Линклар

logo-print

Тунис исёни ҳақиндаги хаёлпарастлик

  • Фаррух Юсуфий

Зайн ул-Абидин бин Али 23 йил қурган салтанат тунисликларнинг иродаси олдида дош бера олмади.

Зайн ул-Абидин бин Али 23 йил қурган салтанат тунисликларнинг иродаси олдида дош бера олмади.

Тунисда иқтисодий ва ижтимоий муаммолар боис тунисликлар беш ҳафта давомида норозилик намойишлари ўтказиб, мамлакатни 23 йилдан бери бошқариб келган президент Зайн ул-Абидин бин Алини ағдариб юборишга муваффақ бўлди. Давлат тўнтаришидан аввалги вазият менга таниш бир мамлакатдаги вазиятни эслатди.


Дастлаб президент норозиликларни уюштирганларни қоралади, ҳукумат қўшинлари президент буйруғига кўра, норозиларга қарата ўт очди, расмийлар ҳалок бўлганлар сонини камайтириб кўрсатишга уринди. Норозиликлар давом этавергач, президент нон, сут ва шакар нархларини туширишни ваъда қилди. Лекин тунисликлар унга ишонмаганиданми, ё унинг 23 йиллик бошқарувидан чарчаганиданми, президентни қочириб юборди.

Тунисдаги сиёсий тузум менга таниш бўлган бошқа бир мамлакатни эслатгани ва 2010 йилги матбуот эркинлиги рейтингида бу мамлакат билан Тунис ёнма-ён тургани, қолаверса хаёлпараст бўлганим боис, ўзимча Тунис расмий агентликлари президент қочиб кетгунига қадар воқеаларни, Худо кўрсатмасин, менга таниш бўлган мамлакат бу каби тартибсизликлар рўй бергудек бўлса, қандай ёритса, шундай ёритган бўлса керагов, деган хаёл келди.

“ТунА Миллий ахборот агентлиги” хабар қилади:

“ТунА, 08.01.11 - 8 январ куни Тунис Республикаси пойтахти Тунис шаҳрида бир тўда экстремист ва террорчилар, мамлакатда юзага келган беқарор вазиятдан фойдаланиб, террор ҳуружини амалга оширишга ҳаракат қилди. Ҳукумат кучларининг самарали ҳаракатлари туфайли, мамлакатимиз эришган ютуқларини кўра олмаётган қора кучлар ҳомийлик қилаётган террорчилар тор-мор этилди. Муҳтарам Президентимиз Зайн ул-Абидин бин Али 23 йилдан бери олиб бораётган оқилона сиёсатига қарамасдан, рўй берган тўқнашувлар оқибатида бир-икки киши ҳалок бўлди. Уларнинг аксари террорчилардир. Террорчилар қўлидан ҳам бир-икки киши ҳалок бўлди, улар орасида бегуноҳ аёллар ва полициячилар бор.

Ҳурматли Юртбошимиз террорчи ва экстремистларнинг ҳаракатларини қаттиқ қораладилар. Шу билан бирга Президентимиз ютуқларимизни кўра олмаётган қора кучлар ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга ошира олмасликлари учун мамлакатдаги барча ўқув юртларини ёпиш ҳақида оқилона қарор чиқардилар.

ТунА, 14.01.11 - Президентимиз Зайн ул-Абидин бин Али 23 йилдан бери олиб бораётган оқилона сиёсати ва юртимиз равнақи учун амалга ошираётган ислоҳотларга қарамасдан, 9-14 январ кунлари Тунис Республикаси пойтахти ва қатор шаҳарларида, мамлакатда юзага келган вазиятдан фойдаланган ва ютуқларимизни кўра олмаётган қора кучларнинг Ватанимиздаги тинчлик ва барқарорликни изидан чиқариш ҳаракатлари давом этди. Ҳукумат кучлари бу қора кучлар томонидан бошқарилаётган бир тўда террорчиларга тегишли жавоб қайтариб, уларнинг кўпчилигини йўқ қилди. Тинч аҳоли орасида ҳам террорчилар қўлидан ҳалок бўлганлар бор. Мамлакатимиз Президенти ҳурматли Зайн ул-Абидин бин Али ватандошларимизга мурожаат қилиб, провокацияларга учмасликка чақирдилар. Шу билан бирга Юртбошимиз нон, сут ва шакар нархларини тушириш тўғрисида фармон эълон қилдилар. Муҳтарам Юртбошимиз Тунис Республикаси ҳеч кимга қарам бўлмагани ва қарам бўлмаслигини яна бир марта таъкидладилаб, келажаги буюк Ватанимиз - Тунисда яқин кунларда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига ишонч билдирдилар”, деб ёзган бўлса керак “ТунА Миллий ахборот агентлиги”да ишлаган журналистлар президент қочиб кетгунча.

Ҳар доимгидек, хаёлпарастлигим панд берди. Тунисдаги сиёсий тузум қанчалик мен билган мамлакатдагига ўхшамасин, тунисликлар анча иродалироқ чиқиб қолди. Ҳа, ҳа, тунисликлар ҳукуматнинг одамларга қарата ўт очишию норозиликларни куч билан бостиришга ҳаракат қилганига қарамай бир неча ҳафта туриб берди ва 23 йил “оқилона сиёсат олиб борган” юртбошиларини қочириб юборишди.

“ТунА Миллий ахборот агентлиги”да ишлаётган журналистлар энди нимани ёзишаркин?

Дарвоқе, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти 2010 йил учун тузган матбуот эркинлиги индекси бўйича Тунис 178 мамлакат ичида 164-ўринни эгаллаган. Ўзбекистонда матбуот эркинроқ, у 163-ўринда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG