Линклар

Генерал Исақов миллий комиссияни судга бермоқчи


Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Ўш воқеалари бўйича ўзини айбдор, деб билмайди.

Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Ўш воқеалари бўйича ўзини айбдор, деб билмайди.

Қирғизистоннинг собиқ мудофаа вазири, айни пайтда парламент депутати Исмаил Исақов Ўш воқеаларини ўрганган миллий комиссияни судга бериш ниятида. У июн ойида содир бўлган қирғинда Муваққат ҳукумат аъзоларини айблаш нотўғри эканини даъво қилмоқда.

17 январ куни Қирғизистон собиқ мудофаа вазири, айни пайтда Жўғўрқу Кенеш депутати Исмаил Исақов матбуот анжумани ўтказиб, миллий комиссияни судга беришини билдирди:

- Комиссия ҳақиқатан катта ишни амалга оширди - уларга раҳмат. Аммо улар жуда тор маънода ишни амалга оширишган, фақат Ўш контекстида. Аслида улар умумий контекстда олиши керак эди. Айнан Ўш воқеалари бу қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги келишмовчилик дейиш - бу нотўғри. Бу муаммонинг илдизи бошқа нарсада. Шу боисдан мен бу қарордан норозиман. Ундан ташқари, бизнинг Муваққат хукуматни айблашди. Биз 8 апрел куни хукуматга келган бўлсак. Мен 7 апрелда ҳали турмада эдим. Биз ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳокимиятга келдик. Биз атиги 2 ой 2 кун ишлаган бўлсак, қандай қилиб воқеаларнинг олдини олишимиз мумкин эди? Ахир биз 1 йил, ёки 5 йил давомида ишламадик-ку?! Шу боисдан мен жануб вакили сифатида, мудофаа вазири сифатида комиссиянинг бундай қароридан норозиман ва комиссияни судга бераман, - деди генерал Исақов.

Унинг фикрича, Ўш воқеаларининг асосий сабаби Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевни президентлик курсисида сақлаб қолишга уриниш бўлган. Шунингдек:

- Автономияни истаганлар, Фарғона водийсида доим уруш бўлишини истаганлар эса бу сабабларга илова бўлиб бердилар, - деди Исмаил Исақов.

Қирғизистон миллий комиссияси раиси Абдуғани Эркебаев собиқ мудофаа вазирининг баёнотини нормал ҳол, деб баҳолади:

- Бу ҳар кимнинг ўзинининг иши. Судга берса, биз тайёрмиз. Ўзимизнинг сўзимиз учун жавоб беришга тайёрмиз. Биз кимнингдир лавозимидан кетишини истаб, талаб қўйганимиз йўқ. Биз фақат бу ҳисобот билан бу одамларнинг қанчалик сиёсий жавобгар ёки жавобгар эмаслигини кўриб чиқишни тавсия этган эдик, холос. Агар одам тўғри кўз билан қарай олса, буни тушуниши керак, менимча. Ҳар ким ўз иши учун жавоб бериши керак-да, - деди Қирғизистон миллий комиссияси раиси Абдуғани Эркебаев.

Эслатиб ўтамиз, 11 январ куни Қирғизистон мустақил миллий комиссияси Ўш воқеалари бўйича ҳисобот эълон қилган эди. Унда расмийларга Ўш воқеалари юзасидан бир неча масъул шахсни жавобгарликка тортиш масаласи ҳам тавсия қилинган. Жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар орасида, миллий комиссия ҳисоботига кўра, Қирғизистон собиқ мудофаа вазири Исмаил Исақов ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG