Линклар

logo-print

Аризонада Конгресс вакилига суиқасд уюштирилди


Габриэл Гиффордсга қилинган ҳужум пайтида 6 киши ҳалок бўлди.

Габриэл Гиффордсга қилинган ҳужум пайтида 6 киши ҳалок бўлди.

АҚШ Конгресси вакили Габриэл Гиффордс Аризона штатида учрашув ўтказаётган пайтида қуролланган шахс томонидан ўққа тутилди. Ҳодиса чоғида 6 киши қурбон бўлди. АҚШда жамоатга қарата ўт очиш ҳоллари кўп бўлган. Аммо сиёсатчининг бу таҳлит ўққа тутилиши жуда кам учрайдиган ҳодисадир.


Габриэл Гиффордс Аризона штатининг Тусон шаҳрида ўз тарафдорлари билан учрашаётган пайтда қуролланган шахс унга орқа тарафдан ўқ узди.

Конгрессвуман жароҳатланиб йиқилгач, ҳужумчи тўпланганларга қарата палапартиш ўт оча кетди.

Натижада, 6 киши қурбон бўлди. Улар орасида 9 ёшли қизалоқ ва федерал судя ҳам бор эди.

Яна 13 киши турли даражада жароҳатланди.

Хабарларга кўра, Гиффордс бошидан ўқ еган ва ҳодисадан сўнг оғир жарроҳлик амалиётидан ўтказилган.

40 ёшли Габриэл Гиффордснинг аҳволи ҳозирга келиб оғир, деб баҳоланмоқда. Лекин унинг тирик қолишига умид бор.

Ўқ узган шахс эса қўлга олинган ва ҳозирда полиция бу ишни уюштиришга алоқадор шахсларни қидирмоқда.

Аммо дастлабки сўроқ чоғида Конгресс вакилини ўққа тутган 22 ёшли Жэред Лафнер бирор бир маълумот беришдан бош тортди.

Маҳаллий шериф Клирэнс Дупникка кўра, Лафнернинг психологик муаммолари бор, аммо, бу хусусда унда бирорта тиббий ҳужжат йўқ.

Шу пайтга қадар у интернет тармоғи орқали Аризона ҳокимияти номига кўп танқид ёғдирган. Унинг инрентедаги шахсий блогида эса Адолф Ҳитлер, Карл Маркс, Фридрих Энгелсларни хуш кўриши айтилган.

Маҳаллий шериф гумонланувчининг шахсига оид бу каби маълумотлар ҳам унинг бундай ваҳшиёна хуружига ойдинлик кирита олмаслигини, аммо, бу ерда нишон Гиффордс бўлгани аниқ эканини айтди.

Бу ҳодисадан сўнг чиқиш қилган АҚШ Президенти Барак Обама буни "миллий фожеа", деб атади.

- Бу ҳодиса жабр кўрганларнинг барчаси учун фожеадан ҳам оғирроқ кўргуликдир. Бу Аризона ва умуман, бутун мамлакатимиз учун оғир фожеадир. Америка халқи бундай фожеа чоғида қилиш лозим бўлган иш эса бирлашиши ва бир-бирини қувватлашидир,- деди АҚШ президенти.

АҚШда тинч аҳолининг ўққа тутилиши кўп, аммо, сиёсатчиларнинг бу тариқа жамоат тадбирида отилиши жуда кам учрайди.

Шу вақтга қадар АҚШ сиёсатчиларидан ташқари кўплаб хориж давтлатлари ва халқаро ташкилот вакиллари бу ҳақда ўз муносабатини билдирди.

Жумладан, Куба етакчиси Фидел Кастро АҚШ нинг Аризона штатида Конгресс вакилининг ўққа тутилганини “ваҳшиёна” жиноят, деб атади ва АҚШ ҳудудида ҳеч бир фуқаро бундай жиноят қурбони бўлмаслиги керак, деб таъкидлади.

Германия Ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле эса бу ҳодисани эшитиб “карахт” бўлганини айтар экан, ўққа тутилган конгресс вакили Габриэл Гиффордс оиласига ҳамдардлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG