Линклар

logo-print

Тунисда икки марта ҳокимият алмашди


Тунис Бош вазири Муҳаммад Ғаннучи ва парламент қуйи палатаси раиси Фуад Мебазаанинг телемурожаати. 14 январ, 2010 йил

Тунис Бош вазири Муҳаммад Ғаннучи ва парламент қуйи палатаси раиси Фуад Мебазаанинг телемурожаати. 14 январ, 2010 йил

Тунис президенти Зайн Ал-Абадин Бин Али мамлакатни ташлаб, оиласи билан Саудия Арабистонига қочиб борди. Айни пайтда Туниснинг янги раҳбарлари мамлакатда тартиб ўрнатишга уринмоқда.

Тунисда 24 соат ичида ҳокимият икки марта алмашди. Мамлакатни 23 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқариб келган президент Зайн Ал-Абадин Бин Али ишсизлик ва расмийлар орасида коррупция кенг тарқалганига қарши бир неча ҳафтадан бери давом этаётган норозилик намойишлари зўравонликлар ва қўзғалонга айланиб кетганидан кейин 14 январ куни мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Тунис президенти вазифасини вақтинча бажариш ваколатини Бош вазир Муҳаммад Ғаннучи ўз зиммасига олди.

Бироқ 15 январ куни Туниснинг Конституциявий суди, мамлакат конституциясига мувофиқ, 60 кун ичида президентлик сайлови ўтказилгунича президент вазифасини вақтинча Бош вазир эмас, балки парламент раиси бажариши кераклигини эълон қилди.

Янги ҳукумат тузиш борасида сиёсий партиялар билан музокара олиб боришни режалаган Бош вазир Ғуннучи Конституциявий суд қарорига муносабат билдирмади.

Тунисдаги намойишлар пайтида биноларга ўт қўйиш, талон-тарож қилиш ва отишмалар юз берганидан сўнг ҳукумат қайта тартиб ўрнатиш ишларига армияни жалб қилди. Ҳукумат оқшомдан тонгга қадар коммендантлик соати жорий қилди.

15 январ куни эрталаб телевидение орқали чиқиш қилган Бош вазир Муҳаммад Ғаннучи тунисликларни ўзлари яшаётган мавзеларда тартиб ўрнатишда аскарларга ёрдам беришга чақирди.

- Шубҳасиз, бу асосий вазифа. Жамиятнинг барча қатламлари билан ҳамкорликда тартиб ва қонун устиворлиги қайта тикланганидан сўнг биз қайта қуриш, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий қайта янгиланиш ишларига эътибор қарата оламиз, - дея баёнот берди Бош вазир Ғаннучи.

Тунис пойтахтидаги асосий темирйўл вокзали зўравонликлар пайтида ёниб кул бўлди. 15 январга ўтар кечаси дўконлар талаб кетилди.

Мамлакатдаги иккита қамоқхонадан маҳбуслар қочишга уринган пайтда содир бўлган ёнғин оқибатида ўнлаб одам нобуд бўлди. Уларнинг ўлими норозиликларга алоқадор ёки алоқадор бўлмагани ҳозирча маълум эмас.

Айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зўравонликлар пайтида қарийб 70 киши нобуд бўлганини айтмоқда. Бу расмий маълумотлардан уч баробардан кўп.

АҚШ ва Европа давлатлари тунисликларни имкон қадар тинч йўл билан янги ҳукумат тузишга чақирди.

АҚШ президенти Барак Обама намойишчилар “жасурлиги” ва “ғурури”ни олқишлаб, тез фурсатда сайловлар ўтказишга чақирди.

Франция президенти Николя Саркози ўз мамлакатининг собиқ мустамлакаси бўлган Тунисдаги вазият бўйича юқори лавозимли расмийлар билан фавқулодда йиғилиш ўтказишга чақирди.

Германия Канцлери Ангела Меркел ўз ҳукумати Тунисдаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG