Линклар

logo-print

Жанубий суданликлар шимолдан мустақил бўлмоқчи


Жанубий Судан Президенти Салва Киир референдумни анчадан бери кутилган "тарихий воқеа", дея атади.

Жанубий Судан Президенти Салва Киир референдумни анчадан бери кутилган "тарихий воқеа", дея атади.

Африканинг энг йирик мамлакати бўлган Суданда жанубнинг шимолдан ажраб чиқишини кўзда тутувчи референдум бошланди. Бир ҳафталик референдум узоқ йиллар давом этган ва икки миллионга яқин одамнинг ёстиғини қуритган фуқаролар урушига якун ясаган 2005 йилги тинчлик келишувининг шартларидан биридир.

Жанубий Суданда сайловчилар бир ҳафта давом этадиган референдумда овоз беришни бошлади. Референдум Африка қитъасининг энг йирик давлати Суданнинг жанубий қсими шимолдан ажраб чиқиши билан якуланиши башорат қилинмоқда.

Халқ сайлови 2005 йилда имзоланган ва кўп йиллик фуқаролар урушига нуқта қўйган тинчлик келишувининг бир қисми сифатида ўтказилмоқда. Бу тадбирни анчадан бери орзғиқиб кутаётган жанубий-суданликлар овоз бериш участкаларига ёпирилиб келмоқда.

Жанубий Судан Президенти Салва Киир якшанба куни биринчилардан бўлиб овоз берди.

- Бу жанубий Судан халқи анчадан бери кутган тарихий ондир. Мен бутун жанубий Судан халқини, бугун баъзи одамлар овоз бера олмаган ҳолда, сабр қилишга чақираман. Сизда бу имкониятдан фойдаланиш учун ҳали вақтингиз бор,- деди президент Киир.

Аҳолисининг аксари насронийлардан иборат бўлган жанубий Судан жаҳоннинг энг қашшоқ минтақаларидан ҳисобланади. Жанубликлар араб тилида сўзлашувчи ва аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган шимолдан мустақил бўлиш истагида. Жанубликлар ўзларининг камситиб келингани ва давлат томонидан етарли молиявий кўмак олмаганини даъво қилиб келади.

Мустақиллик масаласи референдумда 60 фоиз аҳолининг иштирок этиши ва оддий кўпчилик билан ҳал этилади. Референдум натижаларининг февралда эълон қилиниши кутилмоқда. Агар 4 миллион сайловчилар шимолдан ажраб чиқишни маъқулласа, янги Жанубий Судан давлати тузилганини эълон қилиш 9 июл кунига режалаштирилган.

Судан Президенти Умар ал-Башир агар жанубда мустақил давлат тузилса, у беқарор бўлишини таъкидлаб, сайловчиларни “йўқ”, деб овоз беришга чақирмоқда.

“Жанубда кўплаб муаммолар мавжуд. У ерда 1959 йилдан бери уруш давом этамоқда”, дея таъкидлади ал-Башир Ал-Жазира телеканалига берган интервьюсида. “Жанубнинг ўз фуқароларини таъминлаш, давлат ёки ҳукумат тузиш имконияти йўқ”, дея қўшимча қилди у.

Лекин жанубий Судан пойтахти Жубада овоз берган сайловчилар мустақиллик уларга озодлик олиб келишини айтмоқда. Сайловчилардан бири Эммануэл Кери “қул бўлишга” қарши овоз бериш учун сайлов шаҳобчасига тунда келиб олганини айтади.

- Мен бугун ухламадим. Мен соат учда келганимда, бу ерга мендан олдин, кечаси ўн иккида келганлар борлигини кўрдим. Ҳа, мен бу ерга овоз бергани келдим, ажраб чиқиш учун овоз бергани келдим. Мен ҳозир бир қулдекман, лекин бугун овоз бериб бўлгач, ҳеч қачон қулликка қайтмайман,- дейди жанубий-суданлик Кери.

Жанубликларнинг аксари саводсиз бўлгани боис, сайловчилар овоз бериш варақасига тушурилган иккита расмдан биттасини белгилаш орқали овоз бермоқда. Расмларнинг бирида тасвирланган битта қўл – мустақиллик учун овоз беришни англатади. Жанубнинг шимолдан ажрашига қарши чиқивучилар икки қўл сўаршиб тургани тасвирланган расмни белгилайди.

Референдум олдидан жанубдаги давлат бирлиги тарафдори бўлган кучлар билан тўқнашувлар рўй берди.

Таҳлилчилар шунингдек, жануб билан шимол ўртасидаги чегара ҳудудлар ва мунозарали Абийе минтақасида зўравонликлар рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Бироқ жанубдаги овоз беришни кузатаётган АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер прездент ал-Башир шимол билан жануб ўртасида чегаралар очиқ қолишини ваъда қилгани боис, референдум натижалари тинчлик билан қабул қилинишига некбин эканини баён қилди.

- Овоз беришдан кейин зўравонликлар рўй бериши эҳтимоллари жиддий тарзда камайди. Шунинг учун ҳозирда, агар мустақиллик учун овоз берилса – биз буни ҳозирча билмаймиз – шимолда ҳам, жанубда ҳам референдум натижалари тинч равишда қабул қилиниши борасида муроса бор,- деди Картер.

Картер билан Жубадаги овоз беришни кузатаётган БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан ҳам шимол билан жанубнинг бир-биридан хунрезликсиз ажралишига имконият йўқ эмас, дея таъкидлади.

- Биз билан гаплашган одамларнинг кўпчилиги низо ва урушни истамасликларини айтишди. Улар урушлардан тўйган ва чарчаган. Ва биз ижобий натижаларни кутишимиз ва уларни бунга рағбатлантиришимиз лозим. Уруш ва низолар ягона йўл эмас. Тарихда халқлар ўртасидаги душманлик абадий давом этиши муқаррар эмаслиги ва ашаддий душманлар ўзаро тинчликка эришганини биламиз ва бугун дунёнинг турли минтақалари одамлар тотув яшамоқда. Суданда ҳам шундай бўлиши мумкин ва бўлиши шарт,- деди Кофи Аннан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG