Линклар

logo-print

Arbuz.com Интернет форуми иштирокчилари ҳисбга олингани айтилмоқда

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда Интернет форумларда қатнашиш ҳам хавфли тадбирга айланиб қоладиган кўринади.

Ўзбекистонда Интернет форумларда қатнашиш ҳам хавфли тадбирга айланиб қоладиган кўринади.


Тошкентдаги бир нечта мустақил манбалардан олинган хабарларга кўра, Arbuz.com форумида фаол иштирок этиб келган бир неча киши ҳибсга олинган.

Ўз исмини ошкор қилмаслигимиз ва овозини ёзиб олмаслигимиз шарти билан Озодликка Тошкентдан туриб гапирган форумчилардан бири берган маълумотга кўра, ҳибсга олинганларга молиявий ва диний асослардаги айбловлар илгари сурилиши мумкин.

Боиси, бу форум иштирокчиларининг аксарияти ёш диндор йигитлар экани айтилмоқда ва уларнинг форумда танлаган мавзулари ҳамда қолдирган шарҳлари мазмунидан ҳам буни сезиш мумкин.

Яна бир сабаб қилиб эса ўтган йили июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалардан сўнг бу форум иштирокчилари онлайн фаолиятдан четга чиқиб, ўшлик қочқинларнинг Ўзбекистондаги лагерларга жойлаштирилган яқинларига молиявий ёрдам уюштиришда иштирок этгани келтирилмоқда.

Arbuz.com сайтида айни кезда ушбу хайрия акциясига оид маълумотларнинг батафсил ҳисоботини ҳам топиш мумкин.

Бу маълумотларга кўра, форум маъмурияти дунёнинг турли нуқталаридаги ўзбекларга мурожаат йўллаган ҳамда пул ва турли буюмлар шаклида йиғилган хайрияни тўплаб, қочқинларга йўллаш фаолияти билан шуғулланган.

Озодликка исмини ошкор қилмаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан гапирган тошкентлик форумчилардан бирининг айтишича, хайрия кампанияси давомида 10 минг АҚШ долларидан ортиқроқ маблағ йиғилган ва ўшлик қочқинлар оилаларига етказилган.

Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаганини айтиш жоиз ва шу кунларда ўзи ортидан ҳам таъқиблар бошланиб кетишидан хавфсираб турган форумчилардан олинган.

Эслатиш мумкин, Arbuz.com Интернет форуми ўзбек, рус ва инглиз тилларида сўзлашувчи зиёли ўзбек ёшлари орасида жуда оммалашиб кетган форумлардан биридир.

Унда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар билан боғлиқ ижтимоий-маданий, илмий ва спортга оид мавзулар билан бир қаторда ўзбек расмий матбуоти тилга олмайдиган ҳамда мустақил ахборот манбаларида эълон қилинган сиёсий мавзуларда ҳам кўплаб форумлар бериб борилади.

Форум иштирокчиларининг кўпчилигини эса Ўзбекистон ичкарисидан туриб шарҳ ёзаётган интернет фойдаланувчилари ҳам ташкил қилади.

Бу форум зиёли ёшларнинг онлайн клубига айланган бир маскан деб атаса ҳам бўлади.

Озодлик таҳририяти Тошкентдаги ҳибсга олишларга оид маълумотларни ойдинлаштириш устида ишламоқда ва воқеалар ривожидан сизни хабардор қилишга ҳаракат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG