Линклар

Миллатчиларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди


11 январ куни Москва милицияси Манежная майдонида " ҳар эҳтимолга қарши" 10 кишини қўлга олган.

11 январ куни Москва милицияси Манежная майдонида " ҳар эҳтимолга қарши" 10 кишини қўлга олган.

11 январ куни Москва шаҳри Манежная майдонида ўтказилиши мўлжалланган миллатчиларнинг навбатдаги оммавий чиқиши амалга ошмади. Кремл ёнидаги майдонда “Рус миллий ғояси”ни қўллаб-қувватлагани бирорта одам келмади.

Ултрасўл миллатчилар томонидан Москванинг Манежная майдонида ўтган чоршанба кунининг кечки cоат 19:00 га режалаштирилган ва Интернет тармоғи орқали кенг ташвиқот қилинган “оммавий норозилик намойиши” шармандаларча амалга ошмай қолди.

Интернет фазосида рус миллатчилари томонидан 11 декабр воқеаларидан кейин тузилган “11 декабр ҳаракати” виртуал ташкилотлигича қолди ва Россияда миллатчи-тақирбош ташкилотларини ягона ҳаракатга бирлаштириш ғояси пучга чиқди.

Интернетда тарқалган маълумотларга кўра, “11 декабр ҳаракати” маҳаллий “Спартак” футбол жамоасининг фанати Егор Свиридов ўлдирилишидан кейин ўтган йилнинг 11 декабр куни рус миллатчи ёшларининг рус бўлмаганларга қарши қаратилган оммавий норозилик чиқишлари хотирасига бағишланиб тузилган. Бу акция давомида 29 киши жароҳат олган эди.

Кузатувчилар айрим сўл ҳаракатларни 11 декабр воқеаларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиши мумкинлигидан огоҳлантиргандилар.

Мазкур воқеалардан кейин Интернетда 11 декабр миллатчиларнинг доимий йиғиладиган кунига айланиши ҳақида маълумотлар тарқала борди.

Виртуал миллатчиларнинг “миллий инқилоб” уюштириш, “разил ҳокимиятни ағдариш” ва “барча гастарбайтерларни мамлакатдан қувиб чиқариш” даъватлари янграй бошлади.

Афтидан, миллатчиларнинг бу шиорлари остида қилган даъвати фақат милициячилар ва журналистларни қизиқтирган, холос.

Россияда миллатчилик ғоялари ва даъватлари билан ном қозонган ҳамда 11 декабр воқеалари ташкилотчиларидан бири “Славянская сила” миллатчилик ҳаракати етакчиси Дмитрий Дёмушкин акция бошланишидан олдин бўлган Озодлик билан суҳбатда 11 январга мўлжалланган ҳаракат ташкилотчиларини танқид қилганди.

- Бу намойишни “Спартак”нинг оддий ишқибозлари ташкил қилган. Улар безори фанатлар эмас, оддий уюшма. Улар бироз сиёсатдан бехабар эканликларини ҳам намойиш этишга улгурди. Масалан, сўл миллатчи ҳеч қачон “Славян иттифоқи” ва миллатчи болшевикларнинг рамзларини бир плакатга ёпиштирмайди. Намойишчилар бирор аниқ режага ҳам эга эмас, билишимча.

Лекин мен бу намойишга қарши эмасман ва албатта шахсан кузатиб бораман. Умуман олганда, мен бу ҳаракатни цирк намойишига айлантирилишига қаршиман. Бу бизнинг ҳаракатимизга салбий таъсир ўтказади, - деди “Славянская сила” миллатчилик ҳаракати раҳбари Дмитрий Дёмушкин.

Дёмушкиндан ташқари Манежная майдонида “Рус қиёфаси” ташкилоти бошлиғи Алексей Михайлов ва Ноқонуний Иммиграцияга Қарши Ҳаракат – ДПНИ раҳбарияти аъзоси Владимир Торлар кўринди.

“Коммерсант” газетасининг маълумотига кўра, милиция ходимлари томонидан 11 январ куни Манежнаяда элликка яқин одам ҳибсга олиниб, кейинчалик қўйиб юборилган.

Лекин расман 10 нафар ушланган шахс ҳақида хабар берган Москва ИИБси ахборот бошқармаси раҳбари Виктор Бирюков тафсилотларга тўхталишдан бош тортди.

Миллатчиларнинг амалга ошмасдан қолган бу чиқишига ўз муносабатини Россия мухолифати ҳам билдирди. Озодликнинг рус хизматига берган интервьюсида “Солидарность” ҳаракати раҳбарларидан бири Илья Яшин ҳар бир россиялик тинчлик йўли билан ўз фикрини ифода этишга ҳақли эканини айтди. Унинг фикрича, намойишларнинг модага айланиши биринчи навбатда мухолифат олиб бораётган “Стратегия-31” ҳаракатининг ютуқлари билан боғлиқ.

- “Стратегия-31” бугунги кунга келиб энг муваффақиятли мухолифат лойиҳаси бўлиб чиқди. Бу ҳаракат ҳокимиятни бефарқ қолдирмаганлиги Россиядаги турли сиёсий ҳаракат ва йўналишларни ҳам шу йўлдан боришдан ундамоқда. Миллатчиларнинг намойишларига келсак, энг муҳими бу намойишлар оммавий тартибсизлик ва муштлашувларга айланиб кетмаслигида. Одамлар ноқонуний бўлмаган талаблар билан намойишга чиқсалар бунинг қўрқадиган жойи йўқ. Аммо ирқий ва миллий мансублик юзасидан бошқаларни йўқ қилишга даъват этишга мутлақо йўл қўймаслик керак, - деди “Солидарность” ҳаракати раҳбарларидан бири Илья Яшин.

Айни пайтда айрим оммавий ахборот воситаларида 11 январ куни Москванинг жануби-ғарбидаги Черемушки мавзесида 30 нафар асосан қирғизистонлик фуқаролар қўлга олингани хабар қилинди. Уларнинг шаҳарда милиция ва Миграция хизмати томонидан ноқонуний текширишлар авж олганига қарши руҳсат этилмаган намойишда иштирок этганликлари учун қўлга олингани тўғрисидаги хабар пойтахтнинг бирорта расмий муассасасида тасдиқланмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG