Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Ўзбек иқтисоди коррупция ва давлат чангалида бўғилмоқда


Ғарб иқтисодчилари¸ Ўзбекистон иқтисодининг асосан мажбурий меҳнат ҳисобига арзонга етиштирилаëтган пахта ҳисобига қад ростлаб турганини айтадилар.
Ғарб иқтисодчилари¸ Ўзбекистон иқтисодининг асосан мажбурий меҳнат ҳисобига арзонга етиштирилаëтган пахта ҳисобига қад ростлаб турганини айтадилар.

12 январ куни Ўзбекистонни иқтисодий эркинликлар муттасил бўғилиб келаëтган давлат сифатида эътироф этган Heritage жамғармаси хулосасига муносабат билдирган ўзбек тадбиркорлари ва иқтисодчилари¸ Ғарб таҳлилчилари фикрларини ўз кузатишлари асосида қувватладилар.


Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик ороли тобора кичраймоқда


Heritage жамғармасининг янги “Иқтисодий эркинлик индекси”га киритилган 179 давлат орасида Ўзбекистон бу эркинликлар деярли йўқ давлат сифатида рўйхат тубига яқинроқдан 163 ўринни эгаллади. Ҳисобот муаллифларига кўра, иқтисоднинг аксар соҳаларида давлат аралашуви, ислоҳотларнинг амалга оширилмаётгани ва коррупциянинг чуқур илдиз отгани боис Ўзбекистон дунёнинг иқтисоди эркин бўлмаган давлатлар рўйхатида қолмоқда.

2010 йилги ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодий эркинлик вазияти бўйича 158¸ 2009 йилда эса рўйхатнинг 143 поғонасига қўйилган эди. 2011 йилги жадвалда Ўзбекистоннинг 163 ўринга шўнғигани бу мамлакатда нафақат сиëсий¸ балки фуқароларнинг иқтисодий эркинликлари ҳам йил сайин кўпроқ бўғилаëтгани ифодасидир.

Heritage Foundation ташкилоти берган ҳисоботга Ўзбекистон Иқтисод вазирлигининг муносабатини олиш мақсадида, вазирлик матбуот хизмати раҳбари Аминбой Халиллоев билан боғландик. Матбуот хизмати раҳбари мақсадимизни тинглагач, бир соатдан сўнг боғланишимизни сўради. Бироқ бир соатдан кейин ҳам, икки соатдан кейин ҳам қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Тадбиркорлар Heritage хулосасига ҳамфикр


Heritage жамғармаси ҳисоботига кўра, Ўзбекистондаги бизнес муҳити самарасиз ва оғир бўлгани туфайли тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодига фойда келтириши ўта чекланган. Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик хусусий тадбиркорлар бу хулосага қўшиладилар. Қўқон шаҳридаги кичик корхона эгаси Одил Ваҳобов “Сизда бизнес эркинлиги борми?” деган саволимиз ўзига эришдек туюлганини яширмади:

- Йўқ, йўқ, йўқ. Ўзбекистонда эркинлик нима қилади? Ҳамма ëқ порахўрликда ака. Бир нимага эришиш учун кимгадир бориб пора бермасангиз, бўлмайди. Ҳамма эшик сиз учун ëпилади. Кимнидир топиб, ўшанинг порасини берасиз. Кейин сизни қабул қилиб ишингизни ҳал қилиб беради. Кредит оладиган суммангизнинг 10 фоизини бермасангиз, кредитни икки дунëда ололмайсиз.

Бундан ташқари у кредитни нақд пул қилиш керак бўлиб қолса, яна 20 фоиз ундан ютқазасиз. 30-40 фоиз ўша кредитдан йўқотасиз. Кейин оласиз ўша кредитни. Сумманинг 60 фоизини қўлга олганингиздан кейин уни бутлаш учун қанча меҳнат қиласиз, у кредитнинг фоизини тўлаш учун қанча меҳнат қиласиз? Ортингизда каттароқ тиргагичингиз бўлса, ўшандагина 10 фоиз чиқим қиласиз холос, дейди Одил Ваҳобов.

Тадбиркорга кўра, эркин бизнес юритишнинг асосий омилларидан бири бўлган валюта конвертацияси Ўзбекистонда чекланганича қолмоқда. Конвертацияни фақат ҳукуматга яқин бўлган корхона ва фирмалар қила олиши мумкин, дейди Одил Ваҳобов:

- Конвертация қилишнинг умуман иложи йўқ. Йўқ, иложи бору фақат кимлардир учун. Ўшанда ҳам Тошкентда ортингизда катта бир “танка”нгиз бўлса,дейди тадбиркор.

Давлат назорати - эркин иқтисод оëғидаги занжир


Ўзбекистонлик иқтисодчи Шаҳриёр Узоқов фикрича, бизнесга давлатнинг кучли аралашуви Ўзбекистонда бор нарса ва шунинг учун ҳам тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши жуда мушкул:

- Коррупцияга келадиган бўлсак, 28та координацион режага кирган назорат органлари бор. Ана шу назорат органлари тадбиркорнинг фаолиятига бурнини тиқаверади. Бу ҳақда президентнинг йилига тўртта-бешта фармонлари чиқиб кетади. Тўғри ҳар икки йилда, ҳар тўрт йилда текширувлар бўлаяпти.

Лекин улар, мана бу календар текширувлари бор, режадан ташқари назоратли текширувчилари бор, барибир бурнини суқаверади. Ҳеч бўлмаса товар олиб келаëтганда йўлда божхона билан ГАИ талайди. Эркин қўймайди. Бу ҳам давлатнинг коррупцияга айланиши, аралашуви ва бизнеснинг эркин бўлмаганлиги, дейди Озодлик суҳбатлашган бу иқтисодчи.

Коррупция - иқтисодни ичдан емираëтган саратон


Heritage таҳлилчиларига кўра, хорижий фирмалар Ўзбекистондаги коррупцияни тўғридан-тўғри инвестиция киритишга монеълик қилаётган энг катта тўсиқ сифатида кўради. Иқтисодчи Шаҳриёр Узоқов ҳам бу фикрга қўшилар экан, Ўзбекистонда тадбиркорларнинг банклардаги пуллари ҳам ҳукумат томонидан назорат қилинишини айтади:

- Иккинчи масала, ҳисоб рақамингизда пул бўлса, бу пулни бир жойга кўчира олмайсиз. Департамент деган ташкилотлар бор. Булар оператив хизмат билан ишлайди. Агар тадбиркор бир йирик бизнесни амалга оширмоқчи бўлиб, катта миқдорда товар олиб келмоқчи бўлса, банк махфий равишда департаментга хабар беради.

Масалан¸ “Лочин" фирмаси 10 миллион сўмни "Восток" фирмасига кўчиришга бизга поручение тақдим этди” дейдида, хабар беради. 10 миллиондан ошгандан кейин булар хабар беради. Бунинг мақсадини текширадилар. “Нимага ўтказаяпсан? Нимага бундай катта пул ўтказаяпсан?” деган сўроқлари бор. Тадбиркор ўз ўзидан яна касодга учрайди. Бу нарсалар иқтисодни орқага олиб кетади. Қонунларимиз зўр, лекин ижроси тескари амалга ошади.

Банкларга ишонч йўқ!

Ўзбекистонлик иқтисодчи суҳбатдошимиз фикрича, миллий валюта—сўмнинг айланмасини ҳам таъминлай олмаëтгани боис тадбиркорларнинг банкларга ишончи қолмаган:

- “Нақд пулни мажбурий тарзда топширинглар” дейди. Лекин пулни банкдан эркин ололмайди. Маҳаллий ҳокимиятларнинг иқтисодий бўлими томонидан касса плани беришади тадбиркорларга, субъектларга. Мажбурий тарзда кўзлангандан ҳам зиëдроқ. Лекин улар ўша пулни қайтариб иш ҳақи сифатида ëки бошқа мақсадларда ололмайди.

Ëки фирмалар нақд пулни топширади, товарни нақд пулга олиб келади кирим қилади, сотиб нақд пул топшириши керак. Лекин товарни нақд пул бўлмаса, булар ололмайди. Перечеслениега қиммат тушади. Муаммолар тиқилиб ётибди, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Шаҳриёр Узоқов.
XS
SM
MD
LG