Линклар

Ҳирот шаҳрида Эронга қарши намойиш давом этди


Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида якшанба куни 300 га яқин одам Эроннинг ёнилғи блокадасига қарши намойишни иккинчи кун давом эттирди.

Улар Афғонистоннинг ёқилғи танкерлари бир ҳафтадан бери чегарадан ўтказилмаётганига қарши норозилик билдирдилар.

Эроннинг Ҳирот шаҳридаги консулхонаси олдидаги норозилик юриши иштирокчилари турли шиорлар, жумладан, “Эронга ўлим” деб ёзилган шиорни кўтариб чиқдилар.

Пойтахт Кобулда Афғонистон савдо вазири Анварул Ҳақ Аҳадий Ҳиротдан 100 километр нарида салкам 2000 та ёқилғи танкерлари чегарадан ўтишга рухсат берилишини кутиб турганини айтди.

Аҳадий Кобул расмийлари Қозоғистондан зудлик билан Афғонистонга 200 минг тонна ёқилғи сотишни сўраганини маълум қилди.

Эрон ёқилғига давлат томонидан бериладиган субсидия қисқаргани билан боғлиқ муаммолар сабабли ёқилғини чегарадан ўтказиш “техник сабабларга кўра” секинлашиб қолганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG