Линклар

Навоий қамоғидан Марғилонга тобут келди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар эътиқод тутқунларини "тутдек тўкмоқда."

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар эътиқод тутқунларини "тутдек тўкмоқда."

Навоий қамоқхонасида жазо муддати ўтаётган яна бир маҳбуснинг жасади Марғилондаги уйига келтирилди ва 3 соат ичида, қаттиқ назорат остида дафн этилди. Марҳум 42 ёшли Журъатхон Акрамовнинг онаси Тўхтахон Акрамова ўғлининг эътиқодидан қайтмагани боис қийнаб ўлдирилганига шубҳа қилмайди.


Тўхтахон ая бир ой муқаддам қамоқхонага бориб учрашганида ўғлининг саломат эканини айтар экан, ўғлим ҳамманинг олдида “Эътиқодимдан қайтмайман”, дегани учун жисмонан йўқ қилинган, дейди.

1968 йилда туғилган марғилонлик Журъатхон Акрамов 2000 йил 6 январда “Ҳизбут-Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Онаси ўғлининг Ўзбекистонда тақиқланган ушбу диний оқимга аъзо бўлган ёҳуд бўлмаганини аниқ билмайди, aммо ўғли билан сўнгги учрашуви чоғида ўғлининг қамоқхона маъмурияти, махсус ҳайъат ва оила азолари ёнида айтган сўзларини аниқ эслайди.

- Бир 10 киши давра қуриб ўтирган экан. Муассаса раҳбарлари келишдида мажлис ўтказишди. “Ўғлингиз эътиқодидан қайтмаяпти. Айтдингизми қайтгин деб?” дейишди. “Айтаман” дедим. “Чиқишини хоҳлайсизми?” деди. “Албатта хоҳлайман. Ҳар куни кўчага чиқиб кутаман ўғлимни, чиқиб келиб қолса деб” дедим. “Нима дейсан онангнинг олдида?” деган эди, “Мен эътиқодимдан қайтмайман. Шу динга шунчалик нима берганман. Оллоҳнинг олдида берган ваъдамни мен бузмайман” деди. Кейин “Мана кўрдингиз. Бу ўзининг эътиқодини маҳкам ушлаб сизларни ўйламаяпти” деди.

Кейин йиғилишни тугатаëтган эди яна битта одам кирди. У ҳам сўради. Ўғлим “Ҳамма гапларим деломда ëзиб қўйилган” деган эди, унинг аччиғи келиб “Нимага менга жавоб бермай унақа дединг? Мана шунда ҳам шу гапинг билан ички тартибни бузаяпсан” деди. Жуда қаттиқ, хунук нимада бўлди ҳалиги одам. “Сиз кимсиз? Ўзингизни таништирмадингиз. У ëқдан келиб гапираяпсиз. Биратўла шу йиғилишда ўтириб ҳамма гапни ҳамма баробар эшитмайдими?” десам, “Тезкор гуруҳнинг раҳбари бўламан” деди. Отини айтмади,- Марғилондаги уйига жасади қайтган Журъатхон Акрамовнинг онаси.

Тўхтахон ая ўша мажлисда “Тезкор гуруҳ раҳбариман”, деган, аммо исмини айтмаган кишининг ўғлига муомаласини кўрганидан кейин оромини йўқотганини, уйга қайтганидан роса бир ой ўтиб, яъни 7 январ куни тонгда унинг эшигини қоққан маҳалла раиси ўғлининг ўлими ҳақида хабар келтирганини айтади.

- Маҳалла раиси чақириб келди. Эрталаб тонг ëришаëтган пайт эди. “Ўғлингизни олиб келишди ая. Ўғлингиз бандачилик қилиб қолибди” деди. “Нимага? Соппа-соғ эди. Нима бўпти?” десам, “Бўлинг, жойини ҳозирланг. Қаерга олиб кирамиз?” деди. Шу билан уйга жой қилдим. Олиб киришди. Соат 11га олиб чиқиб кетамиз дейишди. (йиғлаб) Милицияхона раҳбари, ГАИ, ҳоким ҳаммаси шу ерда бўлди. Ҳамма келаëтганларни расмга олишди. Кейин домлаларни олиб келишди. Қабрни ҳам ўзлари буюришибди. Шунақа қилиб икки соатнинг ичида олиб чиқиб кетишди,- дейди Тўхтахон ая.

Тўхтахон ая ўғлининг жасадини кўздан кечиргач, у қийноқдан ҳалок бўлган, деган хулосага келганини айтди.

- (йиғлаб) Бошлари катта ëрилган, йўғон ипларда тикилган. Томоғининг тагидан қорнининг пастигача тикилган катта-катта. Дубинка, калтакнинг зарби. Боламнинг ҳамма ëғи кўкарган. Уриб ўлдиришган диний эътиқодидан қайтмагани учун,- дейди кўз ëшларини тўхтата олмаган Тўхтахон ая.

Аммо, Тўхтахон Акрамованинг қўлига берилган қоғозда ўғлининг юрак хуружидан вафот этгани ёзилган.

- Бешинчида ўлган деб олиб келиб беришди қоғозида. Бирорта печат ҳам, бошқа нарса ҳам йўқ. Юраги чатоқ бўлиб, бошига қон қуйилибди эмиш. Ўғлим хотиржам ўтирарди. Давлениеси ҳам ошмаган, юраги ҳам ëмон бўлмаган. (йиғлаб) Ҳар сафар бориб кўнглим тинчир эди. Бу сафар уларнинг важоҳатини кўриб “Кетсам нима қилар экан бу болани? Ҳаракатлари хунук” деб жуда ҳам хафа бўлиб келган эдим,- дейди Тўхтахон ая.

Марҳум маҳбуснинг онаси бир парча қоғозга битилган шифокор ҳукмига ишонмаслиги, ўғлининг қийноқлар остида жон берганига ишончи комиллигини айтди.

Тўхтахон Акрамова қамоқхонада эътиқодидан қайтмайдиган маҳбуслар оғир қийноқларга солинишига ишончи комил эканини айтар экан, ўз ўғлига қўлланган қийноқларни тилга олди.

Унинг сўзларига кўра, 2009 йилда жазо муддатини ўтаб бўлган ўғлига қамоқхона ички тартибини бузди, дея яна 3 йиллик қамоқ муддати қўшиб берилган.

Сўнгра ўша йилнинг 19 январида Жаслиқдан Навоийдаги қамоқхонага олиб келинган йигитдан муттасил равишда эътиқодидан қайтиш талаб қилинган ва қайтмагани боис Журъатхон Акрамов ҳамда яна 24 маҳбусга қийноқнинг жуда оғир тури қўлланган.

- 19 январ куни олиб келишган. Олиб келиб мана шу вақтгача ташқарида сақлашди.

Озодлик: Ташқарида деганингиз нима?

- Эрталаб беш яримда олиб чиқиб қўяр экан. Кечқурун олтида киргазиб, кейин ëтоқда ëтқизар экан.

Озодлик: Очиқ ҳавога олиб чиқиб қўйишарканми?

- Ҳа. Ëпиқ айвон ҳам эмас, очиқ. Қишда ҳам, ëзнинг иссиғида ҳам ўша ерда ўтиришди.

Озодлик: Неча киши ўтирди у ерда?

- Бошида 25 киши дер эди. Икки йиллардан кейин 15 киши қолишди. Ярмини изоляторда 15 кун сақлар экан, ярми эшикда ўтирар экан. Кечаги борганимизда шунақа деди.

Озодлик: Нимага унақа қилишди?

- Диний эътиқодидан қайтмагани учун,- дейди Тўхтахон ая Акрамова.

У киши ўғли билан бўлган суҳбатга таяниб, бу 25 маҳбус ичида бўлган андижонлик маҳбуслардан бири эътиқодидан қайтмаганларга қўлланиладиган бошқа бир қийноқ туридан оламдан ўтганини эслаб ўтди.

- Ўтган йил борганимда, андижонлик бир боланинг ўлигини олиб кетишибди. Сабабини сўрасам, болам “Беш-олти мартадан қамалиб умрбод қамоқда ўтирганлар бор. Шуларнинг ичига қўйиб берди. Шулар калтаклаб уриб ўлдиришди. Кейин мени ҳам ўша хонага бир кун олиб кирди. Роса асабимга тегадиган гаплар қилишди. Аммо индамай ўтираверган эдим, тўрт соатдан кейин олиб чиқиб кетиб яна жойимга қўйишди” деди. “Худо сақлабди сени” деган эдим,- дейди Тўхтахон ая.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида истиқомат қиладиган Тўхтахон Акрамованинг “Ҳизбут-Таҳрир”да айбланган яна бир ўғли қамоқда соғлиги ўта оғир аҳволга тушгани боис муддатидан аввал озодликка чиқарилгани ва уйига қайтганидан икки ой ўтиб, сил касалидан вафот этганини ҳам гапириб берди.

Акрамова Ўзбекистон турмахоналарида жон берган иккала ўғли ҳам эътиқодидан қайтмагани боис қийноқлар остида ўлдирилган, деган фикрда эканини такрорлар экан, панжара ичкарисида яна бошқа юзлаб эътиқод тутқунлари айни қисматга дучор эканига гувоҳ эканини айтади.

Тўхтахон Акрамова Озодликка интервю берар экан, сўзлари якунида Озодликнинг бундай қисматга дучор кўплаб тингловчилари тилга оладиган саволни такрорлади: “Бизга ўхшаган оналарнинг додини тинглаб, озодлигидан маҳрум бўлган мусулмонларни шу куйларга солаётган одамларга жазо берадиганлар борми?!”

Эслатиб ўтамиз, Журъатхон Акрамов йил бошланганидан бери Ўзбекистон қамохоналарида нобуд бўлган маҳбусларнинг биринчиси эмас.

4 январ куни Навоий қамоқхонасидан тошкентлик 32 ёшли маҳбус Улуғбек Ғофуровнинг жасади Тошкентдаги уйига олиб келинди.

11 январ куни Жаслиқ қамоқхонасидан 48 ёшли маҳкум Адулфаттоҳ Раимохуновнинг ўлиги тобути Марҳаматдаги уйига олиб келинди.

13 январ куни эса Чирчиқдаги қамоқхонада қийноқларга норзилик сифатида олти маҳбус ўз жонига қасд қилгани, улардан бири вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларига кўра, 2010 йилда Ўзбекистон қамоқларида қийноқлардан 40қа яқин маҳбус нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG