Линклар

Порахўр ҳокимларга қарши кураш "кучайди" - Фориш ҳокими ҳибсга олинди

  • Барно Анвар

Ўзбекистонлик мулозимлар бош вазирнинг ўз мақсадлари йўлида, ҳатто, қариндошларига раҳм қилмаслигидан сўзлайдилар.

Ўзбекистонлик мулозимлар бош вазирнинг ўз мақсадлари йўлида, ҳатто, қариндошларига раҳм қилмаслигидан сўзлайдилар.

Жиззах вилояти, Фориш туман ҳокими 3000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган кезда МХХ томонидан ҳибсга олинди¸ деб хабар йўллади Озодликка форишликлардан бири. Озодлик суриштируви давомида ҳокимнинг ишдан олингани тасдиқланди¸ аммо кўп тафсилотлар мавҳумлигича қолди.

Форишдан Озодликка боғланган норасмий манбанинг хабар қилишича, туман ҳокими Эшбек Муҳаммадиев бир ҳафта муқаддам тумандаги хусусий савдо фирмаларидан бири раҳбаридан 3000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган кезда Миллий хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бошқармаси махсус гуруҳи томонидан ҳибсга олинган.

Ушбу манба¸ ҳибсга олиш жараëнининг махсус уюштирилган амалиёт бўлганини тахмин қилиши, аммо буни тасдиқловчи бирор маълумоти йўқлигини айтди.

Ўз исми айтилишидан чўчиган мазкур манбага кўра¸ ҳоким шу кунларда Жиззах вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ҳибсхонасида сақланмоқда.

Бу хабар ортидан биз Фориш тумани ҳокимлигига боғландик.

Ҳокимиятнинг Озодлик суҳбатда бўлган уч ходими бу хабарни инкор қилмади ва айни дамда ҳануз ишга қайтмаган ҳоким ҳақида маълумот олиш учун Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасига боғланишимизни тавсия қилди.

Бу идоралардан ҳозирча маълумот олишга муваффақ бўлмадик.

Аммо Жиззах вилоятидаги ҳуқуқ фаоли Мамиржон Азимовнинг Озодликка айтишича, Эшбек Муҳамадиев Ички ишлар бошқармасида ишлаб юрган кезида вилоятда яхшигина танилган амалдор бўлган.

Уни машҳур қилган жиҳатлардан бири эса¸ унинг халқ билан ўта қўпол муомаласи ва сўконғичлиги бўлган.

Мамиржон Азимов ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеани сўзлаб берди.

- 2009-2010 йилларда Жиззах туманида Жиззах вилоятидан бекитилган вакил эди. Бу одам жуда қўпол муомалали, фермерларга нисбатан жуда кўплаб тазйиқ ўтказган, ҳақоратлайдиган одам эдида. Мен йиғилишга 5 минут кечикиб борган эдим. Кейин мени ҳақоратлаб нима қилди. “Мана фермернинг аҳволи. Кўринглар. Нимага кечикиб юрибсиз?” деди. Кейин мен “Сиз кеча айтган вақтингизда келмадингиз. Биз кутиб-кутиб қайтиб кетдик. Мана бугун мен 5 минут кечикканимга нима қилаяпсиз. Раҳбар олдин ўзига, ундан кейин фермерларга баҳо бериши керак” дедим. У одам “Бор жойингга тур” деб кескин жавоб берган эди сенсираб, дейди Мамиржон Азимов.

Ўзбекистонда ҳокимият тизимлари ишловчилар¸ хусусан ҳокимларнинг порахўрлиги ҳақида нафақат оддий халқ¸ балки президент Каримовнинг ўзи ҳам бот-бот гапириб келади. Шундай бўлса-да¸ ҳар гал бирор катта лавозим эгаси¸ айниқса амалдаги ҳоким пора билан қўлга олинса¸ халқ орасида порахўр ҳоким фақат бу эмаску¸ бунинг қўлга олиниши ортида бошқа бир гап бор-ов¸ деган шубҳалар тарқайди.

Фориш ҳокими билан боғлиқ хабар ҳам¸ кўпчилик томонидан ана шундай кутиб олинмоқда.

Боз устига¸ Эшбек Муҳамадиевнинг ҳозирда Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг укаси Мухтор Мирзиёев қудаси экани айтилмоқда.

Шу боис¸ қариндошлари ҳукуматнинг энг юқори поғоналаларига бориб тақаладиган ҳокимнинг 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан ҳибсга олиниши ортида нима турибди, деган савол туғилади.

Бу - президент Каримов Самарқанд вилоятидаги нутқида айтган каби амалдорлар порахўрлигига қарши жиддий кураш бораётгани исботими ёки баъзи мустақил манбалар сўнгги пайтларда таъкидлаëтган каби ҳокимиятдаги кланлар ичида тахт учун бошланган ички курашми?

Бу саволга Жиззахдаги вазиятдан келиб чиқиб муносабатини билдирган Мамиржон Азимов, биринчи тахминда жон бор¸ деган фикрда. Амалдорларни пора учун қамаш сиёсати 2010 йилнинг бошларидан бошланган ва бу сиёсат энг юқоридан тушган буйруқ асосида, режали равишда олиб борилмоқда¸ дейди собиқ фермер ва ҳуқуқ фаоли.

- Биласизми, бу 2010 йилда тўлиқ бошланди. Жиззах вилоятида кўплаб ички ишлар ходимлари, асосан солиқ ходимлари кўпроқ қўлга олинаяпти. Умуман раҳбарият ходимларининг кўплари қўлга олинаяпти Миллий хавфсизлик томонидан. Пора билан қўлга туширишяпти. 2010 йилда менинг ўзимнинг гувоҳ бўлиб санаганларим 8 та солиқ ходимини биламан.

Менимча, юқоридан қандайдир топшириқ бўлган. Раҳбарларни тартибга олиш, маълум бир нимада бюджетни тўлдириш¸ деб ҳам ўйлайман. Уларни пора билан қўлга олгандан кейин қандайдир катта жарималар қўйилади уларга нисбатан. Ундан кейин яна уларга нисбатан чора кўрилади, дейди суҳбатдош.

Мамиржон Азимовга кўра, ўтган йилнинг май ойида Жиззах тумани ҳокими Зиядин Саидов ҳам порахўрликда айбланиб 5¸5 йилга қамалган¸ аммо амнистия билан озодликка чиқарилган.

Ҳуқуқ фаоли ҳибсга олинган амалдорларнинг деярли ҳаммаси порахўрликда айбланаётганини алоҳида эътироф этар экан, аслида пора олмаган раҳбарнинг ўзи бўлмаган бу структурада танланган одамларгина бугунги сиёсат қурбонига айланаётганини ҳам таъкидлайди.

Жиззах вилоятидаги вазиятдан яхши хабардор ва узоқ вақтлар давлат бошқаруви тизимида юқори лавозимларда ишлаган собиқ мулозимнинг овозни микрофонга ёзиб олмаслигимиз шарти билан Озодликка айтишича¸ иккинчи тахминда асос кўпроқ - шу кунларда кланлар ўртасида ҳокимият учун ички курашнинг шиддати анча ошган.

Бу кланлардан бири¸ ушбу суҳбатдошимизнинг айтишича¸ Бош вазир Шавкат Мирзиёев етакчилигидаги гуруҳ, яна бири эса Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов етакчилигидаги гуруҳдир.

“Булар ўртасида ҳаёт ва мамот кураши бормоқда, ҳаёт ва мамот кураши”, дея алоҳида таъкидлар экан бу собиқ мулозим¸ вазият президент Каримовнинг назоратидан четда экани, давлат раҳбарининг кланлар орасида тортишувларни назоратида ушлаб тура олмай қолгани ҳақида учинчи тахминга оид маълумотлар оқимини мутлақо инкор қилди.

“Бу структуралар ичида бундай курашлар ҳамиша бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ҳозир курашнинг авжига чиққанига сабаб Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат қишлоқ хўжалигини сал бўлса-да, олдинга силжита олгани, деб ўйлайман”, дер экан бу суҳбатдошимиз шу каби ютуқларга номи боғланаётган Мирзиёевнинг алқаниши-ю, бунинг ортидан сиёсий гуруҳлар ўртасидаги муносабатларнинг таҳликали тус олаётгани ҳам президент Каримовнинг тўлиқ назорати остида турган жараён, деб ишонишини қўшимча қилди.

Суҳбатдошимиз шунингдек¸ Ўзбекистон ҳукуматидаги сиёсий гуруҳларнинг қурбонига айланаётган амалдорлардан бири – Фориш туман ҳокимининг Бош вазир Шавкат Мирзиёев укасига қуда экани Иноятов етакчилигидаги кланнинг Бош вазирга қарши курашдаги ютуғи нишонаси ҳам эмас, деб ҳисоблайди.

“Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг бир неча яқин қариндошлари қамоққа ташланганидан хабарим бор ва у бу кураш йўлида ўз яқинларини аяб ўтиргани йўқ. Ҳали айтдимку сизга, бу ерда ҳар доимгидек ҳаёт-мамот кураши бормоқда”, дейди собиқ мулозим Озодлик билан суҳбатда хулоса ўрнида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG