Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:55

Каримов кетади¸ аммо халқ қолади...


Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан чегараларидаги манзара шундай.
Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан чегараларидаги манзара шундай.

Газ ва электр йўқлигидан кўрпага бурканиб туриб¸ Озодликка сим қоққанлар ҳам¸ олис Эрондаги ўзбек мусулмонлари ҳам¸ Тожикистондаги ўзбек куëвлар ҳам бир нарсадан - Ўзбекистондаги расмий идораларнинг халқ учун эмас¸ балки халққа қарши ишлашидан гапирадилар.


Чироқсизликда биз Чироқчидан ҳам ўтдик...


Андижон вилояти Булоқбоши туманининг Дўлон қишлоғидан қўнғироқ қилган Таваккалжон қўшни қишлоқда электр доим бўлиши, аммо ўзи яшаётган қишлоқ аҳолиси электр тақчиллигидан қийналаётганини айтади.

- Биздаги муаммолар ҳам светга боғлиқ. Қаршидаги Чироқчидан бизнинг районнинг чироғи ўчиши кўпайиб кетди. Шундай бўлаяптики, бизнинг пастроғимизда Кулла қишлоғи деган жой бор. Шунинг ярим нимасида свет ўчмасдан бир хилда ëнади. Ярмида бизнинг қишлоққа чиқиб кетиб Булоқбоши туманга қараб кетаëтганда Булоқбошига етмасдан халққа свет йўқ. Эрталаб соат 6 яримда ўчган. Шу соат 12 яримда ëнди. Мана ҳозир икки ярим, учдан кейин ўчади. Шу билан соат 6-7ларда устимиздан кулгандай қилиб моргат қилиб ўчиради. Хуллас калом¸ хоҳласа 9да, хоҳласа 10да ëқишаяпти.

Озодлик: Чироқ тақчиллиги қанчадан бери давом этаяпти? Электр бўйича мутасаддиларга, юқорига мурожаат қилдингларми?

- Катта-катта оқсоқоллар, мана биз ҳам анча ëшга етиб қолдик, борамиз. Шундан кейин икки-уч кунгача алдаган сифат бўлиб, уч-тўрт соат ëниб, уч-тўрт соат ўчиб йўлга тушиб қолади. Кейин яна асл ҳолатига тушиб қолаяпти. Агар иложи бўлса, шуни район, вилоят мутахассислари эшитиб, ижобий қарор қабул қилиб светни нима қилишса яхши бўларди, дейди дўлонлик Таваккалжон.


Аэродромда ҳам газ йўқ...

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод шаҳри Аэродром маҳалласидан қўнғироқ қилган Баҳодир ҳам ўзи яшайдиган мавзеда газ йўқлиги, электр таъминоти эса чеклангани, туман ҳокимиятига аҳолининг мурожаати натижасиз қолаётганидан нолиди.

- Телефон қилганимнинг сабаби бизда олти ойдан буëн газ йўқ. Газ линияси ўтган, лекин газ бизда умуман йўқ. Светни уч-тўрт соат беради. Куни бўйи чеклаш. Кечқурун уч соат ëқадиган бўлса, бир соат ўчириб қўяди. Мен тушунмайманда¸ нимага чеклайди. Ўзи куни бўйи чеклаб бўлган бўлса. 4 километр баландда газ вариллаб ëнаяпти, лекин бизда йўқ. Катталарга мурожаат қилдик, ҳокимгача бордик. Ҳеч ким қулоқ ҳам солмайди. Яқинда 5000дан йиғиб газни бошқа линияга улади. Ундан ҳам бизга йўқ. Энди сизларни узиб ташлаймиз, кунингни кўравер¸ деяпти. Яқинда трансформаторимиз куйди. Худойбердиев деган электросетнинг бошлиғи бор. “400 минг пул берасизлар. Трансформатор берамиз” деб 300 минг бериб трансформатор сотиб олдик.

Озодлик: Трансформатор қўйгандан кейин чироқ борми?

- Чироқ бор. Халқдан 5000дан пул йиғиб қўйдик. Чироқ бор, лекин у ҳам газ йўқлиги учун перегруз бўлаяпти. Кўтара олмаяптида. Неча кунга боради бу светимиз билмайман. Айтай деса, муаммо кўп. Иш йўқ. Бир завод қурилган. Калий завод қурилган эди. Шунга ишга кирамиз десак, 2 миллион берасан дейди. Унга берадиган пулимиз йўқлиги учун кира олмадик. Мен шофëрман. Заводни қуриб фойда бўлар деган эдик¸ бало бўлди бу. Бор газни Калий заводга буриб ëтибдими дейман¸ бизга келмаяпти. Учта болам бор. Мана ҳозир кўрпага ўраниб қорда уйдан чиқа олмай ўтирибмиз, дейди Қашқадарëнинг Деҳқонободидан телефон қилган Баҳодир.


Адолат кучда¸ қуролда...ми?

Наманган вилоятининг Поп тумани Чортоқ қишлоғидан қўнғироқ қилган Олимхон ака Саримсоқов Ўзбекистонда фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун уларга қурол олиб юришга рухсат берадиган қонун қабул қилиниши керак, деган фикр билдирди.

- Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг аъзосиман. Бизнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг умуман иложи йўқ. Мана конституцияларимизни, қонунларимизни кўкларга кўтариб мақтайди, бошқа қилади. Жуда яхши, лекин давлат қонунларини ишлашга мажбур қилувчи қонун йўқ. Тўғри бўлса ҳам ўзлариники тўғри, нотўғри бўлса ҳам ўзлариники тўғри. Менинг таклифим шундан иборатки, мисол Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ўта қўпол поймол этилади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, инсонлар ўзларини ўзлари ҳимоя қилиши учун бир ҳимоя воситаси бўлиши керак. Бу ҳимоя воситаси давлат қонунларини ишлашга мажбур қилувчи қонунга асосланган бўлиши керак. Бу давлат қонунларини ишлашга мажбур қилувчи восита бу қурол ушлаб туриш ҳуқуқи. Ана шу тикланмаса, бу давлат ҳеч қачон давлат бўла олмайди.

Озодлик: Қўлларида қуроли бор, қонунларни ҳимоя қилиши лозим махсус орган ходимлари борку!

- Махсус органнинг ходимлари давлат. Мен ўшалардан ўзимни нимам билан ҳимоя қиламан. Масалан¸ мен ҳуқуқни ҳимоя қилиб чиқсам, тушунишни хоҳламайди. Тушунмайди эмас, тушунишни хоҳламайди. Шуларни тушунишга мажбур қилиш учун агар ўша қонун жорий этилса, у қурол менда борми йўқми барибир¸ уларда ëнида қуроли бўлиши мумкин¸ деган тушунча бўлади. Ана шундагина мен ўзимнинг ҳуқуқимни ҳимоя қилишим мумкин, дейди Наманган вилоятининг Поп тумани Чортоқ қишлоғида яшовчи Олимхон ака.


Каримов кетади¸ халқ эса қолади....

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшаган, ҳозирда Эронда муҳожиратда яшаётган Ҳазрат Жўраев сўнгги пайтларда Ўзбекистон қамоқхоналаридан маҳбуслар жасадлари чиқаётгани одамлар норозилигига сабаб бўлиши билан бирга ҳукуматнинг обрўсига путур етказишини, вазиятни ўнглаш учун чоралар кўриш кераклигини айтди.

- Сўнгги пайтларда хабарлардан эшитаяпмизки, Ўзбекистон қамоқхоналаридан жуда кўп маҳбусларнинг ўликлари чиқаяпти. Бугун бутун дунëга аëнки, бу қамоқхонада ëтган маҳбуслар, бегуноҳ ҳолда қамалган инсонлар. Уларнинг бегуноҳлигини азоб бераëтганлар ҳам жуда яхши биладилар. Мана шу зўрланаëтган аëллар ўшаларнинг ҳам опа-сингиллари ҳисобланади. Диний ақидалари учун ëки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиламан¸ деб қамоқхонага тушган одамлар ҳам ўшаларнинг юртдошлари, ҳамюртлари. Шу ишни қилаëтган инсонлар бир озгина ақллари билан ўйлаб кўрсалар бу ишнинг оқибати нима билан тугайди. Бу нарсалар ҳаммаси ҳукуматнинг обрўйи тушишига, халқ ичида ҳам ҳукуматга нисбатан ишончсизлик кучайишига сабаб бўлади. Бу нарса терроризм каби ëмон иллатларнинг келиб чиқишига, инсонларнинг радикаллашувига сабаб бўлади. Шунинг учун бу ишлардан тўхташларини сўрар эдик. Чунки Каримовнинг қилаëтган ишлари, юргизаëтган сиëсати бугун ҳаммага маълум. Каримов кетади, халқ эса қолади. Бу қилинаëтган ишлар ҳаммаси тарихда қолади. Шунинг учун бир озгина уялиб, Оллоҳдан уялиб, инсонлардан уялиб шу қилаëтган ëвузликлардан тўхтасалар деб телефон қилаëтган эдим, дейди Эрондан Ҳазрат.


Шўрлик келинларга қийин бўлди...

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шаҳритуз туманидан қўнғироқ қилган Элмурод Ўзбекистонга бориш қийинлиги, агар ўзаро борди-келди осонлашса, тожикистонликларга турмушга чиққан келинлар ҳам яқинларини кўриш учун Ўзбекистонга тез-тез бориб туришлари учун қулай бўлади¸ деган фикр билдирди.

- Ўзбекистон билан борди-келди, йўл жуда қийин бўлиб кетди. Бориб келиш қийин. Келинлар тушган ўша ëққа. Қийинчиликлар виза тўғрилаш керак, визани бир ой кутасиз. Визани олиш қийин. Душанбега боришимиз керак. Йўллар яхши бўлса. Бир хиллар бориб келган, кета олмайди. Шу ëққа келин бўлиб тушган, бу ëққа келишган, кета олмайди. Йўл масаласи, чегара масаласи, борди-келди яхши бўлса деймизда. Россияга бориб келишда поездда текшир-текширлар. Жуда қаттиқ текширади. Сурхондарëнинг ўзида тўрт жойда текширади, дейди Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шаҳритуз туманидан қўнғироқ қилган Элмурод исмли суҳбатдошимиз.

***********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG