Линклар

Рус мухолифатчилари курашни давом эттирмоқчи


Рус мухолифати лидерларидан бири Борис Немцов курашдан чекинмаслигини айтмоқда.

Рус мухолифати лидерларидан бири Борис Немцов курашдан чекинмаслигини айтмоқда.

15 январ куни Москвада 15 кунлик маъмурий жазо муддатини ўтаган мухолифат етакчилари - “Халқ озодлиги партияси” раисдоши Борис Немцов ва “Ўзга Россия” ҳаракати раҳбари Эдуард Лимоновлар озодликка чиқди.

15 январ куни кечки соат 19:00 ларда Москванинг Симферополская кўчасида жойлашган изолятордан озод этилиши кутилган мухолифат етакчиларини қаршилагани ўнлаб одам чиқди.

Қаршилаётганлар орасида Кремл томонидан тузилган “Наши” ва “Ёш Россия” ёшлар ҳаракати намояндалари ҳам оз эмас эди. Фақат улар мухолифатчиларга қарши қаратилган плакат ва шиорлар кўтариб олган эдилар.

Борис Немцов “Тверской” ИИБсига олиб кетилиб, ўша ердан озод қилинган бўлса, Эдуард Лимонов эса муддатдан олдинроқ пинхона “Ломоносовское” милиция бўлимига олиб кетилиб, қўйиб юборилган.

Шу тариқа, Москва ҳуқуқ-тартибот органлари олдиндан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, Немцов ва Лимонов озод этилишининг мухолифат тарафдорлари томонидан олқишланиши олди олинди.

Озодлик Радиосига берган интервьюсида “Халқ озодлиги партияси” раҳбарларидан бири Борис Немцов ҳукуматнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини “разилона ва сурбетларча”, дея баҳолади.

- Ростини айтсам, мен ҳам милиция, ҳам Путин, ҳам Сурковнинг қўрқоқлигидан ажабландим. Улар мени кутиб олишга кўплаб тарафдорларим келишини билди. Шунга қарши улар ҳар доимгидек разил, жирканч ва сурбетларча махсус операция тайёрладилар. Улар менга ҳатто қаерда эканимни яқинларимга хабар беришга рухсат бермади. Уларнинг режасига кўра, “Тверской” бўлимида мени кўчада “Наши” ҳаракати ва сотилган журналистлар кутиб олиши керак эди, - дейди Борис Немцов.

15 кунлик жазо муддатини изоляторда унга яратилган махсус “шароитлар”да ўтказган Борис Немцов соғлиги ёмонлашиб, ўпкаси шамоллаб қолгани, лекин бу жазо унинг иродасини янада мустаҳкамлагинини гапирди.

- Улар мени қўрқитмоқчи, синдирмоқчи бўлди, лекин бу амалга ошмади. 31 январ куни мен яна Триумфалная майдонига чиқаман. Биз “Халқ озодлиги партияси”ни тузишни давом этамиз, - деди Озодлик билан суҳбатда Россиянинг собиқ Бош вазири, эндиликда муҳолифат етакчиларидан бири Борис Немцов.

Яна бир мухолифат намояндаси - Эдуард Лимоновнинг ҳибсҳонадан қўйиб юборилиши жараёнида ҳам айни вазият юзага келди. “Ўзга Россия” раҳбарининг сўзларига кўра, уни қонунга хилоф равишда муддатдан 1,5 соат олдин изолятордан мажбуран чиқариб юборишга уриниб кўришди.

Лекин у бироздан кейин “профилактика суҳбати”ни олиб бориш иддаоси билан негадир “Ломоносовский” ички ишлар бўлимига автобусда яширинча олиб чиқилган.

Яхши кайфият ва тетик руҳда эканига қарамасдан, Эдуард Лимонов ҳукуматнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари уни ҳавотирга солаётганини гапиради.

- Ҳибсга олинишим учун ҳеч қандай асоснинг йўқлиги менинг ғазабимни келтирмоқда! Ҳукумат биринчи маротаба очиқчасига судда ёлғон ишлатди. Бу кетишда маъмурий жазолар ўрнига улар кетма-кет жиноий ишларни қўзғатишга тушади. Шунинг учун мен мавжуд ҳукумат билан муросага бориш мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Кураш давом этади, - деди “Ўзга Россия” ҳаракати раҳбари, ёзувчи Эдуард Лимонов.

Озодлик билан суҳбатда мухолифатчи Лимонов унга берилган 15 кунлик қамоқ жазосини ноқонуний, деб ҳисоблаши ва Москва ички ишлар бошқармаси устидан судга ва прокуратурага ариза билан мурожаат қилишини билдирди.

Маълум бўлишича, Россия мухолифати етакчиси Борис Немцов ҳам ўзининг қамоққа ташлангани юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига арз қилган.

Озодлик Радиоси маркази Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилоти 31 декабр куни ушланган беш нафар мухолифат етакчилари - Борис Немцов, Илья Яшин, Константин Косякин, Эдуард Лимонов ва Кирилл Манулинни виждон тутқунлари, деб эълон қилгани ҳақида хабар қилган эди.

Россияда мухолифат етакчилари ҳибсга олинганини АҚШ ҳам танқид остига олган эди. Шу муносабат билан АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Филип Кроули “умумжаҳон қадриятлар, жумладан, сўз ва йиғилиш эркинлигини қабул қилиш ва уни ҳимоя қилиш муҳим экани”ни таъкидлаб ўтди.

Айтиш жоизки, “Стратегия-31” ҳаракати оммавий тус олиб, Россиянинг кўплаб шаҳарларида ҳам ўтказиб келинади. Намойишчилар Россия Конституциясининг 31-моддасида белгиланган “эркин йиғилишлар, намойишлар, юришлар ва пикетлар уюштириш" ҳуқуқини таъминлаш талаби билан 31 кунлик ойларнинг сўнгги кунида Москва мэрияси рўпарасидаги Триумфалная майдонига йиғилиб келади.

Айни дамда Москванинг Пушкинская майдонида куни кеча озодликка чиқарилган мухолифатчилар бошчилигида “Биз чекинмаймиз!” шиори остида 31 декабр норозилик намойишлари ташкилотчиларининг ҳибсга олинишига қарши митинг ўтказилмоқда. Ҳукумат томонидан руҳсат этилган бу акцияда Борис Немцов, Илья Яшин, Константин Косякин, Эдуард Лимонов ва Кирилл Манулинлар иштирок этмоқда.

Кузатувчилар 31 декабрда норозилик намойиши ташкилотчиларининг ҳибсга олиниши Россия муҳолифатини янада жипслашишига олиб келганини таъкидлаяптилар.
XS
SM
MD
LG