Линклар

Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Европа Комиссияси Президенти Хозе Мануэл Баррозо ва Белгия Қироли Алберт Иккинчига 17 январ куни йўллаган очиқ хатида ЕИ раҳбариятини демократия ва эркинлик қадриятларидан ортга чекинмасликка чақирди.


“Наҳотки, бу кишининг 2005 йилда Андижонда намойишчи халққа қарши уюштирган оммавий қатлиомини бу қадар тез унутдингизлар?” дея мурожаат қилади Эрк партияси лидери ЕИ расмийларига.

Муҳаммад Солиҳ Озодлик билан суҳбатда халқаро ҳамжамият талабларини очиқчасига инкор қилаётган ўзбек диктаторининг Брюсселга таклиф этилиши ЕИнинг иккиюзламачи сиёсатининг давоми эканини урғулади.

- Ҳозир Европа Иттифоқининг ва Белгия қиролининг даъвати биз учун янгилик эмас. Икки стандартли, икки юзли сиëсатнинг давоми деб биламиз.

Озодлик: Европа Иттифоқи Марказий Осиëни муҳим минтақа деб билар экан ва бу давлатлар билан алоқаларни ривожлантиришни муҳим деб санар экан. ЕИ Ўзбекистонга нисбатан қандай мавқе тутиши керак эди?

- Биз буни Андижон воқеаларидан кейин ҳам айтдик. Андижон воқеаларига қарши Евроиттифоқ уйғулаган санкциялар хўжакўрсинга уйғуланди ва мутлақо рамзий санкциялар эди. Каримовга қарши ҳақиқатан жазо бериш мумкин бўлганда эди, ҳеч бўлмаса Лукашенкага қарши қилинган санкциялар уйғуланган бўлар эди. Яъни сезиларли даражада ҳам иқтисодий, ҳам сиëсий, ҳам бошқа тарафдан қилинадиган ишлар жуда кўп. Масалан, Каримовнинг қизлари ўз пулларини Оврўпонинг қоқ маркази Швейцарияда сақлаяпти ва қоронғи ишларини Оврўпонинг марказида юритаяпти бу қизлар. Буларга чек қўйилиши мумкин эди. Каримовнинг ўзига Оврўпога киришни тақиқлаш мумкин эди. Масалан, Эронга уйғуланаëтган нарсани Каримов режимига ўхшаган режимларга уйғулаши мумкин эди. Лекин манфаатлар, энергия ресурслари бу масалаларни ортга ташлади ва Оврўпо Иттифоқи ҳам, АҚШ ҳам бу тоталитар режимларни алқаб, бошига кўтариб юрибди.

Озодлик: Европа Иттифоқи Ўзбекистонга жорий этган санкцияларни бекор қилар экан санкция иш бермаганини очиқлаган ва санкцияни бекор қилгандан кейин у ердаги вазиятни яқиндан кузатиб боришини айтган. Кеча мен Европа Иттифоқи расмийси билан гаплашганимда, Баррозо сизлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари кўтараëтган масалаларни ўртага ташлашини айтаяпти. Биз бунга мулоқот йўли билан эришишимиз мумкин деяпти у. Бу ҳақда сиз нима деб ўйлайсиз?

- Мулоқот йўли билан бунга ҳеч эриша олмайди. Каримов мулоқот билан эришадиган раҳбар эмас. Каримов фақат кучни тан олади, тазйиқни ва босимни тан олади. Чунки ўзи шулар билан халққа тазйиқ ўтказиб келаяпти, босим ўтказиб келаяпти ва шу билан ҳокимиятда оëқда турибди. Фақат шу йўналишда унга таъсир қилиш мумкин. Бошқа бир шаклда Каримовга таъсир ўтказиш мумкинлигини ҳеч тасаввур қила олмайман. Мумкин эмас. Чунки 20 йиллик тажрибамиз буни кўрсатди. Айни хатоларни яна такрор қилиш шартми? Мен тушунмайман ҳеч,- дейди Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG