Линклар

logo-print

Қирғизистон Омбудсмани салафини судга бермоқчи

  • Сарвар Усмон

Турсунбой Бакир ўғлининг парламентда намозхона ташкил қилиш ташаббуси можарога сабаб бўлди.

Турсунбой Бакир ўғлининг парламентда намозхона ташкил қилиш ташаббуси можарога сабаб бўлди.

Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари кенгаши парламент депутати, Қирғизистоннинг собиқ Омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли билан ҳар қандай мулоқотни тўхтатажагини эълон қилди. Шу куни Қирғизистон Омбудсмани Турсунбек Ақун Бакир ўғлини судга беражаги тўғрисида баёнот берди.


Хўш, Қирғизистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари нима учун Турсунбой Бакир ўғлидан ёппасига юз ўгирмоқда?

Шов-шув кўплигидан денгиз тошса тўпиғига чиқмайдиган бўлиб қолган қирғизистонликлар ўтган ҳафтада эфирга узатилган бир кўрсатувни шу кунгача ҳам сақич қилиб чайнамоқда.

Азаттиқ радиоси ва мамлакат ТВсининг қўшма лойиҳаси -"Ноқулай саволлар" кўрсатувида "Ор-номус" партиясидан Жўғўрқу Кенешга сайланган депутат Турсунбой Бакир ўғли ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Динара Ошурахунова қатнашди.

Кўрсатув бошланиб-бошланмаёқ депутат билан ҳуқуқ ҳимоячисининг даҳанаки дуэлига айланиб кетди.

Гап шундаки, кўрсатув эфирга чиқиши арафасида депутатларнинг намозхонлари парламент биносида намозхона очиш ва жума намозларига бориш учун имконият яратиш масаласини ҳал қилиб олгандилар.

Динара Ошурахунова ва унинг қатор сафдошлари намозхон депутатларнинг қарорини Конституцияга хилоф амал, деб баҳолади.

30 минутли кўрсатувда Турсунбой Бакир ўғли айтган гапларни битта жумлага, Динара Ошурахунова айтган гапларни бошқа бир жумлага жамласа бўлади.

Бакир ўғли ҳуқуқ ҳимоячиларини Ғарбга сотилганликда, Ошурахунова намозхон депутатларни Конституцияни бузганликда айблади.

Бош гап шу. Лекин кўрсатув давомида томонларнинг бир бирига бақириб чақиришлари, ўрниларидан туриб кетиб, студияни ташлаб чиқиб кетишга уринишлари томошабинлар асабларини жунбушга келтирди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Бакир ўғлига 18 январ куни бойкот эълон қилиши сабаби ана ўша кўрсатувдир.

Афтидан, ҳозирги Омбудсман Турсунбек Ақун билан собиқ Омбудсман Турсунбой Бакир ўғли орасидаги муносабатлар ҳам ўта таранг.

Ақун Бакир ўғлини судга бермоқчи.

Тилга олинган фактлардан келиб чиқиб, Турсунбой Бакир ўғлига бир неча савол бердик.

Озодлик: Намозхона масаласини катта сиëсий масалага айлантирмасдан, можаро даражасига етказмасдан, парламент биносининг завхозига айтиб, битта хона ажратиб қўйса ҳам бўлаверар эдику. Нимага шунақа қилмадинглар? Қанча хоналар бордир.

- Бу масала ечилган масала эди. Қирғизистон Олий кенгашининг спикери ва фракцияларнинг вакиллари шу масалани кўтаришиб, масала ечилган эди. Шунинг учун хона эмас, ҳукумат уйи ëки Оқ уй деб қўямиз, шунинг биринчи қаватида хона эмас залнинг бир парчасини ажратиб намозхона қилаяпмиз. Лекин бу масалани катта бир сиëсий масалага айлантирган давлат эмас ташкилотлар. Сабаби биз тушуниб турибмиз чет ўлкалик хўжайинлари буйруқ беришиб, “тўполон чиқаринглар” деб ҳамиша исломга қарши чиққанлар буларни қўзғаб қўйишди. Булар бўлса пулни ўша ердан олишаяпти. Шунинг учун атайин сиëсий масалага ислом душманлари қатори айлантириб юборишди.

Озодлик: Ҳозирги гапингизни Динара Ошурахунова билан бўлган суҳбатда бир неча марта айтдингиз. Агар кайфиятларни жиловлаб қараладиган бўлса, Динара Ошурахуновани ҳам тушуниш мумкин. У “бизнинг талабимиз конституцияга биноан” деяпти.

