Линклар

logo-print

Ўз диний эътиқоди учун таъқибга учраб¸ Қочқинлар бўйича БМТ Олий комиссарлигининг Олмаота ваколатхонасида қочқинлик изловчи шахс сифатида қайддан ўтган ўзбекистонликлардан зўрлик билан тилхат олиш амалиëти давом этмоқда.


Аввалига ҳибс этилиб¸ сўнра озод қилинган ўзбекистонлик қочқинлардан бири Абдуллоҳнинг Озодликка айтишича, унинг ўзи “рўйхатда туриш муддатим тугаши билан Ўзбекистонга қайтиб кетаман” мазмунидаги тилхатга руҳий босимлар остида имзо қўйишга мажбурланган.

Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган 29 қочқиндан ташқари яна ўнлаб Қозоғситонда юрган ўзбекистонликлар айни босим остидадир.

Шаҳардаги бирор уйга беркиниб олиб, ойлар давомида кўчага чиқмай яшаётган диндор ўзбек оилалари кўп, дейди Абдуллоҳ.

- Миграцияга регистрацияга боргандим. Паспортга регистрация қўйиб бериши керак эди. Ўша ердан МВДга олиб кетишди. Подвалга олиб тушишди. Ўша ерда бироз бақир-чақир бўлди.

Озодлик: Қанақа бақир-чақир бўлди?

- Подвалда қанақа бақир-чақир бўлса, шунақа бўлдида.

Озодлик: Калтаклашдими?

- Жуда у даражага боргани йўғу бола-чақа бор эди, ëзишга мажбур бўлдимда. Менга шунақа тушунтиришдики, ҳозир шу нарсани ëзмасам, шу ердан чиқмайман, олиб қолишади. Шунақа тушунтиришдида менга.

Озодлик: Мазмуни қанақа эди? Нима деб ëздингиз?

- Иккита ëздиришди. Унақа ҳолатга тушмаганманда мен. Биринчи марта бунақа ҳолатга тушишим. Ўзлари диктоват қилишаяпти. Мен ўзим ëзаëтганим йўқ. “Ҳозирги пайтда қайтиб боришга менга ва бола-чақамга хавф бор. Мен боролмайман. Қозоғистонда бекинмасдан регистрация қилдириб юрибман. УВКБ ООНга документ топширганман қочқинлик ҳақида” деган қоғоз ëздиришди. Ëзиб бўлганимдан кейин яна битта қоғоз беришди. “Бунга нима деб ëзай?” десам, биринчисининг тепасига Ўзбекистондаги адресларим, қачон, нима ëздиришди, аризанинг тепасига шапкачасини ëзишадию, иккинчисига “шапка ëзмайсан, бу ëғидан ëзгин” дейишди. “Нима ëзай?” десам, “Сен ëзавергин. Биз айтиб турамиз” дейишди. Кейин айтишни бошлашди. Уларнинг айтаëтгани менга умуман тўғри келмади. Мен “Буни ëза олмайман” деб айтдим.

Озодлик: Нима деб айтишди улар?

- Иккинчисига биринчисига ëзганимнинг умуман тескарисини ëздиришди. “Мен Ўзбекистонга қайтиб кетаман. Ўзбекистонга бориб ҳал қиламан” деб ëздиришди менга. “Бу нарсани ëза олмайман. Бола-чақам бор менинг” десам, “Йўқ, сен ëзасан мана шу нарсани” дейишди. Хуллас¸ морално давление бўлди. Ўша ердан шу нарсани ëзиб чиқиб кетиш керак эди. Бола-чақа борлиги учун мана шу нарсани ëздим.

Озодлик: Чиқиб кетиб нима қилаяпсиз?

- Ўтирибман уйга кириб олиб¸ кўчага ҳам чиқмасдан. Мендаги ҳолат битта ҳолат. Расман регистрацияси бор болаларни ҳам мендан кейин олиб кириб мана шунга ўхшаган қоғозга қўл қўйдиришди. Уларники умуман бошқача бўлибди. Улардан “Нима бўлди?” деб сўрасам, “Олиб киришди. Компютердан битта қоғозни чиқаришди. Мана бунга қўл қўйгин” дейишди. “Нима қоғоз?” десам, “Ўзбекистонга ўз хоҳишим билан қайтиб кетаман¸ деб ëзилган қоғоз экан. Қўл қўйишга мажбур эдим” дейишди.

Озодлик: Агар қўл қўймаса, чиқишмас эди?

- Милицияларда резултат деган нарса бор. Тепадан буйруқ келади, булар тиқади. Регистрация борми, бирор-бир динга мансубмисиз ëки йўқми фарқи йўқ. Бу нарса умуман ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ўзбекистонда насроний динини қабул қилиб бу ëққа келаëтганлар ҳам шундай ҳолатга учрамоқда. Мана шу икки-уч ой ичида Афғонистон фуқаролари бор эди. Бир хиллари уч йил, бир хиллари тўрт йил, бир хиллари бир ой бўлган. 45 та оила Қозоғистондан учинчи давлатга чиқарилди. Бир ой бўлганлари ҳам чиқарилди. Лекин Ўзбекистондан келган қочқинларни диний масалада бўладими, сиëсий бўладими, насроний динига мансуб бўладими Ўзбекистондан қочиб чиққан Ўзбекистон фуқароларини тўхтатиб қўйишди.

Озодлик: Нимага?

- Сабабини билмаймиз. Департаментга, миграционнийга мурожаат қилганмиз. Оддий ишчилари бир хил пайтда жаҳл устида гапириб юборади. Ўзбекистон бу масалада Қозоғистон билан музокара ўтказганми, буйруқ бўлганми ëки илтимос бўлганми тўхтатилган. Америкадан, Европадан баъзир бирларига билетларигача келган. Билети бор одамлар ҳам чиқиб кета олмаяпти.

Озодлик: Шаҳардаги битта квартирада бола-чақа қолди. Қандай тирикчилик қилаяпсизлар?

- (кулиб) Жуда яхши саволларни берасизларда.

Озодлик: Биз энди журналистмиз. Сизни мен тушунаман.

- Энди Оллоҳ ризқимизни бериб турибди.

Озодлик: Нечта болангиз бор?

- Тўртта.

Озодлик: Айтмоқчимнаки, ишлай олмаяпсизлар, иш топа олмаяпсизлар, фақат бекинибгина ўтирибсизлар-а?

- Бу ерда ишлаш тугул, кўчага чиқсангиз, биринчи кўрган милиция олиб кетади.

Озодлик: Қандай еб-ичаяпсизлар?

- Қизил ярим ой жамияти пул ажратаяпти. Ўшани бир амаллаб етказишга ҳаракат қилаяпмиз, лекин уй пулларини тўлай олмаяпмиз. Квартира снимат қилиш пул бўладию. Пул рўзғорга ишлаяптилаяпти. Ортиқча газга, светга тўлай олмаяпмиз. Ишқилиб, уйнинг эгалари қиш куни чиқариб юбормаса бўлди кўчага, дейди Абдуллоҳ.

Эслатамиз, ҳозир Олмаота ҳибсхоналарида 29 қочқин экстрадиция хавфи остида қолмоқда.

Яқинларининг экстрадиция ҳақидаги суд ҳукми устидан киритган шикоят аризалари қондирилмади.

Шу кунгача Олмали туман суди Олмаота ҳибсхоналарида қолаётган қочқинлардан 24 тасининг шикоят аризасини рад этди.

Олмаотадаги икки ҳибсхонада сақланаётган 29 ўзбек қочқини шу йилнинг 9-11 июн кунлари ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қўлга олинган. Ўтган ярим йил мобайнида Қозоғистонда ушланган ўзбек қочқинларидан тўртта нафари (уларнинг бири қирғизистонлик, яна бири тожикистонлик) Ўзбекистонга бериб юборилган.

Ҳибсда сақланаётганлар Ўзбекистонда таъқиқланган диний-экстремистик оқимларга мансублик ва конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ҳамда қасддан қотиллик қилганликда гумон қилинмоқда.

Аммо ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг ўзлари ҳеч қандай диний оқимга мансуб эмасликларини ва ўзларининг айбсиз эканларини айтиб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG