Линклар

Тожикистон Хитойга ер бергани норозилик уйғотмоқда


Айрим депутатлар қаршилигига қарамай, 12 январ куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакиллари “Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида давлат чегарасиниинг демаркацияси ва делимитацияси тўғрисида”ги протоколни ратификация қилдилар.

Айрим депутатлар қаршилигига қарамай, 12 январ куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакиллари “Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида давлат чегарасиниинг демаркацияси ва делимитацияси тўғрисида”ги протоколни ратификация қилдилар.

Тожикистон томони баҳсли ҳудудининг уч фоизини Хитойга бериб юборгани мамлакат парламентидаги мухолиф қарашдаги айрим депутатларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шунга қарамай, бу борадаги протокол парламент қуйи палатаси томонидан ратификация қилинди.

Тожикистон ўз ҳудудининг уч фоиз майдони ёки тахминан бир минг бир юз ўн икки квадрат километр ерини Хитойга бергани ҳақида 12 январ куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий парламент депутатларига маълум қилди ва буни “тожик дипломатиясининг ютуғи” ўлароқ баҳолади.

- ”Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида давлат чегарасиниинг демаркацияси ва делимитацияси тўғрисида”ги протокол имзоланганидан кейин баҳсли ҳудуднинг уч фоизи, яъни бир минг квадрт километрдан ортиқроқ ер Хитойга берилди. Мен буни Тожикистон дипломатияси эришган ютуқ деб ҳисоблайман, - дея билдирди Тожикистон парламентининг навбатдаги йиғилишида сўз олган Ҳамрохон Зарифий.

Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, шарқий Помир ҳудудидаги 1112 квадрат километр ернинг Хитой ихтиёрига берилиши борасидаги протокол ўтган йил 27 апрелида Пекинда икки томон Ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган.

Тожик расмийси мулоҳазасича, бунинг ортидан Хитой ва Тожикистон ўртасида юз йил давом этиб келган ўзаро баҳсларга сўнгги нуқта қўйилди.

Зарифий жанобларидаги маълумотларга кўра, айни пайтда Тожикистон ҳудудининг 28,5 минг квадрат километри баҳсли ҳудуд саналади.

Бу эса, Зарифийнинг айтишича, бутун мамлакат ҳудудининг деярли 20 фоизини ташкил қилади.

Шу ўринда айтиб ўтсак, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегараларини демаркациялаш ва делемитациялаш атрофида бошланган ишлари ҳануз ниҳоясига етмаган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тўртта энг баҳсли ҳудуд мавжуд бўлиб улардан бири Тожикистон шимолида жойлашган Фарҳод ГЭСи ва унинг тўғони масаласидир.

Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларининг 70 фоизи белгилаб олинган ва бу томонлар парламентлари томонидан ратификация ҳам қилинган.

Ўзбек-тожик чегарасининг қолган 30 фоизини демаркациялаш ва делемитациялаш атрофида баҳслар эса ҳамон давом этмоқда.

Аснода Тожикистоннинг Хитойга ўз ерининг минг квадрат километрдан ортиқ майдонини бериб юборгани тожикистонлик депутатларнинг ҳаммаси ҳам олқишлаётгани йўқ.

Жумладан, Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий ушбу протокол мамлакат Конституциясининг 7-моддасига зид эканини таъкидлади.

- Чунки Тожикистон Конституциясининг 7-моддасида мамлакат ҳудуди яхлит ва бўлинмас экани белгилаб қўйилган. Тожикистон шарқидаги 3 фоиз ернинг Хитой ихтиёрига бериб юборилиши, менимча, бу Тожикистон диполматиясининг мағлубиятидир, - деди Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан парламентга сайланган Муҳиддин Кабирий.

Кабирий жаноблари Хитойга тожиклар ерининг бериб юборилиши ортидан бошқа давлатлар ҳам Тожикистондан ўз улушларини сўраб, даъво қилишлари мумкинлигига шубҳаси йўқлигини қўшимча қилди.

Тожикистон Фанлар Академияси раиси, академик Раҳим Масов Тожикистон ҳукуматининг бу қарорини катта хато, дея баҳолади.

Тожикистон ва Хитой ўртасидаги чегараларни демаркациялаш ва делемитациялаш давлатлараро комиссия аъзоларидан бири бўлган академик Масов шарқий Помир ҳудудининг минг квадрат километрдан ортиқ майдонининг Хитой ихтиёрига берилиши ҳақидаги протоколга ўзи имзо қўймаганини билдирди.

Тарихчи олим мамлакат ҳудудининг ҳар бир қарич ери ҳар бир тожикистонлик учун муқаддас эканини ва шу сабабли бу ҳужжатга имзо чекиб, тарихда ёмонотлиқ бўлмасликка қарор қилганини айтди.

Тожикистон Коммунистлар партияси раиси Шоди Шабдолов эса Тожикистон ва Хитой ўртасида ўша баҳсли ҳудуд атрофидаги музокаралар шаффоф бўлмаганини иддао қилади.

- Агар Тожикистон ҳукумати Хитой билан баҳсли ҳудудлар атрофидаги музокаралар ҳақида хабар бериб турганида ва бу жараён шаффоф тарзда олиб борилганида эди, тожик жамиятида ана шунча ернинг Хитойга сотиб юборилгани хусусида гап-сўзлар пайдо бўлмаган бўлар эди, - деди коммунистлар партияси раҳбари Шоди Шабдолов.

Тожикистон ҳукуматининг мамлакат шарқидаги ҳудуднинг уч фоизини Хитойга бериб юборгани атрофида баҳслар ҳамон давом этмоқда.

Шунга қарамай, 12 январ куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси вакиллари “Тожикистон ва Хитой ҳукуматлари ўртасида давлат чегарасиниинг демаркацияси ва делимитацияси тўғрисида”ги протоколни ратификация қилдилар.

Тожикистон Геодезия идораси мутахассислари шўролар замонида шарқий Помирда 17 турдаги фойдали қазилмалар борлиги аниқланганини ва Хитой ўша замонлардан конга бой бу ҳудудни эгаллаш илинжида бўлиб келганини урғуламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG