ноҳақ қамалганларнинг изоляторда ўтириши мутлақо нотуғри, - деди Москва мэрияси олдида якка пикетда иштирок этаётган “Солидарность” ҳаракати аъзоси Александр Риклин.

Маълум бўлишича, 9 январ куни 31 декабрда Эдуард Лимонов билан намойишга кетаётган пайтда қўлга олинган “Другая Россия” партияси фаоли Кирилл Манулин 8 кунлик маҳбусликдан сўнг озод қилинган. 5 январ куни Илья Яшин озод қилинган эди.

Ҳозирга келиб 31 декабрда ҳибс этилганлардан Симферопол кучасидаги изоляторда Эдуард Лимонов, Константин Косякин, Борис Немцов ва Владимир Торлар қолмоқда.

Мухолифат тарафдорлари пикетларни 15 январга қадар давом эттириш ниятидалар.
XS
SM
MD
LG