Линклар

Тожик синоптиклари қурғоқчиликдан огоҳлантирмоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази масъуллари жорий йилда Тожикистон ва дарёлар қуйида жойлашган давлатлар қурғоқчиликка юз тутиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Тожикистон Об-ҳавони кузатиш маркази расмийси Жамила Байдуллоеванинг Озодликка маълум қилишича, ҳар йил январ ойининг аввалги ўн кунлигида республиканинг тоғли ҳудудларда 60 сантиметр, баъзи жойларда ҳатто бир метргача қор ёққани қайдга олинган.

- Ўтган йили куз мавсуми ва декабр ойи ҳамда бу йил январнинг ёғингарчиликсиз келиши оқибатида ҳозир тоғли ҳудудларда қор баландлиги атиги 5 сантиметрни ташкил қилади. Агар бу жараён шу тахлит давом этаверса, феврал ойи учун прогнозларимиз ўзини оқламаса, у ҳолда баҳор ва ёзда республикамизда қурғоқчилик бўлиши табиий. Биз эса бу ҳолатдан жуда ташвишдамиз, - деди Об-ҳавони кузатиш маркази масъули Жамила Байдуллоева.

Об-ҳавонинг қуруқ келиши ва қиш бошидан буён Тожикистонда умуман қор ёғмаётгани тожикистонлик деҳқонларни ҳам ташвишлантириб қўйгани сезилади.

- Ерларимизга буғдой экканимизга мана икки ой бўлди. Ҳозиргача ерлар кўкаргани йўқ. Ёғингарчилик бўлмагандан кейин кўкармайди-да. Билмасак, бу ёғи нима бўлади... Ташвиш бўлаяпти, чунки биз деҳқонларнинг ейиш-ичишимиз шу ернинг ҳисобидан, - дейди Ҳисор туманида яшовчи Мавлуда ая.

Аснода тожикистонлик синоптик Жамила Байдуллоева об-ҳавонинг қуруқ келиши ўз-ўзидан Тожикистонга қўшни давлатлар қишлоқ хўжалигига ҳам салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини айтади.

- Минтақа сув заҳираларининг 60 фоизидан ортиқроғи Тожикистон тоғларидаги сув манбаидандир. Яъни тоғларимизда қор кўп бўлса, баҳорда қорлар эриши билан дарёларимиз ҳам тўлиб тошади. Демак, ўтган йил кузи ва бу йил қишида тоғларимиз қор кўрмас экан, нафақат қурғоқчилик бўлиши, балки дарёларда сув оқими ҳам кескин камайиб кетиши мумкин. Табиийки, бу жараён қўшниларимизнинг сувдан қийналиб қолишига туртки беради. Дарёларимиз сувидан ўз экин ерларини суғориб келаётган қўшни давлатлар ҳам биз қатори сув тақчиллигидан қийналиб қолиши мумкин, - дейди республика Об-ҳавони кузатиш маркази расмийси Байдуллоева хоним.

Жамила Байдуллоевадаги маълумотларга кўра, ўтган йиллар иқлим ўзгариши оқибатида Тожикистондаги кичик музликлар эриб, йўқ бўлган. Суҳбатдошимиз йилнинг ана шундай ёғингарчиликсиз келиши оқибатида минтақа сув заҳираларининг асосий манбаи деб қаралаётган Тожикистондаги катта музликлар ҳам фожеага юз тутиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Тожикистонлик иқтисодчи, мустақил кузатувчи Давлат Усмон фикрича, бу қурғоқчиликдан жорий йилда кўпроқ Ўзбекистон иқтисодий зарар кўриши мумкин.

- Об-ҳавони кузатиш маркази масъуллари башорат қилаётган бу йилги қурғоқчиликда кўпроқ Ўзбекситон ва қисман Туркманистон қийналиб қолиши мумкин. Негаки, Ўзбекистон ўтган йиллар экин майдонларини, хусусан, пахтачилик соҳасини кенгайтириб юборди. Дарёларимизда сув оқими кескин камаяр экан, энг аввало, Ўзбекистоннинг ана шу экин ерлари сувсиз қолади. Ўзбекистон ва Туркманистонда сунъий кўллар яратилгани билан, ёғингарчилик бўлмаса, экин ерларни қутқаришга уриниш ортидан ўша кўллар ҳам қуриб кетиши мумкин. Бу эса дарёлар қуйисидаги бу мамлакатлар иқтисодиёти учун ўта хавфлидир, - дейди Давлат Усмон.

Таҳлилчи Тожикистон учун йилнинг ёмғиру қорсиз келиши деҳқонлар ҳаётини қийинлаштириши ва бозорларда буғдой, ун ва ун маҳсулотларига нархларнинг бир неча баравар ошиб кетишига сабаб бўлишини айтди.

- Республикада етиштириладиган буғдойнинг жуда катта қисми сувсиз ерларда, яъни кўпроқ тоғли ҳудудлардаги майдонларда етиштирилади. Агар бу йил баҳорда ёғингарчилик бўлса, қиш зарарлари қопланиши мумкин. Бироқ бордию циклон алмашиниши ортидан баҳор ҳам ёғингарчиликсиз келса, у ҳолда бу йил деҳқонлар кутган ҳосилни ололмаслиги, пировардида бозорларда нархлар бир неча бараварга ошиб кетиши мумкин, дейди иқтисодчи-таҳлилчи Давлат Усмон.
XS
SM
MD
LG