Линклар

Футбол бўйича 2011 йилги Осиё Кубоги учун беллашаётган терма жамоаларнинг “А” гуруҳида пешқадамлик қилиб келаётган ўзбекистонлик футболчилар 7 очко жамғариб, чемпионатнинг чорак финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳаяжон билан кутган Ўзбекистон-Хитой терма жамоаларининг ўйини дуранг натижа билан тугади.

2:2 ҳисобида якунига етган 16 январ кунги беллашувда дастлаб ҳисобни хитойликлар очди. 7 дақиқада хитойлик футболчи Ю Хай урган голга жавоб тўпини ўйин бошланганидан ярим соат кейин Одил Аҳмедов киритди.

Шу тариқа ўйиннинг биринчи ярми 1:1 ҳисоби билан тугади. Иккинчи таймнинг дастлабки дақиқаларидаёқ Александр Гейнрих киритган тўп Ўзбекистон терма жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ ўйиннинг орадан 10 дақиқа ўтгач, яъни ўйиннинг 56-дақиқасида Хитой футболчиси Хао Цзюнмин киритган жавоб тўпи ҳисобни яна тенглаштирди.
Миллий терма жамоамиз Хитой терма жамоасига қарши ўтказган ўйиннинг видеосини бизнинг "Ёш тўлқин" саҳифамизда томоша қилинг.

Дуранг натижа билан тугаган бу учрашув ўзбек футболчиларини 2011 йилги Осиё Кубоги учун курашни чорак финалда давом эттириш ҳуқуқидан маҳрум қилолмади.

“А” гуруҳида 6 очко жамғариб, ўзбекистонлик футболчиларидан кейин келаётган қатарликлар ҳам Осиё чемпионатининг чорак финалида ўйнайдиган бўлди. Мезбон жамоа 12 январ куни бўлиб ўтган ўйинда 2:0 ҳисобида хитойликларни ҳам мағлуб этганди. Қатарликлар якшанба кунги ўйинда қўшни Қувайт терма жамоасининг устидан ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга чиқди.

Мазкур гуруҳда 4 очко жамғарган Хитой терма жамоаси ҳамда умуман очко йиғолмаган Қувайт терма жамоаси чемпионатни тарк этади.

Ўзбекистонлик чарм тўп усталари эндиликда Осиё кубогининг чорак финалида “Б” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллайдиган жамоа, яъни Япония, Иордания ёки Сурия терма жамоаси билан куч синашади.

17 январ куни иорданиялик футболчилар Сурия жамоасига қарши яшил майдонга тушади.

Япония ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўйинни эса машҳур рефери Равшан Эрматов бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси бошқаради.

Биз Ўзбекистон-Хитой терма жамоалари ўртасидаги ўйин, шунингдек ўзбекистонлик футболчиларнинг имкониятларини шарҳлаб беришни сўраб спорт журналисти Ҳайдар Акбарга мурожаат қилдик.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG