Линклар

"Ўзбекистонда фан олимпиадаларидаги ўринлар ҳам сотилмоқда!"

  • Барно Анвар

Олий ўқув юртига кирувчиларнигина эмас¸ олимпиада ғолибларини ҳам қатнашчиларнинг ота-оналари чўнтаги белгиламоқда¸ дейди сурхонлик талаба.

Олий ўқув юртига кирувчиларнигина эмас¸ олимпиада ғолибларини ҳам қатнашчиларнинг ота-оналари чўнтаги белгиламоқда¸ дейди сурхонлик талаба.

"Ўзбекистонда билимли ëшларнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолган¸ иқтидорли ëшлар мусобақаси бўлиши лозим фан олимпиадаларида туман бўйича биринчилик¸ масалан бизнинг районда100 минг сўмга сотилмоқда"¸ дейди деновлик талаба Абдулла.

Бош олиб кетаман кунчиқар юртга...

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла яқинда фанлар олимпиадасида қатнашгани, аммо билими бўла туриб ўрин қозона олмаганини адолатсизлик, деб билишини айтди.

Унга кўра, республикада юқори ўринни олганлар имтиёзли равишда олий ўқув юртларига ўқишга кириши мумкинлиги боис¸ фанлар олимпиадасида ўрин қозониш ҳам пора эвазига бўлади.

- 6 январ куни фан олимпиадаси бўлган эди Деновнинг ўзида. Тарих фанидан борган эдим. Айтган вазифаларини бажардим. Баллимни умуман тушириб ташлаб ўрин бермади менга ўша ердаги ўқитувчилар. Сабаби ўтган йил вилоятга чиққан эдим. Вилоят олимпиадасига чиққанимда, ноҳақлик бўлганда¸ жанжал қилган эдим. Бир қиз ҳеч нарсани ишламаган, лекин пул эвазига биринчи ўринни олган. Ўша пайтда биринчи ўрин 300 мингдан эди. Бу йил туманники 100 минг экан. Билимим бор, лекин чиқармаяпти.

Озодлик: Билимим бор¸ деб одам ўзига ишониши мумкин, лекин синовга тушганда балки билимингиз етарли бўлмагандир.

- Ўша кун ўзимга ишонган эдим. Ҳамма билган саволларим тушаяпти. Лекин баллимни тушириб ташлаб, умуман чиқармаяпти. Фан олимпиадаси ҳар йили бўлади. Бунинг фойдаси республикада 1-2-3 ўринни олганлар имтиëз билан олий ўқув юртига кириб кетади. Шунинг учун ҳар йил талаш бўлади. Ҳамма томон пул бўлиб кетган лекин. Агар ҳал бўлмайдиган бўлса, бу ердан умуман кетмоқчиман Японияга.

Озодлик: Қандай қилиб кетмоқчисиз?

- Ўзим умуман кетмоқчиман. Шу ëқда ўқимоқчиман. Барибир имконият йўқда бу ерда. Ўзбекистонда ўқишнинг иложи йўқ. Ўқиганингиз билан фойдаси йўқ, дейди Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан қўнғироқ қилган Абдулла.

Газ йўқ¸ кўмир қиммат...


Самарқанд вилояти Ургут тумани, Жоғнон маҳалласидан телефон қилган яна бир суҳбатдошимиз эса гарчи бир неча йиллардан бери айтилавериб, одамларнинг меъдасига урган бўлса-да, шу кунларда халқни жонидан тўйғизаётган муаммо, дея газ-свет масаласини тилга олди.

У кишининг сўзларига қараганда, шу кунларда Ургутда бир юк машинасида келадиган шох-шабба 300 –350 минг сўм туради, 1 тонна кўмир эса 250-220 минг сўм туради.

- Бир машина ўтин 300-350 минг. Одамларда ишлашга иш йўқ. Ҳамма бекор.

Озодлик: Қанақа ўтин у?

- Бозорда сотиладиган шох-шабба ўтинларда.

Озодлик: Далада дарахт қолдими ўзи?

- Дарахтларни ҳам кесаяпти. Нима қилсин одамлар?

Озодлик: Кўмирчи, кўмир ëқмаяпсизларми?

- Кўмир олишга пул йўқку.

Озодлик: Кўмирнинг килоси қанча?

- Тоннаси 220 мингми қанча дейдида.

Озодлик: Битта қишдан чиқишингизга бир тонна етадими?

- Етмайдию, ўшани олишга пул йўқда. Пул йўқ¸ қисқаси. Айтдимку, ишлашга иш йўқ, қаердан пул келади? Одамлар ҳозир ноилож мардикорликка чиқаяпти.

Озодлик: Демак, фақат ўтин ëқаяпсизлар.

- Ўтин, бошқа илож йўқ. Газ йўқ. Бунинг устига пенсиям почтадан келса, иккита қоровул. Газчи билан светчи. Ëнмаган газга ва светга пул олаяпти.

Озодлик: “Мана газ йўқ, свет йўқ. Кўринглар” деб бермасликка уриниб кўрсангиз нима бўлади?

- “Бизлардан сўраяпти. Бизларга буйруқ” дейди. Газ, свет йўқ. Нима қилишимиз керак ҳайронман. Бош қотиб қолган, дейди Самарқанд вилояти Ургут тумани, Жоғнон маҳалласидан телефон қилган суҳбатдошимиз.


Россияда кўп топадиган ўзбеклар ҳам бор¸ лекин...

Озодликка Россиядан боғланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бугунги кунда бу давлатда юрган муҳожирларнинг ҳаммасида ҳам аҳвол оғир эмаслиги, қўлида гулдек ҳунари бўлган муҳожирлар яхшигина даромад топаётгани ҳақида сўзлаб берди.

28 ёшли бу суҳбатдошимининг ўзи этикдўз экан ва ойида 500 АҚШ долларидан 1000 АҚШ долларига қадар пул топар экан.

- Мен бу ерда калит ясайман, обув ремонт қиламан. Этикдўзми шунақа.

Озодлик: Қанча топасиз бир кунда?

- Энди сезон бўлган вақтлар кўпроқ топаман. Ойига 1000 долларгача, 1000 доллардан кўпроқ топаман.

Озодлик: Сезон қачон бўлади?

- Сентябр, октярб, ноябр.

Озодлик: Қишга тайëргарлик. Кейин баҳорда ëзга тайëргарлик.

- Ҳа.

Озодлик: Сезон бўлмаган пайтда қанча топасиз?

- Ҳозир клиентни жўнатай.

(суҳбатдошимиз шу ерда ўз мижозини кузатиб юборди)

Озодлик: Мижоз қанча қолдирди?

- 170 сўм.

Озодлик: Нимасини ремонт қилиб бердингиз?

- Ҳалиги каблук бору, ўшанга нағал қоқиб бердим.

Озодлик: Шунақа катта пул олинадими бунга?

- Ҳа.

Озодлик: Неча доллар бўлади бу?

- 6 доллар.

Озодлик: Ишингиз яхши эканда.

- Яхшию, ўзига яраша азоблари ҳам бор.

Озодлик: Қанақа?

- Ўзингизнинг ватанингизда эмассиз. Ўзингизнинг ватанингизда ўзингизни ҳимояда сезасиз. Бу ерда ўзингизни озгина ҳимоясиз ҳис қиласиз.

Озодлик: Муаммо фақат шуми?

- Нима десам экан, мен муаммоларни деб қўлимни йиғиштириб турмайман. Қанақадир ҳаракат қилиш керак. Мен бир кунда эмас¸ бир ойлигимни айтай. Жуда бўлмаганда 500 доллар топаман ойига, дейди Россиядан боғланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.


"Собир Раҳимов фашизмга қарши курашган қаҳрамон!"

Ўзбекистонлик сиёсий қочқин Улуғбек Бакиров генерал Собир Раҳимовнинг ҳайкали олиб танланиши муносабати билан Озодликда ҳозирланган баҳсга ўз муносабатини билдирди.

Унинг фикрича, қандай бўлишидан қатъий назар тарих ўчирилмаслиги лозим.

- Генерал Собир Раҳимов ҳақида гапирмоқчи эдим. Собир Раҳимов иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашган буюк генераллардан бири. Балки Темур Хўжа жаноблари айтганидай Ўзбекистоннинг мустақиллиги ëки ўзбек халқи манфаатлари учун курашган миллий генерал ҳисобланмаса-да, иккинчи жаҳон уруши пайтида инсониятнинг бошига катта хавф солиб турган фашизмга қарши курашган жанговар, улуғ генерал Собир Раҳимов деб биламиз.

Озодлик: Бугунги кунда бундай муносабат бўлаëтганига қандай фикрдасиз? Нимага Собир Раҳимов ҳайкали кўчирилди, унинг номидаги туман ўзгартирилди?

- Энди бу Ўзбекистонда Каримов давридаги мафкуравий, сиëсий- идеологик ишларга боғлиқ. Бу ҳозир совет давридаги қаҳрамонлар ҳайкалларининг у ëқдан бу ëққа сургун қилиниши, менимча, бу нотўғри нарса. Нима бўлганда ҳам ўша даврда босиб ўтган йўлимиз. Бир пайтлар Амир Темурни ҳам ва бошқа буюк инсонларни ҳам қоралашиб, ҳар хил сургунлар қилишиб, қандай бўлдими шундай қолиши керак эди, дейди ўзбекистонлик сиёсий қочқин Улуғбек Бакиров.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG