Линклар

logo-print

Кактусга суянган жасмин ҳидли халқ

  • Сарвар Усмон

Тунис шаҳри, 2009 йил сентябр ойи.

Тунис шаҳри, 2009 йил сентябр ойи.

Тунисга боғлиқ икки оғиз сўз айтмоқчиман. Тунисшуносликка даъвоим йўқ. Лекин бу мамлакатда сўнгги йилларда икки марта бўлганим боис айтар гапим бор. Ўзбекистонда тувакдан ташқарига чиқолмайдиган кактус Тунисда дарахт бўлиб ўсишини кўрдим.


Унга суяниб тураркан Африка қуёшида синчларимни қизитдим.

Кактуснинг анжирсимон мевасини яланғоч қўл билан узиб кўрдим. Кейинги беш-олти соат кафтимдаги кўринмас тиканларни териш билан ўтди.

Ўзбекистонда тувакдан чиқолмайдиган алоэ Тунисда икки қулоч бўй чўзишини кўрдим. Соясида суратга тушдим. Ўртоқларимга мақтанаман, дедим.

Карфаген харобалари аро сайр қиларкан садақайрағочдай тарвақайлаб ўсган хитойи атиргул соясида дам олдим.

Яхши кўриб қолдим Тунисни. Севиб қолдим бу сеҳрли юртни. Бир пайтлар Қизни севгандай.

Кейинги йил яна боришим боиси шудир: хурмосидай ширин юрт Тунис, исми жисмига монанд юмшоқ юрт – туууниииссс.

Тонг саҳарлар меҳмонхонадан нарироқларни кездим. Зайтунзорларда тентидим. Хурмо дарахтларини бўйладим. Шиғил-шиғил пишиб турган шингил-шингил хурмолардан кўзим ўтди. Тош отиб қоқмоқчи бўлдим. Тортиндим.

Оддий тунисликлар яшайдиган маҳаллаларни кездим.

Қашшоқликни кўрдим. Яхши еб-ичмаганидан қуруқшаб, шафтоли қоқидай бўлиб қолган жувонларни кўрдим Хамаметда.

Бойликни кўрдим. Фаранги либосларини шуршуратиб, фарангча чулдираб, фаранги йилт янги аробаларига ўтираётган бўйдор, тар шафтолидай сип-свежий туниснисоларни кўрдим пойтахтда.

Уларнинг ойсиз тундай қаро аробий кўзларига тикилиб қарашга юрагим бетламади.

Тикилиб қарасам қайтиб одам бўлмаслигимга ақлим етди.

Оқшомлари меҳмонхона қоровули Муҳаммадни гапга солдим.

Ўрисча аралашган инглизчам Муҳаммаднинг французчага тортиб кетадиган инглизчасига тенг келолди.

Об-ҳаводан, нарх-наводан опқочишга, ҳатто исломий мазҳаблардан гап очишга етди иккаламизнинг инглизчамиз.

34 га кирганига қарамай ҳали уйланмагани сабабини сўрадим Муҳаммаддан. "Пул йиғай, уйланарман", деди. "Ёки Хорватияга кетаман. Дам олишга келганида танишиб қолганман хорватиялик қиз билан, чақираяпти", деди.

"300 евро оламан. Уй ижарасига тўлайман. Сигаретга сарфлайман. Озиқ-овқатим текин - меҳмонхонада хўжайин боқади", деди Муҳаммад.

Оқшомлари Муҳаммад билан гурунгларимизда яна бир киши бўларди. У – қоровулхонада турган кичкина телевизордаги президент.

- Қалай, дейман телепрезидентга ишора қилиб.

- Яхши, дейди Муҳаммад.

- Неча йилдан бери ўтирибди?

- 20 йилдан ошди.

- Алмаштирворай демаяпсизларми?

Чала инглизчамда бу савол қўполроқ чиқдими, ҳар қалай Муҳаммад киши билмас у ёқ-бу ёғига қараб олди.

Кейин секин "алмаштирганимиздан нима фойда, ҳар қалай буниси тўйиб бўлган, фабрика-заводлари бор, тўплаган бойлиги етти пуштига етади, янгиси келса, униям уруғ-чуруғи билан тўйдиришга яна бир неча йил кетади", деди.

- Э, ўлма, дедим. Муҳаммаднинг елкасига бир урдим. Ўзбек экансану, дедим она тилимда.

- What? деди Муҳаммад.

- Nothing, дедим. I want to sleep, дедим.

Хонамга кириб ётволдим. Ҳеч нарсани ўйлагим келмади: дам олишга келганман, зарил кептими?

Мана энди Тунис ҳам Бишкекка айланиб қолди.

Тунисда сайёҳлар автобуси ойнасидан президент саройига қарар эканман, маҳобатидан юрагим увишган эди. Янги Карфаген бўлиб кўринган эди президент саройи.

Муҳаммадларнинг бу сарой соҳибларига дахл қилиши хаёлимга ҳам келмаган эди.

Лекин дахл қилишди. Улар орасида танишим отель қоровули Муҳаммаднинг бўлмаганига ишонмайман.

Муҳаммаднинг бошқа миллионлаб тунисликлар каби ижтимоий-сиёсий апатияси бениҳоя кучли эди.

Апатиянинг агрессияга айланиши бир зумлик экан.

Муҳаммадларнинг узоқ йиллик ишсизлик алами қўли юпқалиги учун 35 га киргунича ҳам уйланолмаганидан сарфлай олмаётган сексуал энергиясига омухта бўлиб сублимацияланди.

Муҳаммадларнинг пул кўрмаган, маҳбуба сочини силамаган қўллари тош олди.

Туниснинг январи билан Бишкекнинг апрели ўхшашдир.

Ҳатто исён кўтарганлар орасида нобуд бўлганлар сони ҳам деярли бир хил – деярли 80 нафардан.

Тунисдан ҳам, Бишкекдан ҳам президентлар қочиб кетди.

Лекин воқеалар арафасида Тунис Бишкекка ўхшамас эди-ку?!

Тунисда интизом метиндай эди-ку?! Ҳар чорраҳада бир қулочли автомат кўтарган полициячиларни кўриб хайрон бўлганим эсимда.

Демак, охлократия ҳукм сурган давлат ҳам, автократ бошқарган давлат ҳам тўнтарилиш хавфидан ҳоли эмас экан-да?

Унда оддий муҳаммадларни ҳаракатга келтирадиган куч нима?

Бишкекда ҳам, Тунисда ҳам қочиб кетган президентларнинг ўзлари, уларнинг очкўзлиги ҳаракатга келтириб қўймадими муҳаммадларни?

Бакиев ўғлини бош вазирдан-да юқорироқ лавозимга тайинлаб қўйганидан кейин бошланиб кетди-ку апрел воқеалари?!

Тунис президенти эса 2002 йили терроризмга қарши курашни рўкач қилиб конституцияга ўзгартириш киритди. Натижада умрбод сайланиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ҳадларидан ошиб кетганларини очкўзларнинг ўзлари билмайдими?

Билишади. Ана Зайн ул Обидин бин Али қочиб кетишидан бир неча соат олдин "кейинги сайловга номзодимни қўймайман" деворди-ку?

Унинг тилидан биров тортмагандир-ку?!

Мана энди қочиб юрибди. Терроризмга қарши энди ким курашади?

Яна бир гап. Тунисдаги давлат тўнтаришини кўпчилик журналистлар "Жасмин инқилоби", деб атай бошлади.

Ёқмади менга бу ибора.

Жасминнинг нелигини Тунисда билдим. Унинг маст қилувчи ҳидини Тунисда туйдим.

Умуман, ҳидларни яхши кўраман.

Иссиқ нондан онам ҳидини туяман.

Неварамдан хандалак ҳиди келади.

Жасмин ҳиди, менимча, фаранги либосларини шуршуратиб, фарангча чулдираб, фаранги йилт янги аробаларига ўтираётган бўйдор, тар шафтолидай сип-свежий, ойсиз тундай қаро аробий кўзли туниснисолардан келса керак.

Инқилобдан эмас.

Инқилобдан қон ҳиди келади.

Худо сақласин!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG