Линклар

Табрикларим, жаноб Каримов!


Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг жамоатчилик билан алоқа қилиш дастурлари раҳбари Эндрю Стролайн.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг жамоатчилик билан алоқа қилиш дастурлари раҳбари Эндрю Стролайн.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Брюсселга таклиф қилинганига халқаро ташкилотлар ўз муносабатини билдирмоқда. Хусусан, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн European Voice газетасида “Табрикларим, жаноб Каримов!” номли очиқ мактуб эълон қилди.


Ўзбекистоннинг муғомбир президенти Брюсселга қилажак сафари олдидан, унга тасанно билан битилган мактуб.


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, узоқ йиллардан бери биринчи марта Брюсселга расмий сафар билан келишингиз арафасида сиз катта олқишларга лойиқсиз. Сиз узоқ давом этган ўйиннда маҳоратингизни намойиш қилиб ва Европа ташқи сиёсатини юргизувчиларни бу маҳоратингиз ила доғда қолдириб, халқаро яккамахов мақомидан қутилишда бошқаларга ўрнак бўлишингиз мумкин.

Ҳар қандай авторитар ҳукмдор ҳам БМТнинг маҳбуслар “систематик” тарзда қийноққа солиниши ҳақидаги ҳисоботлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг сиёсий маҳбусларга оид узундан-узоқ рўйхатларини инкор қила олиши мумкин. Лекин сиз, бундайларнинг сардори ўлароқ, Европа Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозо билан учрашишга муваффақ бўляпсиз. Ахир, Африка ёки Беларусдаги ўрта миёна ва ҳеч нарсага ярамайдиган диктаторлар бундай учрашувни тушида ҳам кўрмаса керак.

Хавфсизлик кучларингиз 2005 йилнинг май ойида Андижонда 700га яқин тинч намойишчиларни қатлиом қилганидан сўнг дунё сиз учун бироз қоронғу кўринган бўлиши мумкин. Европа Иттифоқи мамлакатингизга қарши санкцияларни, жумладан баъзи расмийларингизга (албатта, сиз бундан мустасно бўлдингиз ва бунинг учун тақсинга сазоворсиз) виза чекловини жорий қилди. Брюссел санкцияларни бекор қилиш учун аниқ талабларни белгилади, улар орасида халқаро тергов ўтказиш ва инсон ҳуқуқлари (улар учун бу нимани англатишини айтиш қийин) вазиятини яхшилаш чақируви бор эди.

Лекин сиз бу гаплардан тушкинликка тушдингизми? Йўқ албатта, жаноб. Дунёдаги ҳар қандай етакчидан кўра кўпроқ иқтидорда бўлган сиёсатчиларга хос тажрибангиз туфайли ва бу тажрибага асосланган талантли сиёсатчи ўлароқ, халқаро ҳамжамият шохида юрса, сиз баргида юришингизни намойиш қилиб, уларни яна доғда қолдирдингиз.

Очиғини айтиш керак, халқаро ҳамжамият сизга қарши қўяётган хаваскор сиёсатдонлар устидан кулаётган бўлсангиз керак, албатта. Мен, сиз 20 йил аввал ҳокимият тепасига келганингизда Баррозо ҳали Португалия ташқи ишлар вазири лавозимига кўтарилмаганини назарда тутяпман. Ҳиллари Клинтон эса, у пайтларда шунчаки Арканзас штатининг “Биринчи хоними” эди.

Бу ўйинда ҳар доим енгингиз ичига бир-иккита кузур қарталарни яшириб қўйганигизга ҳам қойил қолиш керак. Ғарбнинг сизга қизиқиши сўниши биланоқ, Россияга дўст тутиндингиз ва Вашингтон билан Брюссел расмийлари сиз билан учрашгани ошиқди. Ташқаридан танқидлар бироз кучайганда, сиз гўё яхши ниятдаги одам сингари бирорта сиёсий маҳбусни озод қилдингиз – лекин ўзбекистонликларга уйда ким хўжайин эканини эслатиб туриш учун озод қилинган бир-икки киши ўрнига тўрт-бештасини қамоққа ташладингиз.

Бу ўйинни ўйнаш сиз учун осон бўлмагани ва ҳар бир қадамингизни ўйлаб босишингизга тўғри келганини ҳам тан олиш керак. Сиз Ўзбекистон жануби-ғарбида ҳарбий базаси бўлган америкаликлариниг ковушини тездагина тўғрилаб қўйиб, мамлакатингизда ҳарбий базаси бўлган немисларни чўчитиб қўйдингиз. Бу билан санкцияларни қайта кўриб чиқиш жараёнида Берлиннинг таянчини қозондингиз ва қадамба-қадам, бир неча йил ўтиб санкциялар бутунлай олиб ташланди.

Лекин сиз бу санкциялар жиддий бўлмаганини бошиданоқ сезгансиз, албатта. Балки бунга ички ишлар вазирингизни Ҳанновердаги ҳашаматли касалхонада даволаган Германиянинг санкциялар кучга кириши биланоқ уларни бекор қилишга ошиққани сабаб бўлгандир? Ёки Европа Иттифоқи махсус вакилининг Тошкентда кунда-шунда бўлиб сиз билан учрашишни ёқтириб қолгани ва 2008 йилда сиз дунёни сайлов деб тан олишига эришиганингиз тадбирда 88 фоиз овоз билан ғалаба қилганингиздан кейин сизни табриклагани ошиққани бунга сабаб бўлдими?

Нима бўлганда ҳам, сабрнинг таги олтин, деганларидек, ЕИ охир оқибат бундан чарчашини яхши билардингиз. Лекин ЕИ ҳам бошданоқ сизни хафа қилиш ниятида эмас эди, аслида.

Боз устига, режимингиз дипломатлари сиёсат жиҳатидан ЕИдаги ҳамкасбларидан кўра анча абжирроқ эканини намойиш қила олди. Европа комиссиясида Марказий Осиё масалалари билан шуғулланадиган кишилар тез-тез алмашиб туришига қарамасдан, дипломатларингиз янги келган ҳар бир кишини инсон ҳуқуқлари яхшиланишига бироз қолганига ишонтира олди. Бу одамлар режимингизнинг ислоҳотларга бўлган ёндашувидан хафсаласи энди пир бўлай деб турган пайтда, улар Европа бюрократик машинасидаги бошқа жойдан иш қидиришар, уларнинг ўрнига эса янги ҳали бу масалаларда гўлроқ бўлган кишилар келишарди.

Шундай қилиб, атрофингиздаги барча ўйинчилар алмашса ҳам, тасаннолар бўлсинким, сиз жойингизда, собит қолдингиз.

Халқаро танқидларнинг янги тўлқини кўтарилганда ҳам, сиз уларни осонгина бостиришга муваффақ бўлдингиз. Чунки пахтадан қилинган либосларни кийишни хуш кўрадиганларнинг аксари бу пахта қаердан ва ниманинг эавзига келиши билан қизиқмаслигини сиз бошқалардан кўра яхшироқ тушунасиз. Шунинг учун мамлакатингиз экспорт қиладиган асосий маҳсулот – пахта мажбурий болалар меҳнати эвазига етиштирилиши, икки миллиондан ортиқ бола икки ой давомида ўқиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, далага ҳайдалиши халқаро дипломатияни ташвишга солмайди.

Сиёсий маҳбуслар ва қийноқлар ҳақидаги шовқинни осонгина бостирганингиз каби, ғарбликлар деярли бехабар бўлган олис бир юртдаги инсонлар тақдири кўпчиликни қизиқтирмаслигини тўғри англадингиз, жаноб. Шунинг учун ўз йўлингизда давом этиб, сизга хира пашшадай ёпишган танқидчиларингизни писанд қилмай келяпсиз.

Шундай қилиб, жаноб Каримов, 24 январ куни жаноб Баррозо билан машварат қиларкансиз – Европа Иттифоқи Тунисда 20 йилдан ортиқ ҳукм сурган диктаторни ағдарган халқни қўллаб-қувватлашини изҳор қилганига ҳеч қанча бўлмаган бўлса-да – сиз ҳақиқий ғолиб сифатида қабул қилинажаксиз. Сиз Ғарбнинг ҳурматини қозондингиз ва барчамизни қойил қолдирдингиз. Сиз ҳаммани лақиллата олганингиз ва бу ўйинда ҳаммадан узоқ қолганингиз учун бугун халқаро ҳамжамият ҳамюртларингиз каби сизга таъзим бажо келтирмоқда. Сиз бу ўйниннинг ҳақиқий устаси ва бошқаларга ўрнаксиз. Яна бир бор табрикларимни қабул айланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG