Линклар

logo-print

Ўзбек армияси: байрамда айтилмайдиган гаплар

  • Садриддин Ашур

Ўзбек деснатчилари машғулотлар арафасида.

Ўзбек деснатчилари машғулотлар арафасида.

14 январ куни Ўзбекистонда "Ватан ҳимоячилари куни" нишонланди. Ҳарбий хизматга чақирув йилда бир марта қилинганидан сўнг, чақириқнинг танлов асосида ташкил этилгани бу соҳада¸ кузатувчиларга кўра¸ армия қудратини ошириш эмас¸ балки коррупциянинг кучайиб бораётганига сабаб бўлмоқда.


Марказий Осиëда энг қудратли ҳисобланмиш Ўзбекистон қуролли кучларида хизмат қилиш ёш йигитлар учун бир қатор имтиëзлар таклиф қилади. Бир йиллик ҳарбий хизматни тугатган ёшлар олий ўқув юртларига имтиҳон топширганда маълум имтиёзга эга бўладилар¸ "ҳарбий хизматни ўтади"¸ деган ҳужжат уларнинг яхши иш топиш ва мансаб пиллапояларидан кўтарилишларига ëрдам бериши мумкин. Масалан¸ Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимидаги идораларга ишга киришга талабгор йигитлардан¸ ҳарбий ҳужжат талаб қилинади.

Ўтган йили ҳарбий хизматни тугаллаб келган сирдарёлик Баҳодир, Озодлик билан суҳбатда хизматдан кўнгли тўлганини айтади.

- Тошкентда. Зангиота тумани Тошкент олий ҳарбий техник билим юртида
бир йил хизмат қилдим. Ўқишлар бўлади, яхши, тайëргарлик ҳам яхши, жанговар тайëргарлик ҳам яхши. Ўзимнинг таассуротларимда. Ëмон тарафини кўрмадим. Яхши тарафини кўриб келдим.

Озодлик: Озиқ-овқатлари қандай?

- Обедда икки хил овқат, эрталаб овқат, кечқурун овқат. Гўштли, ҳамма нарсаси яхши. Ҳар куни гўштсиз овқат бўлмайди. Бизнинг частда шундай эди. Бошқа частларни билмадим¸ лекин.

Озодлик: Баъзилар “ҳозир армияга бориш ҳам пул, қолиш ҳам пул” дейишади.

- Тўғри, пул билан борганлар ҳам бўлди, пулсиз ҳам борганлар бўлди. Ҳозир энди пулсиз иложи йўқку. Кўп бўлмаса ҳам озроқ бўлади, дейди Баҳодир.

Ҳарбий хизматни яқинда тугатган бу суҳбатдошимиз¸ қуролдошлари орасида пул билан бир йиллик ҳарбий хизматга эришганлар борлиги ҳақида гапирди. Тошкентдаги йирик маҳаллалардан бирининг раиси сифатида йигитларнинг ҳарбий хизматга олиниш жараëнини яқиндан кузатган Набижон Жўрабоев¸ ҳарбий хизматга олинишда танлов тизими жорий этилганидан сўнг, комиссариатларда коррупция авж олиб кетди¸ деган фикрда:

- Ҳозир болангизни армияга юбориш учун пул берасиз. Ҳар қандай соғлом бўлса ҳам, бақувват бўлса ҳам деворни калла қўйиб йиқитадиган бўлса ҳам пул бермаса армияга олмайди. Ҳозир шунақа замон бўлиб қолди, дейди Набижон Жўрабоев.

Суҳабтдош ўз сўзларига далил сифатида шундай мисол келтиради:

- Ҳозир ўйинчоқ бўлиб қолди, армия. Бориб ўйнаб келади бир йил. Шунга ҳам энди 700-800 минг олишяпти. Бултур битта оғайнимизнинг ўғли 850 минг бериб кетди. Армия мана шунақа касалга йўлиқиб қолди. Ўзбекистонда. Ҳамма районида, ҳамма жойида.

Ундан кейин яна битта энг ëмон нарса¸ МПР дегани бор буларнинг. Бир ойлик пул тўлаб хизмат қилиш. Бир миллион 700 мингга борибди. Аввало бу қарор¸ бойваччалар манфаатларини кўзлаб чиқарилган эди. Ҳозир энди шу нарсани мажбурий тўлайсан, бўлмаса ундай қиламан, бундай қиламан. Мажбурий қилаяпти.

У қарорда айтилган, бир йил договор қиласиз, бир йилнинг ичида ўшани бўлиб тўлаб борасиз. Агар мабодо бир-икки ойлигини тўлай олмасам, армияга кетаверади, тўлаган пули куйиб давлат ихтиëрига ўтиб кетади¸ деган жойи бор. Лекин булар майибми, яримтами, бора олмайдиганларни шунга мажбур қилиб олаяпти. Мана шу энг ëмон жойи, дейди Набижон Жўрабоев.

Ҳарбий хизматга танлов асосида олинмаганлар учун Ўзбекистонда иккинчи турдаги бир ойлик ҳарбий хизмат жорий қилинган. Бироқ фарзандини бир ойлик ҳарбий тайёргарликка топширмоқчи бўлган ота-оналар учун, ҳукуматга тўлаш шарт бўлган тўловлар оғирлик қилмоқда.

"Бир миллион 700 минг сўмлик тўлов, айни пайтда ишсизлик ҳукм сураётган ва ойлик маошлари кун тебратишга зўрға етаётган ота-оналаримизни эзиб юбормоқда, бироқ бу бир ойлик хизматда ҳам оддий аскарлардан пул йиғиш ҳолатлари учраб туради", дейди бир ойлик ҳарбий хизматга бориб келган Алишер:

- Сержантлар ҳам пул олади. Масалан¸ наряд тушадику. Озгина пул берсангиз, озод қиладида. Ўрнига бошқа болани қўйиб юбориши мумкин. Ўзимизнинг сержант ҳам бўлмаган нарсага “1000 сўмдан йиғинглар” дейди. Нима дейсиз энди¸ йиғиб берасиз. Шу тарафлари ҳам бор. Ҳаммаси бир хил эмас. Бир хиллари патриотлари ҳам бор сержантларнинг¸ дейди Алишер.

Бир ойлик ҳарбий хизматда бўлган Жамшид ҳам улардан синфхона ремонти учун пул йиғиб олишганини айтади:

- Хизматни охирида синфимиздан олди. Синфни таъмир қилиш учун ҳар бир аскардан10 минг сўмдан йиғиб олди. Бошқа ҳеч қандай маблағ йиғилгани йўқ бизда, дейди Жамшид

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан суҳбатдошлар иддао қилган коррупция ҳақидаги фикрларга муносабат олишнинг иложи бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG