Линклар

Ўшлик касалманд аёл даволанишга пул изламоқда


Ўшлик Муҳайё Комилова уйи ёниб кетиб, ҳеч вақосиз қолганини айтади.

Ўшлик Муҳайё Комилова уйи ёниб кетиб, ҳеч вақосиз қолганини айтади.

Ўш қирғинидан сўнг уйини йўқотган касалманд шаҳарликларнинг аксарияти айни пайтда даволанишга имкон топа олмаяпти. Хайрия ташкилотлардан бир маротабали ёрдам олиб, такрорий даволанишга маблағ етиштиролмаётганлардан бири ўшлик Муҳайё Комиловадир.

Ўшлик 35 ёшли Муҳайё Комилова вояга етмаган уч фарзанднинг онаси.

- Ўш шаҳрининг Ниёзов кўчаси 11-уйда яшайман. Ўшликлар бу маҳаллани Қирариқ, Увомбўйи деб айтишади, - дея гапни бошлади Мухайё опа.

Минг хижолат билан, атрофдаги одамлар гапидан чўчиб, бу суҳбатга анча тайёрланган ўшлик аёл даволанишга пул топа олмаётганидан қийналганлигини гапиради:

- 2009 йили менга сиртқи сурункали гепатит ташхиси қўйишди. Текширганда эса жигар циррози, деган ташхис қўйишди. Жигарим касал. Мен ҳозирги пайтда оғрияпман. Дўхтир Қирғизистон пулига 100 минглик дорини ёзиб берди. Кейин мени қонимда вирус бор экан. Бу вирус жуда ҳам қўрқинчли экан. Тезлик билан даволанмасам, бу жигаримни қуритар экан. Шу нарсани эшитганимдан кейин мен ваҳимада қолдим, - деди ўшлик 35 ёшли аёл.

Айни пайтда Муҳайё опа учун зарур бўлган Интерал ампуланинг бир донаси Ўшда 1100 сом турар, бу дори ҳафтасига уч маротаба эмланиши зарур экан.

Муҳайё Комилова бугунгача Ўшда бир неча ташкилотнинг эшигини қоққан. Улардан қай бирлари ёрдам қўлини ҳам чўзган.

- Мен ташкилотларга мурожаат қилдим, "ёрдам берамиз", дейишаяпти. Лекин хозирча хеч кимдан ёрдам олганим йўқ. Сентябр ойида бир курс касалхонада даволаниб чиқдим. Битта ташкилотга ялиниб юриб, мурожаат қилсам, улар дориларни олиб беришди. Мени ҳозир энг қийнаётган нарса - вирусга қарши даволанишим керак экан. Қоним айниган экан. Шуни тезлик билан даволаш керак деб, дўхтир мажбурлаяпти. “Олти ойдан кейин йўқолмаса, яна даволанасан йўқолгунича” деяпти. Мени сотиб пул қиладиган хеч нарсам қолгани йўқ. Уйларимиз ёниб кетгани учун қуруқ девордан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ. Шунинг учун ёрдамга мухтожман-да. Энди бизнинг уйларимиз тўполонлар бўлганда - 11 июн куни ёниб кетди, ўт қўйишиб юборишди. Ҳозирги пайтда қўлимда пулим йўқ. Даволанишга мухтожман.Шунга сизларга мурожаат қилишга, ёрдам сўрашга мажбур бўлдим, - деди аҳволини тушунтирар экан уч боланинг онаси Муҳайё опа.

Ўшлик Муҳайё Комиловага ёрдам беришни истаганлар унинг ўзи билан қуйидаги телефон орқали боғланишлари мумкин: +996 550 668929.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG