Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:52

Байден Кобулга сафари чоғида Карзайни юпатди


Байден Карзайнинг ишончли ҳамор эканига шубҳа билдириб, уни танқид қилган эди.
Байден Карзайнинг ишончли ҳамор эканига шубҳа билдириб, уни танқид қилган эди.

Афғонистонга сафар қилаётган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден афғон кучлари 2014 йилгача хавфсизлик масъулиятини ўзи зиммасига олишга тайёр бўлмаса, Америка қўшинлари мамлакатда қолажагани таъкидлади.


Афғонистон ва Покистонга сафари доирасида Кобулда ўтказган учрашувлар чоғида АҚШ вице-президенти Жозеф Байден "афғонистонликлар истаса", Вашингтон 2014 йилдан кейин ҳам бу мамлакатни тарк этмаслигини баён қилди.

Вашингтон, деди Байден, Афғонистонда ўз “ҳукмронлигини” ўрнатиш эмас, АҚШ ва хорижий кучлар хавфсизлик масъулиятини маҳаллий кучларга топширишни режалаштираётган 2014 йилдан кейин ҳам ёрдам кўрсатиш ниятидадир.

Байден бу фикрларни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашувдан кейин ўтказилган қўшма матубуот анжуманида айтди.

- Биз 2014 йилда Афғонистонни тарк этмаймиз. Афғонистон қўшинларига хавфсизлик масъулиятини тўлалигича топширишга умид қиляпмиз. Лекин сиз бизнинг кетишимизни истамасангиз, биз кетмаймиз. Биз сиз билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз ва бу давлатларимизнинг ўзаро манфаатидадир, деди Байден.

Ҳозирда Афғонистондаги 150 минг хорижий қўшинннинг 100 мингини АҚШ кучлари ташкил қилади. Президент Барак Обама декабрда эълон қилган уруш стратегиясига кўра, Қўшма Штатлар режаланганидек, июл ойида ўз қўшинларини олиб чиқа бошлайди. Бу режалар НАТО илгари сураётган 2014 йилгача бутун мамлакатдаги хавфсизлик масъулиятини Афғонистон кучларига топшириш стратегиясининг бир қисмидир.

Байден Афғонистонга вице-президент сифатида биринчи марта сафар қилмоқда.

У ўтмишда президент Карзайнинг ҳамкор сифатида лаёқатлилигини шубҳа остига олиб, уни ҳукумат ичидаги коррупция муаммосини ҳал этиш борасида тегишли чора кўрмаганликда очиқчасига танқид қилиб келган.

Ўз навбатида Кобул раҳбари ҳам ўтган йили Вашингтонни Афғонистон ички ишларига аралашганликда айблади ва ҳатто Толибонга қўшилиш билан таҳдид қилди.

2009 йилнинг январ ойидаги учрашувда ўзаро мунозарага киришган расмийлар сешанба кунги учрашувларига юқори баҳо беришди.

Байден ҳатто Карзайни Вашингтон афғон ҳукуматининг ҳар бир қадамини назорат қилиш ниятида эмас, дея ишонтирди. Афғонлар ўз сиёсий институтларини яратишга қодирдир, дея қўшимча қилди у.

“Биз ҳукмронлик қилиш, ёхуд давлат тузиш ниятида эмасмиз. Бу афғон халқининг масъулиятидир ва улар бунга тўлалигича қодидир”, деди АҚШ вице-президенти.

2010 йил АҚШ етакчилигидаги коалиция Толибон режимини ағдарганидан кейин бошланган ўн йиллик уруш давридаги энг оғир йил бўлди. АҚШ кучлари мамлакат жанубидаги толибларнинг истеҳкоми ҳисобланган Қандаҳор вилоятида жиддий ютуқларга эришганини иддао қилган бўлса-да, Толибон ҳаракати бу вилоятнинг катта қисмини назорат қилиши айтилади.

Обаманинг декабр ойида эълон қилган урушга оид ҳисоботида “ҳарбий амалиётларда жиддий ютуқларга” эришилгани ва мамлакатнинг аксар қисмида Толибон ҳаракати назорати сусайгани қайд этилган эди.

Байден ҳам сешанба куни бу фикрларни такрорлади ва айни пайтда вазият барқарор эмаслиги ва ўзгариши мумкинлигини қайд этди.

- Ҳарбийларимиз жанггарилар ва Толибоннинг радикаллашган элементларига қарши жиддий ютуқларга эришди. Дипломатларимиз президент билан биргаликда минтақавий ҳамкорлик, жумладан қўшни Покистон билан ҳамкорликни ривожлантириш устида қаттиқ иш олиб бормоқда, деди Байден.

АҚШ вице-президенти Кобулдан Исломободга йўл олди. У ерда Байден Покистон ҳукумати ва ҳарбий етакчилари билан музокаралар олиб боришни режалаштирган.
XS
SM
MD
LG