Линклар

Россияда яна бир ўзбекистонлик мардикор нобуд бўлди


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг "йигитга қирқ хунар ҳам оз", деб ҳар қандай иш қилишга тайёр туриши, афсуски, бу баъзан фожиа билан тугайди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг "йигитга қирқ хунар ҳам оз", деб ҳар қандай иш қилишга тайёр туриши, афсуски, бу баъзан фожиа билан тугайди.

Санкт-Петербургнинг Киров туманида 16 январ куни ўзбекистонлик мардикор йигит иш вақтида нобуд бўлди. Санкт-Петербург шаҳар прокуратурасининг Тергов қўмитаси вакили Сергей Капитонов Озодликка ҳозирда бу йигитниг исми шарифи аниқлангани ва мазкур иш юзасидан тергов бошланганини маълум қилди.

- Исми Хошимов Анваржон Акрамжонович, 1991 йилда туғилган. 16 январ куни соат 12 ларда Корнеев кўчасидаги 6 уй томидан йиқилиб халок бўлди. Бошқа ҳамюртлари билан томда қор кураётган бўлган. Ҳозирда унинг жасади Санкт-Петербург шаҳар суд тиббий экспертизаси моргига жўнатилган. Тергов давом этмоқда, деди Санкт-Петербург шаҳар прокуратураси расмийси Сергей Капитонов.

Санкт-Петербург шаҳар Киров тумани ҳокими муовини Игор Слашчев Озодлик билан суҳбатда нобуд бўлган ўзбекистонлик Санкт-Петербург шаҳрида рўйхатдан ўтгани, аммо унинг ишлаш учун расмий руҳсатномаси бўлмаганини айтади.

- Биз ҳозир уни штат бўйича ишлаганми ёки воситачи фирма орқали ишга олинганми, шуни аниқлаяпмиз. Бу уй томида режа асосида қордан тозалаш ишлари олиб борилаётган эди, дейди фожеа рўй берган ҳудуд расмийси Игор Слашчев.

Анваржон Хошимовнинг томдан йиқилиб ҳалок бўлиши жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари эътиборини ўзига қаратди. Тасодиф ёки бошқа сабабларга кўра, 13 январ куни айнан шу туманда, Хошимов йиқилган жойдан бир неча ўн метр нарида, 6 ёшли Иван Завьялов бошига муз тушиб, у ҳам шифохонага етиб бормасдан вафот этган эди. Қизиғи, 6 ёшли болакай устига муз тушган бинони тозалаш учун ҳам ҳам Анваржонни ишга ёллаган «Жилколмсервис №2» ширкати масъул бўлган. Бу ширкат раҳбари Вадим Широков олдин ҳам қаллоблик учун жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди.

Бу ширкатга қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Маълум бўлишича, қоидага кўра уй-жой коммунал хўжалиги учун жавобгар маҳаллий ширкатлар томни қор ва сумалакдан тозалаш учун махсус анжом-ускунага эга саноат алпинистларини ёллаши керак экан. Лекин Москвада Пушкин майдони атрофида фаррошлик қиладиган андижонлик Алишер ўзбек йигитларининг ўз ҳаётларини хавф остига қўйиши сабабларини шундай тушунтирди.

- Уларни ўзи махсус специалистлари бор. Лекин специалистларига кўпроқ тўлайди. 20 мингми, 25 мингми, шундан тепаси, дейишади… Уларга қўшилишиб ЖЭКдаги боллар чиқишади. Боғлайди белидан… Муз бўлиб кетса бошлиғи чиқ деганидан кейин чиқаверади-да улар. Чиқмаса ҳайдаб юборади ишдан, дея тушунтиради Алишер.

Санкт-Петербург шаҳридаги томларни қор ва муздан тозалашга ихтисослашган “ВестКом” ширкатининг ўзини Вадим деб таништирган бош мутаҳассиси ҳам, ЖЭК ходимлари пулдан қочиб, томларни қордан тозалаш ишларига малакасиз, лекин арзонроқ ишчи кучи бўлган меҳнат муҳожирларини жалб этади, дейди.

- Том тузилишининг мураккаблиги ва иш ҳажмига қараб бизнинг нархларимиз квадрат метрига 30 рубл қилиб белгиланган. Гап шундаки, “Жилкомсервислар” қорни томдан тушириш учун ўзлари воситачи ёллайди. Бу воситачи фирмалар эса алпинистлар ўрнига арзон ишчи кўчи бўлган меҳнат муҳожирларини ёллайди. Ахир биз саноат алпинистларимизни махсус ускуна-анжом билан таъминлаймиз, уларни ўқитамиз. Шунинг учун бизда деярли фожеалар бўлмайди. Боз устига, нопок воситачилар нархларни тушуриб юборяпти ва бизга деярли буюртма бўлмаяпти, дейди саноат алпинисти Вадим.

Унинг сўзларига кўра, Санкт Петербургда оддий саноат алпинисти 40 миндан 50 минг рублгача ойлик маош олади. Айни пайтда, Марказий Осиёдан ёлланган “алпинист” 10 мингдан 15 минггача ойлик даромад олади.

Лекин, Россияда томларни муз ва қордан тозалашга ҳамма ўзбекистонликлар ҳам кунавермайди.Москвада мардикорлик қиладиган Акбаржон катта пул учун ҳам қишда томга чиқмаслигини гапиради.

- Хавфли, чунки. Бўлади мана шу ерда пасда ишлаганимиз ҳам.

Озодлик: Иш берувчингиз “Чиқ!”, деса чиқасизми томга?

- Йўқ. Уйланишим керак, бола-чақа қилишим керак. Ҳаётим олдинда...Тўғриси, мени акам томдан тушиб кетган. Шунинг учун бизга мумкин эмас, дейди қашқадарёлик Акбаржон.

Унинг айтишича, акаси янги йилдан олдинроқ айнан қор кураётганда томдан тушиб кетган ва ногирон бўлиб қолган.

- Янги йилдан 2 ҳафталар олдин началниги без виходной ишга чиқарди. Томда улар кришани срочно тозалаган. Кейин шунда томдан тушиб кетган.

Озодлик: Нега тушиб кетган, страховкаси бўлмаганми?

- Страховкаси бўлган, без виходной чиқарган, чарчаб қолгани учун. Ёши 33да, тўртта боласи бор. Бўлди, у инвалид энди. Яқинда кетди уйга, дейди Акбаржон.

Бу мардикор йигитнинг сўзларига кўра, иш берувчи акасининг қўлига бироз пул бериб уйига жўнатиб юборган.

Москвадаги “Ҳимоя” ҳуқуқий Маркази маслаҳатчи-юристи Игор Агапов бу каби фожиаларнинг тез-тез такрорланиб туришига асосий сабаб меҳнат муҳожири ва иш берувчи ўртасида ҳеч қандай ҳуқуқий хужжатларнинг йўқлигидир, дейди.

- Иш берувчи миграция қонунчилигига мувофиқ чет эл фуқаросини ишга қабул қилаётганда, албатта хужжат асосида шартнома имзолаши зарур. Акс ҳолда кейинчалик қалтис вазият юзага келганида ёки, Худо кўрсатмасин, ҳалок бўлганида, ишга ёлланган шахс ёки унинг яқинлари бирор жойда ишлаганини исботлаб бера олмайди. Шунинг учун меҳнат шартномаси - томонлар ўртасида бирор ишни бажаришга келишилганини исботловчи асосий далилловчи хужжат бўлиши керак. Аслида эса қайси меҳнат муҳожири меҳнат дафтарчаси ҳақида эшитган, деб ўйлайсиз?- дейди юрист Игорь Агапов.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожири албатта иш берувчидан шартнома тузилишини талаб қилиши керак ва унда қилинадиган ишнинг барча шарт-шароитлари - иш вақти, маоши, шу жумладан жароҳат олганлиги туфайли компенсация тўловлари ва тиббий ёрдам кўрсатиш шартлари акс эттирилиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG