Линклар

logo-print

14 январь куни Фарғона вилоятининг тиббий меҳнат экспертиза комиссияси бошлиғи Авазбек Абдуқодиров қўнғироқ қилиб, Ғуломжон Ашуровнинг айтганларига эътироз билдирди.

Озодлик радиосининг Эркин микрофонида 6 январ куни Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида истиқомат қилувчи Ғуломжон Ашуровнинг шикояти янграган эди. Тингловчи иккинчи гуруҳ ногирони эканлиги, уни ғайриқонуний тарзда ногиронлик пенсиясидан маҳрум қилишганидан арз қилган эди:

- Фарғона вилояти, Қиргули шаҳарчаси Бобур кўча 44-уйда яшайман. Ашуров Ғуломжон бўламан. Группани олиб ташлашган. Шунга сизлардан жиндай ëрдам бўлармикан деган мақсадда телефон қилаëтган эдим. 1995 йили касал бўлиб қолиб, группага чиқарилган эдим. Иккинчи гуруҳ ногиронлик беришган эди. 2010 йил 1-мартдан мени комиссияга чақиришиб, “Сизга нотўғри берилган экан группа. Энди ариза ëзиб берасиз” деб, группани олиб ташлашди. Кечаги кун сизларнинг дастурингизни эшитиб қолиб, ëрдам қилармикансизлар деб, телефон қилганим.

Озодлик: Ноқонуний бўлдими, ëки бир нарса тама қилишдими?

- Улар тама қилишгани йўқ. Мени чақиришиб, “Сизга нотўғри берилган экан. Бу касаллик билан умуман группа бериш мумкин эмас эдию, сизга берган. Ҳозир Тошкентдан комиссия бўлаяпти. Комиссия келгунча, нотўғри берилган группаларни текшираяпмиз. 1995 йилдан шу кунгача олган пенсиянгизни давлат банкига қайтарасиз”? деган шартни қўйишди. Мен “Пенсионер бўлсам, бунча пулни қаердан олиб топшираман?” десам, “Бўлмаса битта ариза ëзиб беринг” деб, мени алдаб, ариза ëздириб олишди. Ўзи унақа бўлиши керак эмас экан шекилли. Меники умрбодлик берилган эди группа. Ўша группани олиб ташлашди. Мана 2010 йил 1-мартдан бошлаб пенсия йўқ. Ҳозир соғлиқ анча чатоқ. Касалхонага ëтиш керак, унга пул керак. Бунга пул бўлмаяпти. Битта хотиннинг ишлаган ойлиги қориннинг ўзидан ортмаяпти. Ўшанга имконият бўлса, жиндай ëрдам қилармикансизлар деб, телефон қилган жойим эди, деган эди Ғуломжон Ашуров 6 январ куни эфирга кетган "Эркин микрофон" эшиттиришида.

14 январь куни Озодлик радиосига Фарғона вилоятининг тиббий меҳнат экспертиза комиссияси бошлиғи Авазбек Абдуқодировнинг ўзлари қўнғироқ қилиб, Ғуломжон Ашуровнинг шикоятига шундай муносабат билдирди:

- Бизнинг битта фуқаромиз, биз даволовчи докторлари орқали эшитиб қолдик, сизларга шикоят қилган экан. Фарғонадан Ашуров Ғуломжон деган киши. “Менинг ногиронлигимни олиб ташлашди булар” деган эканлар. Шу масала бўйича жиндай ойдинлик киритиб қўяйлик, докторлари келиб “Шунақа Озодликка чиқишибди. Бир ëқларга чиқишибди” дейишди. “Булар энди анча обрўли ташкилотлар. Сўрамасдан бир нималар қилишмаса керак” деган фикрда ойдинлик киритайлик деган маънода телефон қилиб қўйишни лозим топган эдик-да.

Биз энди шунақа нима билан шуғулланадиган ташкилотмиз-да. Республикада ногиронларни кўрикдан ўтказадиган ташкилотмиз. Биз ҳужжатларини вилоят ТМЭКка олиб келтириб, шаҳардан чақиртириб, ўрганиб чиқдик. Бу ака 1998 йилда иккинчи гуруҳ ногиронлигига белгиланган эканлар. “Беллари оғрийди” деган касаллик билан ногиронликка чиққан эканлар ўша пайтларда. Шу билан 12 йилдан бери на бирор марта докторга учрабдилар белим оғрийди деб, на бирор кун даволаниш процедуларини ўтказибдилар. Ҳозир ногиронларни соғломлаштириш бўйича бизнинг давлатимизда жуда катта программалар амалга оширилаяпти. Шу программа доирасида булар кўрикдан ўтказилган холос. Шунда “Ие ака, сиз анча соғ бўлиб туриб ногиронликка чиқиб қолган экансизку”, деган маънода биз уларни кўрикдан ўтказиб, ўзларининг поликлиникаларидаги докторлар текширувларидан ўтказиб, соғлиқлари исботланиб ногиронликлари олинган деган маънони айтайлик деган фикрда нима қилиб турган эдик-да.

Озодлик: Раҳмат, Авазбек ака. Сиз бу кишининг ногиронлик делоси билан танишиб чиқдингизми?

- Делолари билан танишиб чиқдик. 1998 йилда кўрикдан ўтган эканлар. Тўғри иккинчи гуруҳ ногиронлигини, энди у пайтлар учун биз бир нарса дея олмаймиз, ногиронлик статуси берилган экан. Энди ҳозир ногиронларнинг соғлиғини баҳолаш, буларга соғломлаштириш дастурларини тузиш бўйича программа қабул қилинган. Ўша бўйича ҳаммани бир кўрикдан ўтказиб “Бунга нима керак? Процесс керак бўлса, процесс қилиб берайлик. Коляска керак бўлса, коляска берайлик. Даволаниш керак бўлса, даволанишга ëрдам берайлик” деган маънода ҳаммани чақиртириб кўрикдан ўтказаëтган пайтимизда соппа-соғ одамнинг ногирон бўлиб юрганликлари аниқланиб қолинди холос.

Озодлик: Бу одам норози бўлса, сизга мурожаат қилиши мумкинда энди-а?

- Албатта мумкин. Ҳар битта фуқаронинг ҳаққи бу. Биз юқори ташкилотмиз. Бизга келишади, ўтирамиз, фикрларини эшитамиз. Қанақа масалалар бўлганлигига ойдинлик киритамиз. Ëрдам керак бўлса, ëрдам берамиз.

Озодлик: Керак бўлса, қайтадан ташхис ўтказасизлар.

- Албатта. Аниқлик киритиш учун қайтадан текширишларни ўтказиб, қайтадан кўрикдан ўтказамиз. Битта одамнинг хулосаси эмас бу. Комиссиядан кўрикдан ўтганлар. Ойдинлик киритиб қўяйлик деб телефон қилаëтган эдик¸- дейди Фарғона вилоятининг тиббий меҳнат экспертиза комиссияси бошлиғи Авазбек Абдуқодиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG