Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:09

Тунис ва Ўзбекистон: ўхшашлик ва тафовутлар


Алексей Малашенко фикрича, Тунис билан Ўзбекистон ўртасида тафовутлардан кўра ўхшашликлар кўпроқдир.
Алексей Малашенко фикрича, Тунис билан Ўзбекистон ўртасида тафовутлардан кўра ўхшашликлар кўпроқдир.

"Тунисдаги воқеалар ижтимоий муаммоларнинг узоқ йиллар давомида ҳал қилинмай келгани оқибатидир. Ўзбекистонда, энг аввало Фарғона водийсида ижтимоий-иқтисодий бўҳроннинг тобора кучаявериши бу мамлакатда Тунисдаги воқеаларнинг такрорланиш эҳтимолини кучайтиради".


Бу фикрни москвалик шарқшунос, Москва Карнеги маркази илмий кенгаши аъзоси Алексей Малашенко билдирди.

Мухбиримиз олам билан мусулмон мамлакатларида кечаётган жараёнлар тўғрисида ҳамда Тунис билан Ўзбекистон ўртасидаги муштарак жиҳатлар ва тафовутлар тўғрисида суҳбатлашди.

Жаноб Малашенко билан суҳбатга ўтиш олдидан Африка шимоли - Мағрибда, Ўрта ер денгизи соҳилида, Жазоир билан Ливия ўртасида жойлашган, тақрибан 11 миллион кишилик аҳолига эга Тунисда юз берган, баъзи журналистлар "Ясмин инқилоби", деб аташга улгурган воқеалар хроникасига тўхталсак.

11 январ. Ишсизлик ва коррупцияга қарши декабрда бошланиб кетган норозиликлар шу куни норозилар ва кучишлатар тизимлар тўқнашувига айланиб кетди камида 35 киши ўлдирилгани хабар қилинди.

12 январ. Мамлакатни 23 йилдан бери бошқариб келаётган президент Зайн ал-Абадин Бин Али мамлакат Ички ишлар вазирини ишдан бўшатди.

13 январ. Тунисда комендант соати жорий этилди.

14 январ. Тунис президенти 2014 йилда янги муддатга қолиш нияти йўқлиги тўғрисида баёнот берди; полицияга норозиларга қарата ўт очишни тўхтатишни буюрди; шакар, сут ва нон нархини туширишни ваъда қилди.

Шу куниёқ президент Зайн ал-Абадин Бин Али мамлакатдан қочди.

Президент вазифасини вақтинча бажариш ваколатини Бош вазир Муҳаммад Ғаннучи ўз зиммасига олди.

15 январ. Тунис Конституциявий суди президент вазифасини Бош вазир эмас балки парламент раиси вақтинча бажариши ва 60 кун ичида президентлик сайлови ўтказилиши кераклигини эълон қилганидан кейин Фуад Мебазаа вақтинча президент вазифасини бажаришга киришди.

Тунисни ташлаб қочган Зайн ал Абадин бин Али оиласи билан шу куни эрта тонгда Саудияга етиб олди.

16 январ. Фуад Мебазаа коалиция ҳукумати тузиш таклифини киритди.

Тунис пойтахти Тунис шаҳрида талончиликлар ва отишмалар кузатилди. Ҳарбийлар ҳарбий техника ёрдамида пойтахт тинчлигини сақлашга уринишда давом этди.

17 январ. Тунис Бош вазири Муҳаммад Ғануччи янги коалицион ҳукумат таркибини бугун кечга қадар эълон қилишни ваъда қилди.

Айни пайтда Тунисдаги вазият ҳануз кескинлигича қолмоқда.

Тилга олинган фактлар қуруқ ҳолида баъзи бир жиҳатлари билан – бошқарувининг авторитарлиги, президентлари деярли бир пайтда давлат тепасига келгани, бошқа араб давлатларидан фарқли ўлароқ дунёвийлиги, аҳолиси турмуш даражаси ва бошқа шу каби жиҳатлари билан Ўзбекистонга ўхшаб кетадиган Тунисдаги воқеалар моҳиятини тушуниш учун етарли эмас.

Москвалик шарқшунос, Москва Карнеги маркази илмий кенгаши аъзоси Алексей Малашенкога ана ўша моҳиятни тушунтириб беришини сўраб мурожаат қилдик.

Суҳбатимиз олимнинг ислом дунёсида кечаётган жараёнлар тўғрисидаги фикрларидан бошланди.

А. Малашенко: Ўзбекистон Миср эмас, Тунис Индонезия эмас, Афғонистон Марокаш эмас деган гапларни кўп гапиришади. Лекин жараёнлар ҳаммасида ҳам бир хил кечмоқда, ҳаммасида ҳам норозилик кайфияти кучаяётганини кўраяпмиз. Мен Жазоирда уч йил яшаганман. Бу 70-йиллар охиридаги гап. Ўшандаёқ мусулмонлар орасида норозилик кучлилигини кўргандим. Охир-оқибат бу мамлакатни фуқаролар урушидан ҳеч ким сақлаб қололмади.

Ёки Эронни олинг. Бир неча ой ичида шоҳнинг қулатилиши ҳам, аслида ижтимоий норозилик оқибати бўлганди. Фақат бу норозилик исломий шаклда бўлди холос. Тунис эса, дунёвий мусулмон мамлакатдир. Лекин, иқтисодиётда кўзга кўринарли ютуқларга эришилмагач, реал демократиялашув бўлмагач, режим авторитарлигича қолавергач, партиялар мавжудлигига, французлар ва америкаликлар қўллаб-қувватлашига қарамай, бу режим пировард натижада ўзини оқламади. Аввалига, бир-икки кун тўполон бўлади, лекин президент эсон-омон қолаверади, деб ўйлашди. Лекин бундай бўлмади. Президент поезди кетиб қолганини, 23 йил ичида ҳамманинг жонига тегиб бўлганини, кўндаланг турган муаммоларни ечолмаслигини сезди ва қочди-кетди. Мана энди 60 кун ичида сайлов ўтказмоқчилар.

Лекин менимча, саҳнага энди ислом омили чиқади. Бу, янаям, яхши сценарий бўлган бўлур эди. Ёмони эса, фуқаролар уруши бошланиб кетишидир. Ва бу ҳолатда йиллар давомида пружинадай қисиб келинган исломий кучлар майдонга чиқади. Жазоирда ҳам, Эронда ҳам, Яманда ҳам шундай бўлган. Ўзбекистонда ҳам шундай.

Озодлик: Алексей Всеволодович, бир қарашда Тунис билан Ўзбекистон ўртасида муштарак жиҳатлар мавжуд ва улардан бирини ўзингиз тилга олдингиз...

- Ҳа, муштарак жиҳатлар мавжуд, лекин бу Фарғона водийсида яшил инқилоб бўлади, дегани эмас. Бироқ Ўзбекистонда, энг аввало Фарғона водийсида ижтимоий-иқтисодий бўҳроннинг тобора кучаявериши, аҳоли аҳволининг нафақат шаҳарларда, балки қишлоқларда ҳам оғирлашавериши инқилоб юз бериши эҳтимолини кучайтиради.

Тўғри постсовет Ўзбекистон кўп жиҳатлардан бошқаларга қараганда фарқли. Бошқарувининг дастлабки йилларида Ислом Каримов ўзини қобилиятли, талантли раҳбар сифатида кўрсата олди. Лекин одам амалда қанча кўп ўтирса, реал ҳаётдан шунча узилиб қолишини ҳаёт кўрсатиб турибди. Бу ҳолатни режими Ўзбекистондагидай бўлган ҳар бир мамлакатда кузатиш мумкин. Агар Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи идеалликдан йироқ эканлигини, Андижон воқеалари юз берганини, унгача эса Наманганда бўлган ҳодисаларни, реал исломий мухолифат мажудлигини назарда тутсак, зиддият чиқиб зўрайиб кетиши ва у диний шакл касб этиш хавфи мавжуддир, деди москвалик шарқшунос, Москва Карнеги маркази илмий кенгаши аъзоси Алексей Малашенко.
XS
SM
MD
LG