Линклар

Шу кунларда Жалолобод вилоятидаги Сампа пахта тозалаш корхонаси яқинида қирғиз миллатига мансуб 16 кишини ўлдирганликда ҳамда Жалолобод шаҳрида қирғиз миллатига мансуб бир одамни ўлдирганликда айбланиб қамалганларга нисбатан апеллация суди бўлиб ўтмоқда.

Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтаётган апелацион суд жараёнида қирғин кунлари қирғиз миллатига мансуб шахсни ўлдирганликда айбланиб уч киши судланмоқда.

Шаҳар прокурори биринчи суд инстанцияси айбланувчи Фарҳод Қунақуновга 8 йиллик, Мўйдинжон Абдуманноповга эса шартли равишда 3 йиллик қамоқ жазоси берилганига қарши чиқмоқда.

Айни пайтда мазкур судланувчилар воқеа содир бўлган куни бошқа ерда бўлганларини, қотилликка алоқадор эмасликларни айтмоқдалар.

- Бу болалар жиноят содир этилган жойда эмас, бошқа ерда бўлганлигини тасдиқловчи гувоҳлар ҳам бор. Мана шу гувоҳларга таянган ҳолда судланувчиларнинг айблари исботланмаяпти, - деди айбланувчиларнинг адвокати Турат Сулаймонов.

Жалолобод вилоятининг Новкен туманида бўлиб ўтаётган иккинчи апелляцион суд жараёнида эса 19 судланувчининг иши кўрилмоқда. Улар қирғин кунлари Жалолобод вилоятидаги Сампа пахта тозалаш корхонаси яқинида қирғиз миллатига мансуб 16 кишини ўлдирганликда айбланмоқда. Биринчи суд инстанцияси мазкур айбланувчиларнинг 17 нафарини бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Апелляцион суд жараёни давомида судланувчилар судга ишончсизлик билдирдилар. Уларнинг айтишларича, биринчи суд инстанциясида ҳам, ҳозирги суд инстанциясида ҳам айбланувчи тараф гувоҳлари чақирилмаган. Уларнинг бундай баёнотлари жабрланувчи тарафнинг норозилига сабаб бўлди.

- Сузоқ туманида бўлган судга бизнинг бирорта гувоҳимиз киритилмади. Фақат айблов хулосаси билангина бизга нисбатан ҳукм ўқилди. Бу суд жараёнига ҳам бизнинг гувоҳларимиз киритилмаяпти. Бизнинг гувоҳларимиз ҳам қатнаша олиши учун судни Жалолобод шаҳрида ўтказиш керак эди, - деди айбланувчи Баҳодир Жалолов.

Яна бир судланувчи Усмонжон Аблазов эса суд жараёнлари фақат бир томонлама ўтаётганини, агар ҳимоя томони гувоҳлари судга чақирилмаса, у саволларга жавоб беришдан бош тортишини билдирди:

- Менга 37 саҳифадан иборат айбнома ёзишди, ҳолбуки, мен у ерда бўлган эмасман. Шунинг учун судни Жалолобод вилоятидан ташқарида, нейтрал суд томонидан кўриб чиқилишини талаб қиламан. Менинг гувоҳларим судга чақиртирилсин. Жабрланувчиларга ҳам, айбланувчиларга ҳам тенг шароит яратиб берилиб, суд қилинса ва бу судда менинг айбдор эканим исботланса, ҳар қандай оғир жазони ўташга розиман, - деди Усмонжон Аблазов.

Айни пайтда давлат қораловчиси Нурлан Жаниш ўғли судланувчиларнинг айблари терговда тўла исботланганини, гувоҳларнинг ҳожати йўқлигини айтиб ўтди.

- Судланувчиларининг эътирозлари қабул қилинишига асос йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки Конституцияда судлар мустақил, деб ёзилган. Шунинг учун суд мазкур жараёнда ҳукм чиқариши зарур, деб ҳисоблайман, - деди қораловчи.

Айтиб ўтиш керакки, мазкур икки жараён юзасидан ҳам суд ҳозирча қарор чиқаргани йўқ. Ҳукм чиқариш бошқа кунларга қолдирилди. Бироқ мазкур жараёнларни кузатиб бораётган ҳуқуқ ҳимоячилари суд бу гал ҳам судланувчилар эътирозларини ҳисобга олмасликлари ва бир ёқлама ҳукм чиқаришлари мумкинлиги ҳақида фикр билдирмоқдалар.

Айни пайтда Ўш ва Жалолобод воқеаларида айбланиб фақат ўзбек миллатига мансуб одамларгина судланмоқда. Шу кунгача қирғин кунлари ўзбекларни ўлдирганликда айбланиб фақат 2 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Нодавлат ташкилотларининг расмий манбаларга таяниб тарқатган маълумотида айтилишича, Ўш ва Жалолобод қирғинида 107 та қирғиз ва 312 та ўзбек ўлдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG