Линклар

logo-print

Маҳбуслар яқинларига қарашли мулк мусодара қилинмоқда


Ўзбекистонда диний айблар билан қамалган маҳбусларга нисбатан қонунлар ғайриоддий тарзда қўлланади.

Ўзбекистонда диний айблар билан қамалган маҳбусларга нисбатан қонунлар ғайриоддий тарзда қўлланади.

Анвар қори Турсуновга суиқасд қилганлик ва Ички ишлар вазирлиги расмийси Ҳасан Асадовни ўлдирганликда айбланиб, узоқ муддатларга қамалган 14 кишининг жами бир миллиард сўмдан зиёд миқдордаги мол-мулки мусодара қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.


Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотига кўра, маҳкумлар яқинлари яшаб турган уйлар ҳам мусодара қилинаётгани боис, улар кўчада қолиши хавфи бор.

Уйлари мусодара қилиниши хавфи остида қолганлар орасида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ мавзусида яшовчи 48 ёшли Турсуной Тошпўлатова ҳам бор.

Турсуной опанинг Озодликка айтишича, 27 ёшли ўғли Собитхўжа Тошпўлатов Анвар қори Турсуновга суиқасд қилганлик ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддиси Ҳасан Асадовни ўлдирганликда айбланиб, 17 йилга қамалган.

Тошкент шаҳар суди ҳукмига кўра, ҳозирда Турсуной Тошпўлатова иккинчи ўғли билан яшаб турган икки хоналик квартирани давлат ҳисобига мусодара қилиш жараёни бошланган.

Турсуной опа ўғли Собитхўжа бу квартирада умуман яшамаган бўлса-да, уй мусодара қилинаётганини айтади.

- Уй ўғлимнинг номида эмас. Лекин улар бу ëққа келишган экан, йиғилишган экан. Шу ерда бўлишган, йиғилишган. "Как предмет преступления" деб бу уйни нима қилаяпти. Ўғлимга тегишли ҳеч нарса йўқ бу ерда. У бу ерда яшамаган ҳам. Уй синглимнинг номида. Мана мусодара бўлаяпти ҳозир. Келиб уйимни хатлаб кетишди мусодарани кўрсатиб менга “Шунақа қарор чиққан. Шунақа нима бор” деб. Ҳукм менинг қўлимга тегмагандан кейин мен уни билмаганман. Албатта, судда бўлмаганман. Ҳеч нарсани билмайман. Ҳозир мен Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик судига бердим. Уйимни хатлаш нимасидан чиқаришни улар менга рад қилишди. Кейин мен шаҳар судига бердим. Шаҳар судида ҳам мана 24 декабрда кўришди. Унда ҳам менинг нимамни рад этишди. Менинг бориб яшайдиган жойим йўқ. Кўчада қолиб кетаяпман. Қаерга бориб яшайман? Эртага яшашга кимникига бораман?- дейди Турсуной Тошпўлатова.

Собитхўжа Тошпўлатов 2009 йилнинг 9 августида Анвар қори Турсунов ҳаётига суиқасд ҳамда полковник Ҳасан Асадовнинг ўлимида айбланиб ҳибсга олинган эди.

2010 йилнинг 4 мартида Тошкент шаҳар жиноий ишлари бўйича суди уни 159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244/2-модда (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) каби жами 23 модда бўйича айбдор деб топиб, 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.

Турсуной Тошпўлатова ўғлининг айбсиз эканига ишонишини ва унинг айби намозхон бўлганида эканини айтади.

- Собитхўжага бир нечта статя қўйишган. Асосийси 159. Қорининг ишидан бошланган. Бунақа ишларга, Асадовга ҳам тегишли эмас. Умуман яқинлашмаган. Унақа нарсани билмайдиям. Булар фақат иккита-учта бола бўлиб илм ўрганишган. Ҳар борганда “Нимага сенга бунақа 17 йил беради? Нима учун? Сен 17 йил ўтирадиган нима иш қилгансан?” деб сўрайман. “Она, ҳеч нарса қилмаганман” дейди, Турсуной Тошпўлатов.

Тошкент шаҳар жиноий ишлари бўйича судининг Чирчиқ шаҳрида ўтган сайёр судида Собитхўжадан ташқари яна 13 йигит ҳам судланиб, узоқ муддатларга қамалган эди.

Суд ҳукмига кўра, ҳозирда ушбу 14 йигитнинг мол-мулкини мусодара қилиш жараёни бошланди.

Суд жараёни ва маҳбуслар тақдирини яқиндан кузатиб келаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, 14 йигитнинг жами бир миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги мол-мулки мусодара қилиниши айтилмоқда.

- Муштарак тартибда жиноий ташкилотнинг жиноий ҳаракатлари натижасида давлат манфаатларига етказган бир миллиард 656 миллион 172 минг 430 сўмлик моддий зарар ундирилсин деяпти мана шулардан. Ҳозир бирин-кетин ҳаммасига нисбатан мусодаралар бошланган. Яъни кимнингдир автомобиллари бўлган, кимнингдир уйлари бўлган, гаражлари бўлган ва ҳоказо. Ҳозир унақалар кўпайиб бораяпти. Ҳозир бизларга яна бир нечта жойдан телефон қилишди. Бирин-кетин келишса керак ҳаммаси. Деярли ҳаммасининг уйи ва ҳаммасининг унга қарашли автомобилларини мусодара қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, маҳбуслар яқинларига тегишли мол-мулкнинг мусодара қилиниши оқибатида, улардан кўпчилигининг кўчада қолиш ҳавфи бор.

- Бир хилларининг уйида унинг укалари деймизми, яқинлари яшаяпти. Лекин ҳозир суд ижрочилари келиб талаб қўяяптики ўша ердан чиқиб кетиш ва уйни бўшатиб бериш. Улар қаëққа боради? Ҳозир аҳвол жуда қизиқда. Ҳозир булар судларга бориб, Олий судларга аризалар ëзиб юришибди. Ҳозир биз Собитхўжа Тошпўлатов тўғрисидаги нималарни ўрганиб чиқдик. Бу мутлақо унга ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган. Яъни унинг онаси турган. Собитхўжа умуман бошқа жойда яшаган. Ундан ташқари бу уй онасининг эмас унинг холасининг номида бўлган. Шунга қарамасдан куч ишлатиб, зўравонлик орқали бу уйни олиб қўйишмоқчи. Бундан ташқари яна янги қўнғироқлар келаяпти. Деярли ҳаммасининг уйи ва автомобилларини мусодара қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

2009 йилнинг 31 июл куни Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов ўз уйи олдида пичоқлаб кетилган эди. Анвар қорига номаълум шахслар уч марта бора пичоқ урган ва унга оғир тан жароҳати етказган. Имом-хатиб бу суиқасддан омон қолган.

2009 йилнинг 9 август куни Ўзбекистоннинг бош аксилтеррорчиси - Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши кураш Бошқармасиинг расмийси Ҳасан Асадов Тошкентда, ўз уйида беш жойидан отиб ўлдирилган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, Анвар қори Турсунов ҳаётига суиқасд қилганлик ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходими Ҳасан Асадовнинг ўлимида айбланиб мамлакат бўйича жами 200дан зиёд киши ҳибсга олинган ва улардан 84 нафарининг шахси маълум. Чирчиқда судланган 14 йигитдан ташқари бошқа судланганларнинг ҳам мол-мулкини мусодара қилиш жараёни бошлаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG