Линклар

Москвада муҳожирларга қарши "облава"лар авж олди


31 декабр куни махсус кучлар рус бўлмаганларни Янги йил томошалари ўтказилган марказга ўтказмасликка уринган.

31 декабр куни махсус кучлар рус бўлмаганларни Янги йил томошалари ўтказилган марказга ўтказмасликка уринган.

Россия Федерал миграция хизмати янги 2011 йилнинг биринчи ҳафтаси давомида Москвада 200 зиёд ноқонуний меҳнат муҳожирининг қўлга олинганини хабар қилди. Янги тартибга мувофиқ¸ миграция хизмати ходимлари эндиликда Москва кўчаларию метро бекатлари атрофида ҳам навбатчилик қилади.

Россия пойтахтида янги йилнинг биринчи кунлари давомида Москва Миграция хизмати томонидан олиб борилган кенг кўламли текширувлар натижасида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб 200 зиёд муҳожир қўлга олинган.

Москва Миграция хизмати матбуот котиби Залина Корнилова Интерфакс агентлигига берган баёнотида янги йилдан бошлаб миграция хизмати ноқонуний миграция қарши курашишнинг янги усулларини қўллаётганини маълум қилди.

- Эндиликда ходимларимиз нафақат маълум объект ва уй-жой секторлари, балки янги йилдан бошлаб Москва кўчалари ва аҳоли зич жойлашган жойларда ҳам навбатчилик қилишга киришди, дейди Залина Корнилова.

Миграция хизмати расмийсига кўра, хизмат ходимлари шаҳар кўчалари, майдонлари ва метро бекатларидан чиқиш жойларда тўқ-қизил рангдаги жилеткаларда текшириш ишларини олиб бормоқда. Улар эътиборининг¸ биринчи навбатда¸ “бекор юрган хорижликларга” қаратилгани айтилмоқда.

Бундай текширувлар натижасида¸ расмийларга кўра¸ ФМХ ходимлари биргина “Царицыно” саноат зонасида юрган 40 нафар ноқонуний меҳнат муҳожирини аниқлаган.

Москвада шифокорлик қилаётган Моҳигул куни-кеча Россия пойтахтининг Жоме масжиди жойлашган “Проспект Мира” метро бекати яқинида ҳам мигрантларга қарши “облава”лар уюштирилгани ва амалиёт давомида 200га яқин одам қўлга олинганини айтади.

- Байрам кунлари ҳаммамиз уйда ўтирдик. Мен ҳам ишга келмадим “Бор-е!”, деб. Қизларимиз кечанинг ўзида "Проспект Мира"да 200 одамни ушлаб, уларни бир қисмини штраф, қолганини депорт қилибди, деяпти. Ҳамма миграция хизматлари томонидан шу кунларда 800 одам ушланибди. Улар асосан Ўзбекистондан, Тожикистондан экан, дейди андижонлик Моҳигул.

Москвада таксичилик қилиб кун кечираётган ўшлик Асрорбек эса¸ Москвада сўнгги кунларда милиция ходимларининг ҳам фаоллашгани ва бу ҳолат чўнтакка катта зиён келтираётганини гапиради.

- Мен ўзи справкалар билан, регистрация билан юрибман. Регистрациям тугаган куни, кеча уч ойдан бери бирор марта ҳам тўсмаган милиция эшигимнинг тагидаги ушлади-да! Пул билан “разводит” эттимку... Кейин кечки пайт қайтиб келаётсам иккита мент подъездимни тагида турибдида! Яхшиям мен мошинада эдим, унчалик эътибор бермади. Кеча болларимиз чиққан эди кўчага, улар ҳам ҳечам ушланмаган “тап” этиб ушланиб ўтирибди... Улар ҳам пул бериб чиқишди. 800 рубл бердикда икковимиз. Бездокумент тушганлар 1000 бериб чиқяпти, дейди Асрорбек.

Москвадаги қандолатчилик цехларидан бирида ишлаётган Муножот опанинг Озодликка айтишича, Миграция ва милиция ходимлари Москвада жойлашган йирик ва майда корхоналарда оммавий равишда текширув ўтказмоқда.

- Илгари кўчама-кўча юрган миграция ходимлари биз томондаги ишхоналарни босиб, документлари йўқлари пул бериб чиқишди-да. Мени ҳужжатларимку жойида. Лекин ФМСлар квартираларни босибди, бизникига кирмадику, Худога шукур. Ишхонамизнинг ёнида “АПАП” деган магазинда без документ ишлаётган қирғизларни директори пул бериб олиб қолибди. Бир ўртоғимнинг келини келувди, уни ҳам ушлаб ФМСга олиб кетган эди. У қиз энди кетиб қолди, дейди Муножот опа.

Айни пайтда, айрим кузатувчилар Москвада мигрантларга қарши бошланган амалиётлар билан миллатчиларнинг "Манежная" майдонидаги чиқишлари ўртасида алоқадорлик борлигини таъкидламоқда.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Москва Федерал Миграция хизмати ва маҳаллий милиция бўлинмалари томонидан янги йил кунлари олиб борилаётган “тозалаш” амалиётлари рус миллатига мансуб бўлмаган шахсларга қарши қаратилганлигидан хавотир билдирди. Ташкилотнинг махсус баёнотида айтилишича, Янги йил кечаси Москва марказига ҳужжат текшириш баҳонасида рус бўлмаганлар деярли киритилмаган.

Amnesty International Янги йил куни пойтахт марказида милиция томонидан ушланганлар сони “бир неча ўндан юзтагача” бўлганлиги¸ ҳамда уларнинг асосан марказий осиёлик ва кавказлик эканлигини эътироф қилди.

Россия Мигрантлари федерацияси президенти Муҳаммад Амин Мажумдор Озодлик билан суҳбатда ФМХ ва милиция ходимлари олиб бораётган амалиётларнинг “этник тозалаш”га ўхшаб кетаётганини гапиради.

- Бу сўзсиз буюртма асосида қилинаяпти! Ҳукуматимиз иммигрантларни камситиш орқали сунъий равишда “мигрантофобия”ни кучайтирмоқда. Уларга бу режаларни амалга оширишда турли тақирбошлар, неонацистлар, миллатчилар кўмаклашмоқда, дейди жаноб Муҳаммад Амин.

Россия Мигрантлари ташкилоти раҳбари даъвосича, бугунги кунда Москвадаги Қизил Майдонда кавказлик ёки марказий осиёлик пайдо бўлишининг ўзи уларнинг ҳаётлари учун хавфли бўлиб қолган. “Бугунги эркин, демократик жамиятнинг аҳволи мана шу!”, дея киноя билан давом этади Муҳаммад Амин Мажумдор.

- Аслини олганда, ноқонуний миграция ФМХнинг муҳожирга ҳужжат расмийлаштиришидан бошланмоқда. Нима учун улар бозорларда шундай текширувларни олиб бормаяпти? Чунки бозордан улар миллиардлаб ноқонуний даромад олади. Қозон вокзали ёки Домодедово аэропортида қалбаки ҳужжатларни сотиб ўтирган болакайлар ҳақида Миграция хизматининг хабари йўқ, деб ўйлайсизми? Бу ташкилот бошдан оёқ коррупциялашган тузилма! Натижада эса барча таёқ муҳожирнинг бошида синмоқда, дейди Россия Мигрантлари федерацияси президенти Муҳаммад Амин Мажумдор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG