Линклар

logo-print

Қирғизистонда қимматчилик авжига чиқмоқда


Қирғизистондаги қимматчилик аҳолининг янада қашшоқлашувига сабаб бўлмоқда.

Қирғизистондаги қимматчилик аҳолининг янада қашшоқлашувига сабаб бўлмоқда.

Бишкекдаги Ўш бозори савдогарларидан бири икки кун ичда нарх-наволар янада кўтарилганини айтади:

- Кеча шакарни 58 сўмдан сотаётган эдик. Бугун эса ўзимиз шакарни 60 сўмдан олаяпмиз ва 65 сўмдан сотишга мажбур бўлмоқдамиз. Гречкани декабрнинг охирида 70 сўмдан сотаётган эдик, бугун эса унинг нархи 140 сўм, -дейди савдогар.

Маҳаллий иқтисодчилар Қирғизистонда озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши жаҳон миқёсидаги нарх-навонинг ошишидан ҳам кўпроқ эканини таъкидламоқдалар. Қирғизистонлик иқтисодчиларга кўра, Хитой, Хиндистон, Бразилия ва Индонезия каби ривожланаётган давлатларда нархнинг кўтарилиши 8 фоизни ташкил қилган. Қирғизистонда эса 15 фоизга етган.

- Бу мамлакатларда нарх кўтарилиши 5-8 фоизни ташкил қилган. Қирғизистонда эса нарх-наво ҳар ойида 10-15 фоизга кўтарилмоқда. БМТ маълумотига кўра, жаҳон миқёсида нарх навонинг кўтарилишига ёнилғи баҳосининг қимматлаши ва иқлим ўзгариши сабаб бўлмоқда, -деди қирғизистонлик иқтисодчи олим Асқар Бешимов.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати кундан-кунга ошиб бораётган нархларни бир қолипга туширишга ҳаракат қилаётганини ҳақида баёнот бермоқда. Бироқ бу ҳаракат ҳукумат тузилмаларига нархларнинг кўтарилиши нақадар ўринли эканини ўрганиш ҳақида кўрсатма бериш билангина чекланмоқда.

Хукумат тузилмалари мазкур кўрсатмани бажаришга киришишга улгирмаёқ, нархлар янада кўтарилиб кетмоқда. Масалан, бир неча кун ичида Қирғизистонда гўшт ва гўшт махсулотлари баҳоси 1 долларга қимматлаган.

Қирғизистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги бундай ҳолатни мамлакат фермерларининг асосий қисми ўз маҳсулотларини чет элга сотиб юбораётгани билан изоҳламоқда:

- Маҳсулотларнинг асосан Эронга сотилаётгани қимматчиликнинг ягона сабабларидан бири. Бундан ташқари, ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Қирғизистонда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари Қозоғистонга контрабанда йўли билан олиб чиқиб кетилмоқда. Мана шундай омиллар натижасида Қирғизистонда нархнинг ой сайин кўтарилиши анъанага айланиб бормоқда, -деди Қишлоқ хўжалик вазири ўринбосари Қубат Қасенов.

Айни пайтда бир қатор мутахасислар қирғиз ҳукуматини нарх-наво тез кунлар ичида пасаймаса мамлакатда норозилик чиқишлари бошланиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Ҳозирча нархларнинг кўтарилиши ва ойликларнинг озлигидан норозилик билдириб Қирғизистоннинг айрим туманларида фақат ўқитувчилар иш ташлаганлар.
XS
SM
MD
LG