Линклар

"Ўш воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган Қирғизистон мустақил миллий комиссияси нообъектив, бир томонлама ва юзаки ишлади, июн воқеаларининг асл айбдорлари кимлар ва қайси ташкилотлар эканлигини аниқлай олмади, шунинг учун ҳам комиссия иши натижаларини қабул қилиб бўлмайди".


Бу фикр июн воқеаларидан сўнг тузилган "Ўш ташаббуси" гуруҳи 13 январ куни эълон қилган баёнотда келтирилди.

Бир қатор қирғизистонлик фаол ўзбеклар ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан ташкил топган "Ўш ташаббуси" фикрича, Ўш воқеаларини ўрганиш учун Қирғизистон давлат комиссияси янгидан тузилиши ҳамда июн қирғини бошқатдан ўрганилиши лозим.

Гуруҳ раддияси юзасидан саволларимизга мазкур уюшма аъзоси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов жавоб берди.

Озодлик: Биринчи савол шуки, Ўш воқеалари юзасидан тузилган Қирғизистон миллий комиссияси ўзининг ҳисоботини расман эълон қилгани йўқ. Сизлар бу эътирозингларни билдирар экансизлар қайси ҳужжатга асосланиб эътироз билдирдинглар?

- Биз асосан эътироз билдирган ҳужжат уч-тўрт кун илгари ўзимизнинг Қирғизистондаги манбаларимиздан олган комиссиянинг ҳозирги пайтда ишлаб чиқаëтган хулосасининг бир варианти бўйича билдирдик. Биз бу хулосани оммалаштиришдан олдин манбаларимиз билан маслаҳатлашганимизда, улар тасдиқлашдики, “Мана 17-январда комиссия раиси жаноб Эркабоев якуний хулоса эълон қилинади деб ваъда берди. 17-январда ҳам ҳозир бизнинг қўлимизда бўлган хулоса мазмунан ўзгармайди. Мана шу фикрларнинг ўзи бўлади” деган жавобни олганимиздан кейин мана шу раддиямизни эълон қилишга қарор қилдик.

Озодлик: Демак, сизларнинг қўлингларда ўша ҳисоботнинг лойиҳаси матни бор ва ўша лойиҳа матнига муносабат бу.

- Тўғри, шунақа.

Озодлик: Сизларнинг раддиянинг матни анча катта. Ҳозир бир чеккадан айтиб ўтиришга ҳеч қандай вақтимиз йўқ. Принципиал эътирозинглар нималардан иборат?

- Принципиал эътирозларимиз асосан комиссиянинг ўз ишини бажара олмаганлиги. Бизнинг энг асосий эътирозимиз ва талабимиз шунда. Шунинг учун биз айтаяпмизки, агар ҳозирги пайтда Қирғизистон ҳукумати ҳақиқатан ҳам ўзида бир шу воқеалар бўйича мустақил объектив тергов ўтказамиз деган сиëсий ирода топа олса, унда ҳозирги пайтда комиссиянинг чиқарган хулосасини ëки чиқариши кутилаëтган хулосасини қабул қилишга асос йўқ деб биз фикр билдираяпмиз. Чунки комиссия тарихий бир сабабларга тўхталиб ўтаëтганида унча-мунча бир объектив муносабат билдирган бўлса ҳам лекин айнан июн воқеаларидан олдин бўлган ҳолатларга, июн воқеалари кунида бўлиб ўтган ҳолатларга ва ундан кейинги ҳолатларга объектив ëндаша олмаган, жуда юзаки ëдашган деган фикрга келдик комиссия хулосасини ўрганиш асосида.

Озодлик: Ҳозиргина айтганингиз сўзларни раддия матнининг хулосасида ëзгансизлар. Демак, комиссия иши нообъектив, бир томонлама ва юзаки бўлди деб. Сизларнинг назарингларда нима учун шундай бўлиб қолди?

- Чунки комиссия энг асосий нарса, мана бу воқеалар бир кунда, бир неча соат ичида бўлиб ўтгани йўқ. Бу воқеалар тўлиқ икки кун Ўш вилоятида давом этди ва яна тўлиқ икки кун Жалолобод вилоятининг бир неча туманларида давом этди. Ҳеч бўлмаса Жалолобод вилоятига мана шу воқеалар кўчаëтганида ҳукумат тўхтатиб қолишга қодир эди. Яна бир вазият шундан иборатки, биз биламиз 11 июн куни муваққат ҳукумат раиси Роза Ўтунбаева Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан ишлата туриб Ўзбекистон муносабатини ойдинлаштираëтганда мана шу масалаларга “биз бир кун ичида мана шу воқеаларнинг тўхтатилишига эришамиз” деб сиëсий ваъда берилган эди. Лекин мана шу воқеалар, ўзбекларга нисбатан дискриминацион сиëсат ҳозирги кунгача давом этиб келаяпти биз олаëтган маълумотларга кўра. Шунинг учун мана шу сиëсий ваъда ҳалигача бажарилмаган деб биламиз.

Озодлик: Йўқ, сиз айтаëтган гаплар билан комиссия иши орасида нима алоқа бор. Мен шуни тушунмадим.

- Биринчи навбатда комиссия айнан биринчи даражада жавобгар бўлган томонлар муваққат ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот органлари Қирғизистондаги қуролли кучларнинг ролини мана шу воқеаларда баҳолашга эриша олмаган. Нима учун қуроллар олдиндан тарқатиб юборилди оддий фуқароларга? Комиссиянинг ўзининг хулосасида айтилаяпти 63 мингта ўқ-яроғ тарқатиб берилди фуқароларга дейилаяпти. 300дан ортиқ ўточар қуроллар тарқатиб берилди, тўртта ҳарбий машина тарқатиб берилди деяпти. Ҳатто комиссиянинг хулосасининг ўзида мана шу фактлар айтилаяпти. Лекин мана шу фактлар бўйича ҳозиргача биз Қирғизистонда бирорта бир жиноят иши очилганлиги ҳақида хабардор эмасмиз. Мана шу жиҳатлардан биз айтаяпмизки, комиссиянинг иши ҳзоирги пайтда объектив иш сифатида қабул қилина олмайди.

Озодлик: Сиз вакили бўлган Ўш ташаббус гуруҳи янги комиссия тузишни талаб қилаяпти ва ўша комиссияга қирғизистонлик ўзбекларнинг реал лидерларини киритишни талаб қилаяпсизлар. Ўша реал лидерлар деганда кимларни назарда тутаяпсизлар?

- Биз ҳозир айнан хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмини ошкор қила олмаймиз. Чунки бизнинг қўлимизда реал ҳужжат борки, ноябр ойининг охирида Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳрида юз берган террористик ҳужумлар ҳукуматнинг айтиши бўйича мана шу ҳужумлар ортида ҳозирги ҳукуматнинг версияси бўйича баъзи бир ўзбек ҳамжамияти раҳбарларининг қўли бормиш. Биз мана шу версия бўйича Қирғизистон ҳуқуқ—тартибот органларининг оператив ҳужжатларининг баъзи қисмларини қўлга киритдик ўзимизнинг манбалардан. Шу ҳужжатларда таъкидланишича, ўзбек ҳамжамиятининг баъзи раҳбарлари тўғридан тўғри террористик ҳаракатларни молиялаштиришда ва ташкил қилишда айбланаяпти ëки гумонланаяпти. Бу жуда жиддий айблов. Шунинг учун биз айтаяпмизки, комиссия ҳозир ўзи холис бўлмоқчи бўлса, ҳали бунақа айбловларни илгари сурмасдан туриб албатта ўзбек ҳамжамиятининг кўзга кўринган лидерларини, рўйхатга тушганларининг ҳам фикрларини эшитиши керак. Бу фақатгина жанубий вилоятларга қисқа бир ташриф мобайнида ўрганилиши мумкин бўлмаган ҳол. Шунинг учун биз айнан шу комиссиянинг хулосаларининг юзакилигига урғу бераяпмиз. Ва айнан шундан келиб чиқиб таклиф қилаяпмизки комиссия ë қайтадан ишини амалга ошириш керак ëки янги комиссия тузилиши керак тўғрироқ бир тартиб билан, дейди Суҳроб Исмоилов.

Шуни айтиш керакки, Ўш воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган Қирғизистон мустақил миллий комиссиясининг ҳисоботи Қирғизистоннинг ўзида ҳам кўп танқид қилинмоқда.

Комиссия иши объектив бўлишига шубҳаси борлиги учун унинг таркибидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова, сиёсатшунос Александр Князевлар комиссия иш бошлаб-бошламаёқ чиқиб кетган эди.

Ҳисобот тайёр бўлгач эса, уни имзолашдан комиссиянинг яна бир аъзоси – Нурбек Токтакунов бош торди.

У Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, жумладан мана бундай деган эди.

- Миллий комиссия беш-олти ой иш олиб борди. Лекин тўпланган материаллар икки мартагина муҳокама қилинди. Шошма-шошарлик қилмай чуқурроқ тадқиқ қилиш керак эди. Июн воқеалари юзасидан олиб борилаётган тергов ишларидаги қонунбузарликлар, ғайриқонуний қўлга олишлар ҳамда тергов изоляторларидаги қийноқлар юзасидан қўшимча текширув ўтказилиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Шунинг учун чиқарилган хулосани мен тўлиқ эмас, деб ҳисоблаб уни имзоламадим.
Комиссия ишида унинг яна бир аъзоси Рая Кадирова номаълум сабабларга кўра қатнашмади, деган эди Нурбек Токтакунов.
Комиссия раиси ўринбосари, таниқли давлат арбоби, миллати ўзбек Бахтиёр Фаттоҳов эса, ҳисоботнинг баъзи бандлари юзасидан ўз эътирозларини расман ёзиб топширгани тўғрисида Озодлик мухбирига мана бундай деганди:

- Мен бир қоғозга бу эътирозларимни ёзиб топширдим. Менинг фикримча, 2010 йилдаги Ўш воқеалари 1990 йилги сценарий асос қилиб олинган ҳолда уюштирилган. Бундан ташқари, комиссия миллатлараро муносабатларни янада совуқлаштирмаслик учун жавобгарларни фақат бир миллат ичидан қидирмаслиги керак. Айбдорлар ким эканини фақат суд ҳал қилиши лозим. Айбдор шахслар конкрет аталиши керак, бир миллатни гуноҳкор қилиб қўймаслигимиз керак, дейди Бахтиëр Фаттоҳов.

Ўш воқеаларини ўрганиш юзасидан тузилган Қирғизистон мустақил миллий комиссиясига кўра, 2010 йил июн воқеалари давомида 426 киши нобуд бўлган, 2000 дан зиёд киши тан жароҳати олган. Ўш ва Жалолобод вилоятларида халқ хўжалигига 4 миллиард қирғиз сўмидан зиёд миқдорда моддий зарар етказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG