Линклар

АҚШ Вице президенти Жозеф Байден ўз мамлакатининг Афғонистон олдидаги мажбуриятлари 2014 йилда АҚШ етакчилигидаги коалиция хавфсизлик масъулиятини афғон қўшинларига топшириши билан тугамаслигини баён қилди.

- Биз 2014 йилда Афғонистонни тарк этмаймиз. Афғонистон қўшинларига хавфсизлик масъулиятини тўлалигича топширишга умид қиляпмиз. Лекин сиз бизнинг кетишимизни истамасангиз, биз кетмаймиз. Биз сиз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз ва бу давлатларимизнинг ўзаро манфаатидадир, деди Байден.

Афғонистонга сафарининг иккинчи кунида Байден президент Ҳамид Карзай билан учрашиб, хавфсизлик масъулияти маҳаллий қўшинларга топширилгандан кейин ҳам афғон кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва бошқа соҳалардаги кўмак давом этажагини урғулади.

Байден Афғонистонга эълон қилинмаган ташриф билан душанба куни келди. Ташрифдан мақсад жорий йил июлида АҚШ қўшинларини олиб чиқишни бошлашдан аввал хавфсизлик масъулиятини босқичма-босқич маҳаллий кучларга топшириш жараёни билан танишишдан иборат.

У сафарининг биринчи кунида Афғонистондаги халқаро кучлар қўмондони генерал Дэвид Петреус ва АҚШ элчиси Кард Айкенберри билан учрашди.
XS
SM
MD
LG