Линклар

Ўзбекистон ИИБ капитани сиëсий қочқинлик истамоқда


Кейинги пайтларда айнан Норвегия ўзбекистонлик қочқинлар бошпана излаëтган давлатга айланмоқда.

Кейинги пайтларда айнан Норвегия ўзбекистонлик қочқинлар бошпана излаëтган давлатга айланмоқда.

Бу шахс ўзига сўзчи бўлишни сўраган Норвегиядаги журналист Евгений Дьяконовнинг Озодликка билдиришича¸ у вазирликдан олиб чиқилган махфий ҳужжатларни Норвегия полициясига тақдим этган. Аммо норвег полицияси уни душанба куни қочқиннинг Шенген ҳудудидаги илк манзили - Финляндияга қайтаришга қарор қилган.


Ҳозирча исми-шарифи жамоатчиликка ошкор этилмаëтган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги собиқ офицери ўзининг "Оскар" деб тақдим этилишини сўраган.

Бу шахс Норвегияда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Евгений Дьяконовга мурожаат қилиб¸ ундан ўз жамоатчилик ҳимоячиси ва матбуот вакили бўлишини илтимос қилган.

Дьяконовнинг Озодликка айтишича, шу муносабат билан куни-кеча у шошилинч тарзда Норвегия махфий полицияси - PST га чақиртирилган.

“Мен аввалига бу чақириқ террорчиликда айбланиб қўлга олинган ўзбекистонлик йигит билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйладим”, дейди журналист.

- Маҳкамадан икки нафар полициячи назоратида портфел кўтарган, кишанланмаган одам чиқиб ёнимга келди. У мени қаердандир танир экан, мен уни биринчи кўришим. У ўзи ҳақида, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида капитан бўлиб ишлаганини, раҳбарият билан муросаси келишмай ишдан бўшатилгани, аммо бўшатилишидан олдин ишхонадан 8 килограмм махфий ҳужжат олиб чиққанини гапириб берди. Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги капитани лавозимида ишлаганлиги айтилаётган бу шахс Тошкентдаги Жиноят қидирув ва террорчиликка қарши кураш Бош бошқармасига Ўзбекистоннинг қайсидир вилоятидан ўтказилган. Ҳужжатлар ўғирлангани аниқланганидан кейин “Оскар” ҳаётининг жиддий хавф остига қолганини англаб, Норвегияга оиласи билан чиқиб кетган, дейди Дьяконов.

Айрим ҳуқуқ фаолларининг таъкидича¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари¸ айниқда террорчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари алоҳида назоратда туради ва уларнинг хорижга чиқишини махфий хизматлар диққат билан кузатадилар. Бундай вазиятда қандай қилиб “Оскар” 8 килограмм махфий ҳужжат ва оиласи билан Ўзбекистондан бемалол чиқиб кета олди?

Аслида бугун Норвегиядан сиëсий бошпана сўраëтган капитан жавоб бериши лозим бу саволимизга ҳам унинг жамоатчилик ҳимоячиси Евгений Дьяконов тушунтириш беришга уринди.

- У Қозоғистонга айланма йўллар орқали оиласи билан қочиб ўтган ва кейин фақат поезд ва денгиз йўли билан Норвегияга кириб борган. Мен у билан ярим соатча гаплашдим ва у мендан ўзининг жамоатчилик вакили бўлишимни сўради. Ҳужжатларнинг барчаси икки нусхада эди, иккинчи нусхани менга топширди. Бир нечта дискларни айтмаганда¸ бу ҳужжатларнинг аксари Ички ишлар вазирлиги бланкаларида ёзилган ёки қўлёзма шаклидаги ксерокопия қилинган маълумотномалар, аризалар, хабарномалардан иборат.

Қизиғи, топширилган ҳужжатлар муҳимлиги жиҳатидан менга иккинчи даражали бўлиб кўринди. “Агент Тошкент буни хабар қилади”, “Агент Виктория маълумотига кўра...”.. Лекин жосусларнинг бирорта аниқ исми, фамилияси келтирилмаган. Тўғриси, менимча ¸ у ўзида энг муҳим ҳужжатларни сақлаб қолгани бўлиши мумкин. Менга эса номуҳимларини топширган, дейди журналист Евгений Дьяконов.

Суҳбатдошга кўра, ҳужжатлар сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилган амалиётларга тегишли. Хусусан уларда¸ ИИВ нинг Миллий хавфсизлик хизматига параллел равишда бутун дунë бўйича ўз жосуслик тармоғига эга эканлиги акс этган.

- Кўриниб турибдики, у узоқ тайёргарлик кўрган. Олиб келинган қоғозлар ғижимланган ҳолда эканлиги кўриниб турибди. У тақдим этган ҳужжатларда Норвегияда фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, хусусан Норвегия Ҳелсинки гуруҳи, Халқаро Амнистия, Норвегия Ҳюман Райтс Уотчда Ўзбекистон махфий хизмати билан алоқада бўлган шахслар борлиги кўрсатилган. Ички ишлар ходимлари 10 йилдан буён Россия, Қозоғистон, Европанинг деярли барча давлатлари¸ ҳатто АҚШ ва Канадада яшаётган муҳожирлар, умуман ўзбеклар ҳақида маълумотлар тўплаган, лекин келтирилган ҳужжатларнинг асосий қисми Дания, Швеция ва Норвегия давлатларига тегишли¸ дейди Дьяконов.

Норвегиядан қочқинлик сўраëтган милиция капитани ўзига сўзчи қилиб танлаган Дьяконовга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жосусларига хорижда яшаётган гуруҳларни назорат қилиш мақсадида ўзбек жамоалари ичига кириш вазифаси топширилган.

Унинг айтишича, Норвегияга олиб келинган қоғозларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг нафақат ташқи, балки ички фаолиятига доир ҳужжат нусхалари мавжуд. Масалан, Ички ишлар вазирлигининг Ўзбекистон банкларига кимнинг, кимдан, қанча миқдорда ва қаердан пул ўтказмалари олаётгани тўғрисидаги рўйхатларни мунтазам равишда ўз ихтиëрига топшириш ҳақида берган буйруғи нусхалари ҳам бор.

Энг муҳими, дейди Евгений Дьяконов, бу амалиётларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ҳам иштирок этгани кўрсатилмаган.

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли¸ ҳозирча бу ҳужжатларнинг қанчалик ҳақиқий эканлиги тўғрисида бирор хулоса чиқариш эрта эканини айтади.

Евгений Дьяконов билан суҳбат якунида унга норвег полициясига яқин манбадан ўзбекистонлик капитан тақдирига оид янги хабар етиб келди ва суҳбатдошимиз бу хабарни Озодликка ҳам маълум қилди

Норвегиядан сиёсий бошпана сўраëтган "қаҳрамон"имиз Норвегия ҳудудига дастлаб Финляндия орқали кемада кириб келгани боис¸ норвег полицияси уни душанба куни Финляндияга депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган. Шенген келишувига кўра¸ у ëки бу қочқин сиëсий бошпанани ўзи қадам қўйган биринчи Шенген давлати ҳудудида сўраши шарт.

БМТ ҳужжатларида Ўзбекистон қийноқлар қўлланувчи давлат сифатида эътироф этилгани боис¸ Дублин конвенциясига мувофиқ¸ Норвегия сиëсий бошпана сўраëтган шахсни Ўзбекистонга депортация қила олмайди.

Ҳозирча Норвегия полицияси бу ҳодиса тўғрисида бирор расмий маълумот тарқатганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG