Линклар

logo-print

Бахтиёр Фаттоҳов: Қирғизистон жанубидаги расмийлар жавобгарликка тортилиши керак


Бахтиёр Фаттоҳов Қирғизистонда июн воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган мустақил комиссия "Ўш воқеаларини ўзбеклар бошламаган", деган хулосага келганини айтади.

Бахтиёр Фаттоҳов Қирғизистонда июн воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган мустақил комиссия "Ўш воқеаларини ўзбеклар бошламаган", деган хулосага келганини айтади.

Ўш воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган Қирғизистон мустақил миллий комиссияси 11 январ куни ўз хулосасини эълон қилди. Озодлик мазкур комиссия раисининг ўринбосари, таниқли давлат арбоби Бахтиёр Фаттоҳов билан суҳбатлашди.

Олти ой мобайнида фаолият юритган комиссиянинг айрим аъзолари, жумладан, унинг раиси ҳам бундан аввалроқ "Ўш қирғинини ўзбеклар бошлаган", деган иддао билан чиққан эдилар. Аммо, 11 январ куни очиқланган комиссия хулосасида айтилишича, Ўш қирғини номаълум шахслар томонидан ўзбеклар ўлдирила бошлангач, юзага келган ва ўзбек лидерлари автономия талаб қилгани ҳақидаги гаплар ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди.

Озодлик: Бахтиёр ака, мана миллий комиссия ўз фаолиятини якунлади ва Ўш қирғини юзасидан ўз хулосасини ҳукуматга тақдим этди. Хулоса қандай бўлди?

Бахтиёр Фаттоҳов: Хулоса мазмунини икки оғиз гап билан айтиб бўлмайди. Биз аввало тарихга мурожаат қилдик. 1990 йилги Ўш воқеаларини эсладик, унинг келиб чиқиши сабаблари, бу воқеадан тегишли хулосалар чиқарилмаганлиги ва қандай хатоларга йўл қўйилгани ҳақида гапирдик. Шундан сўнг “2010 йилги воқеа қачон ва нимадан бошланди?” деган саволга жавоб изладик. Ўш воқеасини бошлаган, уюштирган одамлар борлиги ҳақида ёзилди.

Тилакка қарши, маҳаллий ҳокимиятнинг кўпчилик вакиллари криминал билан қўшилиб кетиб, криминал манфаатлари учун хизмат қила бошлади ва миллатлараро муносабатлардаги муаммолар шу йўлда фойдаланилди.

Иккинчидан, Ўш Қирғизистон жанубида жойлашган ва Афғонистонда етиштириладиган банг моддаларининг тўртдан бир қисми Ўш орқали ўтказилар экан. Наркотрафикдан катта фойда топаётган криминал тузилмалар ҳам мазкур вазиятдан фойдаланишди.

Учинчидан, реванш олиш мақсадида аввалги президентнинг тарафдорлари Ўш воқеаларида қатнашишди. Можародан бу одамлар бойлик орттириш, пул йиғиш мақсадида фойдаланишди.

Очиғини айтишимиз керак, ўзбек-қирғиз миллати ўртасидаги совуқчилик Ақаев даврида Қодиржон Ботировнинг Бакиевга рақиб сифатида ўз номзодини депутатликка қўйишидан бошланган. Апрел-май ойларида Жалолободда содир бўлган воқеалар сиёсий ҳодисагина бўлмасдан, миллатлараро муносабатларни совуқлашишига ҳам хизмат қилди.

Шундан сўнг 10 июн куни кечаси Ўш шаҳрининг “Олой” меҳмонхонаси олдида қонли воқеалар бошланиб кетди. Мен 11 июндан бошлаб Ўш шаҳри коменданти муовини бўлиб ишладим. Шунинг учун воқеаларни яхши биламан.

Кўпчилик гувоҳларнинг айтишича, ўша куни Ўш шаҳрида номаълум одамлар қора “Жип”ларда келиб, ўзбек ёшларини ота бошлаган. Бу воқеа жанжалнинг бошланишига сабаб бўлди.

Миллатлараро муносабатлардаги совуқлик давлат томонидан миллий сиёсатнинг етарли даражада олиб борилмагани, охирги 20 йилда ҳуқуқ-тартибот ва давлат тузилмаларида ўзбеклар сонининг қисқариб кетганлиги сабабли келиб чиққан.

Бундан ташқари, тарихан қирғиз халқи чорвачилик билан, ўзбеклар эса деҳқончилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган. Бозор иқтисодига ўтилгач, бу пропорция бузилган. Ҳасад қилиш бошланган. Мусулмончиликда айтилади-ку “Ҳасад қилмаслик керак, ҳаракат қилиш керак” деб.

Озодлик: Бахтиёр ака, “Ўш воқеасининг бошланишига учта сабаб аниқланди”, деб айтиб ўтдингиз. Булар маҳаллий ҳокимият ва криминалнинг бирлашуви, наркотрафик ва реваншистик кучлар. Сиз маҳаллий ҳокмият деганда кимларни назарда тутдингиз?

Бахтиёр Фаттоҳов: Энг аввало, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарларини назарда тутдик. Уларга нисбатан тергов ўтказиш лозим, ҳуқуқ-тартибот идораларини яхшилаб элакдан ўтказиш зарур. Куч органларига ўзбек ва бошқа миллат вакилларини киритмасак, ўзбек ёшлари қирғиз армияси сафига чақирилмаса, вазият ўнгланмайди. Мономиллатли тузилмалар доимо норозиликка сабаб бўлади.

Озодлик: Комиссия хулосасида Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовнинг, ҳукуматдаги айрим шахсларнинг жавобгарчилиги масаласи ҳам кўтарилганми? Чунки Ўш мэри Мелис Мирзақматов июн воқеасининг асосий айбдорларидан бири, деган нуқтаи-назар ҳам мавжуд.

Бахтиёр Фаттоҳов: Албатта, биз бир қатор шахсларни жавобгарликка тортиш лозимлиги ҳақида президентга, ҳукуматга ва парламентга таклифларни киритдик.

Озодлик: Кимлар улар?

Бахтиёр Фаттоҳов: Биз уларнинг эгаллаб турган лавозимларини кўрсатиб ўтдик. Куч органларини бошқариб турган ўртоқлар, Жалолобод ва Ўш вилояти ҳокимлари, Жалолобод ва Ўш шаҳарлари мэрлари ҳамда Бозорқўрғон, Қорасув туманлари ҳокимларини жавобгарликка тортиш тўғрисида аниқ ёздик.

Озодлик: Бахтиёр ака, сиз комиссия хулосасининг барча бандларига қўшилганим йўқ, ўз эътирозларимни билдирдим, деб айтиб ўтдингиз. Бу эътирозлар нималардан иборат?

Бахтиёр Фаттоҳов: Мен бир қоғозга бу эътирозларимни ёзиб топширдим. Менинг фикримча, 2010 йилдаги Ўш воқеалари 1990 йилги сценарий асос қилиб олинган ҳолда уюштирилган. Бундан ташқари, комиссия миллатлараро муносабатларни янада совуқлаштирмаслик учун жавобгарларни фақат бир миллат ичидан қидирмаслиги керак. Айбдорлар ким эканини фақат суд ҳал қилиши лозим. Айбдор шахслар конкрет аталиши керак, бир миллатни гуноҳкор қилиб қўймаслигимиз керак.

Жуда кўп одамлар куч органларидаги бир ёқламаликка, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига катта эътироз билдиришаяпти. Мен буларнинг барчаси текширилишини ва уларнинг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини талаб қилаяпман. Бу давлатнинг масъулиятидир.

Жуда кўп одамлар айбсиз судланмоқдалар. Ноҳақ судланганлар иши қайтадан кўриб чиқилиши керак. Бу иш билан бош прокуратура ҳам шуғулланиши керак. Асосий талабларим мана шулар.

Бундан ташқари, давлат сиёсати қайта кўриб чиқилиши керак. Мен Ўш шаҳар комендантига муовин бўлиб ишлаб турганимда менга қирғиз ва ўзбек оқсоқоллари жуда катта ёрдам беришди. Масжидларда биз икки миллат оқсоқоллари бошларини қовуштира олдик. Бироқ ёшлар ўртасида яра жуда катта. Бу ярани осонлик билан тузатиб бўлмайди. Уни тузатиш учун ҳукумат кескин чораларни кўриши керак. Қирғизистон келажагини ўзбеклар қирғизлар билан биргаликда қуриши керак.

Озодлик: Бир қатор сиёсатчилар, жумладан, миллий комиссиянинг айрим аъзолари ҳам ўзбек лидерлари Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловларни Ўш қирғинида айблаб келадилар. Масалан, бу одамлар автономия талаб қилишган, деган гаплар бор. Миллий комиссия хулосасида бу борада нима дейилади?

Бахтиёр Фаттоҳов: Биз комиссия хулосасида бу саволга аниқ жавоб бердик - ўзбек лидерлари томонидан автономия масаласи кўтарилган эмас. Ҳукумат раҳбарлари ҳам бу борадаги саволларимизга аниқ жавоб қайтаришди - бундай масала бўлган эмас! Бу сўз кейинчалик четдан киритилди. Комиссия раиси Абдуғани Эркебаев ҳам: “ўзбеклар автономия талаб қилгани ҳақидаги гаплар тасдиқланмади”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу гап қирғизни ўзбекка қарши қўймоқчи бўлган қора кучларнинг ўйлаб топган гаплари.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG