Линклар

Президент Каримов келаси ҳафта Брюсселга боради

  • Ҳурмат Бобожон

Талаблари бажарилмаганига қарамасдан, санкцияларни бекор қилган ЕИ энди Брюсселда президент Ислом Каримовни қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Талаблари бажарилмаганига қарамасдан, санкцияларни бекор қилган ЕИ энди Брюсселда президент Ислом Каримовни қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 24 январ куни Брюсселга боради. Европа расмийларидан бирининг айтишича, Каримов ўша куни Европа комиссияси Президенти Хозе Мануэл Баррозо ва бошқа расмийлар билан учрашади.

- Каримов билан музокаралар давомида Европа Иттифоқи раҳбарияти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалаларини ҳам муҳокама қилади, деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган Брюссел расмийси.

- Президент Баррозо билан учрашувдан мақсад, Ўзбекистон билан алоқаларимизнинг барча жиҳатлари, инсон ҳуқуқлари ва мамлакат ичкарисидаги ислоҳотлардан тортиб иқтисодиёт ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат,- деди Брюсселдаги манба.

Европа Иттифоқи 2007 йилдан бери Марказий Осиёнинг беш мамлакати билан яқинроқ алоқаларни назарда тутувчи стратегияни амалга ошириб келмоқда ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан жорий алоқалари ва президент Каримовнинг Брюсселга ташрифи ана шу стратегиянинг таркибий қисмидир, дейди суҳбатдошимиз.

- Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим минтақа ҳисобланади. Ва ЕИ дунёнинг бу қисми билан турли соҳаларда, жумладан инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги каби соҳаларда ҳам муносабатларни кучайтириш истагида. Президент Каримов билан учрашув чоғида президент Баррозо бу масалаларни ҳам кўтармоқчи. Зеро, Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан инсон ҳуқуқлари, жумладан алоҳида ҳолатлар борасида, бу давлатларни ислоҳотларга чақиришга қаратилган давомли мулоқотимиз бор. Аминманки, келаси ҳафта бўлажак учрашувда президент Баррозо бу масалаларни яна кўтаради,- деди Европа расмийси.

Президент Ислом Каримов 2005 йилги Андижон фожисидан кейин биринчи марта Европа Иттифоқи расмийлари билан бевосита учрашгани Брюсселга келмоқда.

Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган ва бу санкциялар 2009 йилда бекор қилинган эди.

Европа Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол эмбаргоси ва Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилишига бевосита алоқадор деб кўрилган 12 расмийга виза чеклови жорий этар экан бу санкциялар олиб ташланиши учун Тошкент ҳукуматига бир қатор талабларни қўйган эди.

Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши шу талабларнинг асосийси эди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб, ўзи қўйган асосий талабни кун тартибидан буткул олиб ташлаган Европа Иттифоқи, бу санкцияларни бекор қилди.

- 2009 йилда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ўзбекистонга жорий қилинган санкцияларни бекор қилди, лекин бу давлатдаги вазиятни яқиндан кузатиб борилиши айтилганди. Биз бу муаммоларни ҳам ўзбек расмийлари билан бўладиган учрашувда кўтарамиз. Яъни бу масалалар ҳам учрашувнинг муҳим жиҳати бўлади,- деди Брюссел расмийси.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифи режаланаётгани ҳақда дастлаб Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева маълумот тарқатган эди.

- ЕИ расмийлари жамоатчилик норозилигидан қўрқиб, бу ташриф ҳақидаги маълумот оммага чиқиб кетмаслигини исташяпти афтидан. Лекин, биз “Оммавий қирғин учун жавобгарликдан четда қолаётган диктатор қандай каромат кўрсатдики, унга бугун Европа Иттифоқи эшикларини очмоқда?", деган саволни ўртага қўймоқчимиз,- дейди Надежда Отаева.

Европа Иттифоқи расмийлари, ташриф ҳақидаги маълумот жамоатчиликдан сир тутилмаётгани, лекин ташриф сўнггида журналистлар учун матбуот анжумани ҳозирча кўзда тутилмаганини айтишмоқда.

Президенти Ислом Каримов ўтган йил кузида БМТ саммитида қатнашиш учун Ню Йоркка борди, йўл-йўлакай Лондонда ҳам тўхтаб ўтди. Энди унинг учун Европа Иттифоқи эшиклари ҳам очилмоқда афтидан.

Бу эса, кузатувчилар назарида, Андижон воқеаларидан кейин халқаро майдонда яккаланиб қолган президент Каримовнинг халқаро изоляциядан чиқаётгани белгисидир.

Каримовнинг келаси ҳафта Брюсселга қиладиган сафари олдидан бу тадбирнинг аҳамияти ва эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги саволларни ҳозирда Францияда яшаëтган сиëсатшунос Камолиддин Раббимовга бердик. Қуйида ушбу суҳбатни тинглашингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG