Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Хитой ва АҚШ ўзаро ҳарбий ҳамкорликни қайта тиклади


Пентагон раҳбари Пекин раҳбари билан.
Пентагон раҳбари Пекин раҳбари билан.

АҚШ ва Хитой ҳарбий соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида келишувга эришди. Айни пайтда¸ АҚШ Мудофаа вазирининг Пекинга қилган ташрифи икки қудратли давлат ҳарбийлари ўртасидаги ишончсизликка чек қўя олмади.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Пекинга ташрифи чоғида АҚШ ва Хитой ўртасида ҳарбий соҳада юзага келган кескинликни юмшатишга ҳаракат қилмоқда.

АҚШ маъмурияти Хитой раҳбари Ху Цзинтаонинг келаси ҳафта Вашингтонга қиладиган ташрифидан олдин ҳарбий соҳадаги муносабатларни яхшилашни устувор мақсад қилиб белгилаган.

Бир йил олдин АҚШ Тайван билан кўп миллиард долларлик ҳарбий шартнома имзолаганидан сўнг¸ Тайван Хитойнинг ажралмас қисми эканини иддао қилиб келаётган Пекин расмийлари Қўшма Штатлар билан ҳарбий алоқаларни тўхтатган эди.

11 январ куни Пентагон раҳбари билан учрашган Ху Цзинтао унинг ташрифи томонлар ўртасида “бир-бирини тушуниш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга” ёрдам беришига умид билдирди.

АҚШ Мудофаа вазири 10 январ куни хитойлик ҳамкасби Лианг Гуангли билан музокара олиб борди. Сўзлашувидан кейин терроризм ва қароқчилигига қарши кураш, табиий офатлар пайтида ўзаро ҳамкорлик масалаларни муҳокама қиладиган қатор ишчи гуруҳлар тузилиши эълон қилинди.

Бироқ учрашувда атом энергияси, ракета ҳужумидан мудофаа, фазо тадқиқотлари, кибер(нетик)-қуроллар каби соҳаларда ҳамкорлик ҳақидаги АҚШнинг таклифи маъқулланмади. Аммо бу таклифлар ўрганиб чиқилиши айтилди холос.

Айни пайтда¸ АҚШ Мудофаа вазири хатоликлар олдини олиш учун икки давлат ҳарбийлари ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланиши кераклиги таъкидлади.

- Биз англашилмовчилик, тушунмовчилик ва ҳисобда хатоликларга йўл қўйилиши эҳтимолини камайтириш учун икки давлат ҳарбийлари ўртасида мустаҳкам, барқарор ва сиёсий ўзгаришларга мойил бўлмаган алоқалар ўрнатиши керак¸ деган қатъий ишончдамиз, деди АҚШ Мудофаа вазири.

Матбуот анжуманида Хитой Мудофаа вазири айтган гаплар Пекин расмийларининг АҚШ га нисбатан ишончсизлиги анча чуқур эканини кўрсатди.

- Хитой АҚШнинг Тайванга қуроллар сотиши борасида қатъий ва аниқ позицияга эга: биз бунга қатъиян қаршимиз. АҚШнинг Тайванга қуроллар етказиб бериши Хитойнинг туб манфаатларини таҳлика остига қўяди. Биз бундай ҳолат қайтарилишини хоҳламаймиз, деди Лианг Гуангли.

2007 йилдан бери Хитойга биринчи марта ташриф буюрган АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг чоршанба куни Хитойнинг ядровий қуроллари ва ракета арсеналлари бошқарув марказига бориши кутилмоқда.

12 январ куни кечқурун Роберт Гейтс Хитойдан Японияга жўнаб кетади. 14 январ куни АҚШ Мудофаа вазирининг Жанубий Кореяда Сеул расмийлари билан Шимолий Корея билан юзага келган бўҳрон масаласини муҳокама қилиши режаланган.

11 январ куни Роберт Гейтс Шимолий Корея Қўшма Штатлар учун тўғридан-тўғри таҳликага айланиб бораётганини айтиб¸ Пхенян беш йил ичида қитъалараро учадиган ракеталар ишлаб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Айни пайтда¸ Пентагон раҳбари Пхенян расмийлари қўшни давлатлар билан қайта музокаралар бошлаш истагида эканини жиддий амаллар билан исботлаши кераклигини таъкидлади.

Хитой Шимолий Кореяни ҳам дипломатик¸ ҳам иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаётган ягона давлатдир.
XS
SM
MD
LG