Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:59

Равшан Эрматов: Ўзбекистон жамоасини финалда кўришни истаймиз


Равшан Эрматов футбол майдонида.
Равшан Эрматов футбол майдонида.

Ўз ёрдамчилари Рафаэл Илёсов ва Абдуҳамидилло Расулов билан Қатардаги Осиё чемпионатида ҳакамлик қилаëтган Равшан Эрматов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон миллий жамоасининг чоршанба куни "ўзбек халқига байрам совға қилишига" умид билдирди.

Озодлик: Равшан ака, ассалому алейкум. Кайфиятларингиз қандай?

- Ҳа, Худога шукур, ҳаммаси яхши. Кеча ўйинни ўтказиб олдик.

Озодлик: Эрон ва Ироқ ўйинига ҳакамлик қилиш қандай ўтди?

- Яхши ҳар доимгидек. Футбол қонун-қоидаларига асаосланган ҳолда ўтди.

Озодлик: Футбол майдонида қандайдир босим сезилмадими? Эрон ва Ироқ давлатлари ўртасида сиёсий вазият йиллар давомида совуқ бўлиб келган-ку.

- Энди биз политик эмасмиз, биз спортчимиз. Сиёсатни спортга аралаштирмаймиз. Спортнинг, футболнинг ўз қонун-қоидалари бор. Шунга асосланган ҳолда бошқараверамиз ўйинни. Сиёсат бошқа нарса, спорт бошқа нарса демоқчиман-да. Футболчиларни ўзида ҳам бир-бирига ғаразгўйликни сезганим йўқ. Жуда яхши, бир-бирини ҳурмат қилган холда футбол ўйнашди.

Озодлик: Равшан ака, бугун Ўзбекистон терма командаси қувайтликлар билан билан футбол майдонига тушади. Ўзбекистонлик футболчиларнинг мана шу ўйиндаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Ўзбекистон қанчалик яхши шаклланган жамоа эканлигини, яхши тажрибага эга эканлигини олдинги ўйинда кўрсатди. Мен ўйлайманки, худди ўша олдинги ўйиндаги ўйинни яна бир маротаба такрорлашади. Бугун яна бир марта халқимизга байрам совға қилишади, деган умиддаман

Озодлик: Дейлик, Ўзбекистон бугун Қувайтни ютса, олдинда яна бир кучли рақиб Хитой жамоаси турибди. Хитой жамоасига Ўзбекистон жамоаси бас кела оладими?

- Албатта. Агар Хитой жамоасини ўйинини кўрган бўлсангиз, биз бу ерда кўрдик, таҳлил қилдик. Хитой жамоасининг Ўзбекистон жамоасидан кучли тарафларини кўрганим йўқ. Худо хоҳласа, Хитой жамоаси билан бўлган ўйинда ҳам бизнинг жамоамиз яхши натижага эришишига ишончимиз комил, Худо хохласа.

Озодлик: Сиз билан жаҳон чемпионатидан сўнг суҳбат қурган эдик. Орадан олти ойча вақт ўтди. Ҳаётингизда қандай ўзгаришлар бўлди?

- Фаолиятимизда ўзгаришлар бўлгани йўқ. Ўша ишни қилаяпмиз, ўзимиз яхши кўрган иш билан шуғулланаяпмиз. Энди жаҳон чемпионатига чиқдик, деб бўшашиш йўқ. Нимага деганда, ўзингиз кўриб турибсиз, катта-катта мусобақалар олдимизда турибди. Ҳар битта мусобақада ҳар бир одам, ҳар бир футбол мухлиси биздан фақат юқори савиядаги ишни кутиб туради. Шунинг учун бизнинг бўшашишга ҳаққимиз йўқ. Интилишда, янада ҳам яхшироқ ҳакамлик қилиш бўйича машғулотлар олиб бораяпмиз. Энди ҳаётимга келсак, эшитдингизларми-йўқми, яқинда фарзандли бўлдим, ота бўлдим. Бу ҳам катта масъулият-да. Ота бўлиш, фарзандларни вояга етказиш, тарбия бериш, шунақа нарсаларни ҳам ҳозир ҳис қилаяпман. Мана шунақа ўзгаришлар бор. Исмларини Билол ва Ясмина, деб қўйдим.

Озодлик: Табриклаймиз. Яна футболга кўчсак. Ўзбекистон финалга чиққани яхшими ёки сиз финал ўйинига ҳакамлик қилганингиз яхшими?

- Футболда доим биринчи ўринда футболчилар туриши керак, ҳакамлар эмас. Ҳакамлар ўйинчиларга хизмат кўрсатадиган одамлар. Биз яхши сервис кўрсатишимиз керак. Бутун мухлислар биринчи ўринда жамоанинг ютишини хохлайди. Биз ҳам шундай - ватанимиз жамоасини финалда кўришни хоҳлаймиз. Нега деганда, Ўзбекистон футболни яхши кўрадиган мамлакат. Ўша куни Қатарни ютганидан кейин қанча мухлислар, қанча дўстларимиз хатлар ёзиб, телефонлашиб хурсанд қилди. Мана шундай хурсандчилик давом этса, бу фақат нур устига нур бўлади. Мен ўйлайманки, финал ўйинида Ўзбекистон миллий терма жамоамизни кўрсак, биз учун бу катта бахт.

Озодлик: Раҳмат сизга, Равшан ака.

- Сизларга ҳам соғлик-саломатлик тилайман
XS
SM
MD
LG