Линклар

Тожикистон Омбудсмени бир оилани милицияга топширди

  • Гулнора Равшан

Рақибовлар оиласи бир ярим йилдан буён расмийлар ҳақсизлигидан сарсонлигини сўзлашади.

Рақибовлар оиласи бир ярим йилдан буён расмийлар ҳақсизлигидан сарсонлигини сўзлашади.

Ҳуқуқлари поймол бўлганидан эътироз билдириб, бола-чақаси билан Тожикистон Омбудсмени идорасида очлик эълон қилган Атобулло Рақибов 18 январ куни эрталаб оила аъзолари билан милиция идорасига олиб кетилди.

Ҳуқуқлари ҳимоялашни сўраб 17 январ куни эрталаб Омбудсмен идорасига борган Атобулло Рақибов, турмуш ўртоғи ва балоғат ёшига етмаган беш нафар фарзанди билан ўша идора йўлакларида ўтириб, тонг оттирганини айтади.

Омбудсмен идорасида очлик эълон қилиб, тонггача ўтирган Рақибовлар оиласи мазкур идора талаби билан 18 январ куни эрталаб Исмоил Сомоний туман ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

- 17 январ эрталабдан буён Омбудсмен идорасида эдик. Тунда совуқ коридорда ўтириб чиқдик, болаларимнинг кичиги шамоллаб, тумов бўлиб қолди. Эрталаб соат 8 да ўша идора хизматчиларидан бири Ашуров милиция идорасига телефон қилиб, бизни олиб кетишларини буюрди. Мана, бизни шу ерга олиб келишди, - дейди Исмоил Сомоний ички ишлар бўлимида биз билан суҳбатлашган Атобулло Рақибов.

Маълум бўлишича, Заркамар қишлоғида яшовчи Атобулло Рақибовга тегишли саккиз хонадан иборат уйнинг еттитаси 2009 йили Файзобод туман ҳукумати томонидан ҳеч бир огоҳлантиришсиз бузиб ташланган экан.

Ўтган бир ярим йил давомида бу оила сарсон-саргардонликда кун кечириб, Тожикистон ҳукумати, ҳуқуқ идоралари ва ниҳоят Омбудсменига мурожаат қилди.

Тожикистон Омбудсмени матбуот хизмати бошлиғи Суҳайл Қодиров ўзаро суҳбатда Рақибовлар оиласи шунинг билан иккинчи марта мазкур идорага мурожаат қилаётганини билдирди.

Қодиров жанобларининг маълум қилишича, биринчи мурожаатдан сўнг Омбудсмен идорасининг махсус комиссияси Рақибовлар уйининг бузиб ташланиши масаласини ўрганган.

Омбудсмен вакили текширувлар натижасида Рақибовларга тегишли уй ноқонуний ўзлаштирилган ерда қурилгани ҳақида Файзобод суди чиқарган қарор ўз кучида қолишини ва бу ерда инсон ҳуқуқлари поймол қилинганига оид шикоятлар асоссиз, деган хулоса чиқарилганини таъкидлади.

Бироқ Атобулло Рақибов бундай хулоса билан рози эмас. У ўзига тегишли ерни 1997 йили Файзобод туман ҳукумати қарори билан сотиб олганини ва жорий қонунлар талаби асосида шу кунгача ер солиғини ҳам тўлаб келаётганини айтди.

Рақибовнинг рафиқаси Гулруҳ Ибодова турмуш ўртоғи Россияда меҳнат муҳожирлигидан топган пули эвазига уй қурдиргани ва бугун эса суднинг адолатсиз ҳукми сабабли қаҳратонда уйсиз қолганидан шикоят қилди.

- Бу уйни Россияда тер тўкиб ишлаб топган пул эвазига яхши ниятлар билан қурдирган эдик. Лекин бугун уйимизни ноқонуний қурилган, деб бузиб ташлашди. Қишнинг шундай совуқ кунларида авария ҳолига келиб қолган бир хонада бир амаллаб кун кечираяпмиз, - дея зорланади Файзобод ҳукумати томонидан янги қурилган уйлари текислатиб ташланган Гулруҳ Ибодова.

Аёл ўтган йил декабрида ҳам бола-чақаси билан Омбудсмен идорасида очлик эълон қилганида мазкур идора раҳбари Зариф Ализода масалани ижобий ҳал қилиб беришга ваъда берганини, бугун эса тазйиқлар остида уларни милиция ходимлари қўлига топширганидан шикоят қилди.

Аснода мустақил таҳлилчилар, гарчи жорий қонунлар Омбудсменга кенг имкониятлар бериб қўйган эса-да, “тожик Омбудсмени ҳукумат чизган чизиқдан чиқмай фаолият қилаётгани”ни урғуламоқдалар.

- Омбудсмен ҳақидаги бошқа давлатлар қонунларини ҳам ўқиб чиқдим. Биздаги қонуннинг улардагидан фарқи шундаки, Тожикистон Омбудсменига кенгроқ имкониятлар берилган. Бироқ Омбудсменимиз энг дардли масалалар, хусусан, инсон ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани билан боғлиқ баҳсли масалаларни ҳал қилишга журъат қилолмаяпти, - дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос, мустақил таҳлилчи Ойниҳол Бобоназарова.

Ҳуқуқшунос бир ярим йилдан буён уйсиз қолиб, ниҳоят Омбудсмен идорасига бош урган Рақибовлар оиласи билан боғлиқ масалага ишора қилар экан, бугун тожик Омбудсмени бу оила ҳуқуқларини ҳам ҳимоялашга журъати этмаганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир йил аввал Тожикистон парламентида “Тожикистон Омбудсмени ҳақидаги қонун” лойиҳаси муҳокамага қўйилганида аксарият депутатлар Омбудсмен ҳукумат қошида эмас, балки парламент қошида ташкил этилиши таклифи билан чиққан эдилар.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий мулоҳазасича, Омбудсменнинг парламент қошида бўлиши унинг мустақиллигини кафолатлаган бўларди.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Президент томонидан тайинланган ва давлат бюджетидан иш ҳақи олаётган Омбудсмен иқтидордаги ҳукумат чизган чизиқдан чиқмай ишлашга мажбурдир.

- Шунинг учун, - дейди таҳлилчи Исмоил Раҳматов, - кўп ҳолларда тожик жамиятида инсон ҳуқуқларининг топталиши билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топмай қолмоқда.
XS
SM
MD
LG