- Конституцияда ҳеч қандай унақа сўзлар йўқ. Динара ва уни қўллаган бедавлат ташкилотлар атайин бу масалани урчитишиб, сабаби улар қанча кўп исломга қарши курашса, улар анча чет давлатларга ëқади. Шунинг учун шу масалани кўтаришди. Конституцияда ëзилиб турибди дин озодлиги бўйича, одам Худога ишонган ҳуқуқи бўйича. Шунинг учун биз 15-20 депутатлар намоз ўқисак ўзимиз учун ўқияпмиз. Ҳеч кимни мажбурлаганимиз йўқ. Шунинг учун булар тўполон қилиб юборишди. Мен тушуниб турибман нима учун. Мен яна бир марта айтгим келади, агарда биз намоз ўқисак, ўзимиз учун ўқияпмиз. Намоз ўқимаганларни мажбурлаганимиз йўқ биринчидан. Иккинчидан, биз намозни пешиндаги овқатнинг ўрнига ўқияпмиз. Бошқа депутатлар ўша пайтда овқатланаяпти. Биз ўша пайтда намозларимизни ўқияпмиз. Ҳеч кимга зарари йўқ. Давлатдан бир тийин кетгани йўқ.

Озодлик: Нафақат намозхона балки ўша жума намозларига бориш учун танаффус масаласини ҳам ҳал қилдинглар. Бу масалани ҳал қилишга киришар экансизлар қўшни давлатлар тажрибасини ҳам ўрганган бўлсанглар керак. Қўшни мамлакатлар Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон парламентларида бу масала қандай ҳал қилинган?

- У ерда қанақа масала бўлганини мен депутатлардан сўраганман. Бу масала у ерда қўйилгани йўқ. Шунинг учун Қирғизистон яна бир марта бу масалани ечишда ëлғиз ечаяпти. Бунга ҳеч ҳайрон қолиш керак эмас. Сабаби Қирғизистонда депутатлар эркин. Парламент республика. Депутатлар қанақа келишса, шунақа бўлади.

Озодлик: Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари кенгаши сизга бойкот эълон қилишди. Хабарингиз бордир. Шунга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

- Бу менга филни пашша чаққандай сезилаяпти. Ҳеч қўрққаним йўқ. Сабаби биз билан ҳисоблашмаган. Халқнинг 95 фоизи Қирғизистонда мусулмонлар. Булар ҳеч қачон битта ҳам мусулмоннинг ҳуқуқини ҳимоя қилганин йўқ. Элга, давлатга, халққа бефойда ташкилотлар билан мен ҳеч қачон ҳамкорлик қилган эмасман. Йўқ нарсани булар бор қиламиз деяпти. Шунинг учун мен ҳеч кўнгил бузганим йўқ. Менга барибир.

Озодлик: Турсунбой Акун эса сизни судга бермоқчи.

- Бераверсин. Сабаби бу Қирғизистондан қочиб кетган президент Бакиевнинг охирги қуйруғи, охирги хушомадгўйи. Бу атайин Омбудсман, ўша инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган конституциявий органни йўқ қилгани учун келди ва мен билан курашгани келди. Бунинг хўжайинлари қочиб кетган. Шунинг учун бу “ўлимидан олдин” ҳар бир ҳаракатга бораяптида. Шунинг учун мен бу бандани тўғри тушунаман. Бечора деяпман буни. Қўлидан келган ишни қилаверсин. Лекин бу ишлай олмади. Шунинг учун парламент бунга ўз баҳосини беради.

Озодлик: Гўëки сиз Турсунбой Акунни порахўрликда айблабсизмиш, шунинг учун сизни судга берганмиш. Шундай бўлганми?

- Бераверсин. Сабаби ...

Озодлик: Йўқ, сиз порахўрликда айбладингизми айбламадингизми?

- Менга шунақа аудиоëзув тушган. Шуни мен эшиттирай десам комитетда, булар атайин комиссия туздик деяпти, комиссияда эшитилади бу ва иншооллоҳ мартда Омбудсменнинг ишлари бўйича атайин парлемант эшитуви бўлади. Ўшанда шу масалалар албатта қўйилади.

Озодлик: Демак, Турсунбек Акунни порахўрликда айблаш учун сизнинг қўлингизда ҳужжат бор.

- Диск бор менда. Бундан ташқари халқдан тушган аризалар бор пул олганлиги тўғрисида. Шунинг учун ҳамма нарса комиссияга берилади. Иншооллоҳ комиссиянинг ҳаммаси танишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG