Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Рашт туманида ҳукумат кучларига қарши бош кўтарган, кейинчалик эса махсус амалиёт чоғида ўлдирилган Али Бедакий ва яна етти жанггари жасади ўликхонадан ғойиб бўлди.

Мухолифатнинг собиқ қўмондонларидан бири Олим Одиловнинг сўзларига кўра, ҳукумат кучлари томонидан нобул қилинган жанггарилар жасадлари 5 январдан 6 январга ўтар кечаси йўқолган.

- Рости гап, ўлдирилганларнинг жасадлари қандай йўқолгани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Марҳумларнинг қариндошлари жавоб излаб милиция ва маҳаллий ҳукуматга мурожаат қилишди. У ерда ҳам уларга аниқ жавоб беришмади. Агар Душанбега олиб кетишган бўлса, ҳаммага маълум бўларди. Чунки туман кичкина жой, ким нима қилганлигидан ҳамма хабар топади. Аниқ расмий маълумот ҳам йўқ, - дейди Олим Одилов.

Маълум бўлишича, 8 январ куни ўлдирилганларнинг қариндошлари туман касалхонасига келиб, яқинлари жасадларини олиб кетмоқчи бўлишган. Бироқ касалхона бош врачи “экспертиза ўтказилиши керак, эртага келинглар, жасадларни олиб кетасизлар”, дея жавоб берган.

Эртасига қариндошлар яна касалхонага келишади. Лекин касалхона мутасаддилари марҳумларнинг жасадлари йўқолганини ва уларни ким олиб кетганлигидан бехабар эканликларини айтишади.

Олим Одиловнинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли вакилларидан айримлари 8 январ куни кечаси касалхонага Урал русумли автомашина келганлигини кўришган ва жасадлар шу машинага солиб олиб кетилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 4 январ куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат шарқида ҳукумат кучларига қарши бош кўтарган мухолифат собиқ лидерларидан бири Аловиддин Давлатов (лақаби Али Бедакий) ва унинг яна етти жанггариси ўлдирилганлиги ҳақида маълумот тарқатган эди.

- Рунобдаги ҳарбий амалиётлар давомида саккиз нафар жанггари йўқ қилинди. Улар орасида Али Бедакий ҳам бор эди. Шунингдек, яна бир жанггари қўлга олинди. Бироқ тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қўлга олинган номи ошкор қилинмайди, - деганди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги вакили Муҳаммад Назриев.

Бироқ гувоҳларнинг таъкидлашларича, 4 январ куни Тожикистон давлат телевидениеси орқали Рунобдаги амалиёт натижалари намойиш қилинганда ўлдирилган жанггарилар жасади орасида Али Бедакий жасади кўрсатилмаган.

Тожикистон шарқи Рашт водийсида мулло Абдулло ва Али Бедакий бошлиқ ноқонуний қуролланган гуруҳга қарши ҳукумат кучларининг амалиёти 2010 йил сентябрида бошлаб юборилган эди. Бунга Тожикистон Мудофаа вазирлигининг 28 аскари Камароб дарасида номаълум шахслар томонидан ҳужумга учраб, ҳалок бўлганлиги туртки бўлган эди.

Ўшанда тўрт мингдан ортиқ аскар бу минтақага зудлик билан сафарбар қилинди. Натижада Рашт водийсининг бир неча қишлоқларида, жумладан, Камаробда қақшатқич амалиётлар бошланди.

Расмийларнинг билдиришича, айни кунларда Рашт водийсида амалиётлар поёнига етган ва ҳукумат кучларини бу водийдан олиб чиқариш тадбири бошлаб юборилган. Бироқ маҳаллий аҳоли вакиллари ҳукумат кучларининг Рашт водийсидан ҳеч қаерга чиқарилмаганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG