Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Каримов НАТО тажрибасидан кенгроқ фойдаланишни тавсия қилди


Ўзбек зобитларини тайёрлаш ишида НАТО давлатлари тажрибасидан янада кенгроқ фойдаланиш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг республика ҳарбийларига юборган табрикномасида айтилган.

Каримовнинг мазкур табрикномаси 13 январ куни Тошкентдаги “Туркистон” саройида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Қуролли Кучларнинг 19 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон мудофаа вазири Қобил Бердиев томонидан ўқиб эшиттирилди.

Табрикномада Ўзбекистон Қуролли кучларининг Бош қўмондони мамлакатдаги ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш ҳақида гапираркан, бу борада етакчи хорижий давлатлар, шу жумладан, НАТО мамлакатлари тажрибасидан янадан кенгроқ фойдаланиш зарурлигини уқтирган.

Каримовнинг бу даъвати кузатувчилар томонидан унинг яна ғарб билан яқинлашаётганига ишора ўлароқ қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 12-13 октябр кунлари НАТО Бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун Тошкентга келганди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар ҳамда Мудофаа вазирликларида учрашувлар ўтказган Роберт Симмонс ўшанда президент Каримов қабулида ҳам бўлганди.

2009 йилда Ислом Каримов Афғонистондаги НАТО ҳарбийларига АҚШнинг ноҳарбий юкларини Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтишга рухсат берган.

Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастурига 1994 йил 13 июлидан қўшилган. 1996 йилдан Ўзбекистон ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш, илм-фан ва фуқаро мудофааси соҳасидаги ҳамкорлик каби йўналишларни ўз ичига олган Якка тартибдаги ҳамкорлик дастурларида НАТО билан бирга ишлаб келади.

Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорлик 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси тугатилиши ортидан сусайганди. Бироқ таҳлилчилар сўнгги йилларда томонлар ўртасидаги муносабатда илиш кузатилаётганини айтмоқдалар.
Таҳлилчилар буни асосан Афғонистондаги вазият билан, у ердаги НАТО аскарлари таъминотида юзага келган зарурат билан боғламоқдалар.
XS
SM
MD
LG