Линклар

Ўзбекистонда 40 йил хизмат қилган, 2003 йилдан буён эса Свердловск вилоятида яшаётган Россия фуқароси Юрий Корепановни Тошкент ҳарбий трибунали суди 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда хабар қилган www.66.ru сайти мазкур ҳукм 2011 йил 11 январида чиқарилганини ёзади.

Полковник Корепанов Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича – чегарадан ноқонуний равишда ўтганлик ва ватанга хиёнат қилганлик учун судланган.

Маълум бўлишича, Корепановни 2010 йилнинг 30 октябр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари поезддан тушириб қолганлар ва шундан бери уни МХХ тергов ҳибсхонасида сақлаб келганлар.

Россия сайтларининг полковник қариндошларига таянган ҳолда хабар беришларича, Юрий Корепанов Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида узоқ муддат ишлаган, истеъфога кетишидан аввал эса у Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги институтида ҳарбий кафедрани бошқарган.

Истеъфога чиққач, Корепанов Россиянинг Свердловск вилоятига кетиб, фуқаролигини ўзгартирган ва Россия паспортини олган. Бу ерда у “Водоканал”да назорат хизмати бошлиғи бўлиб ишлаган.

Маълумотларга кўра, Корепановнинг Тошкентда кичик ўғли ва бошқа қариндошлари қолган. Уларни кўргани келган 63 ёшли полковник ўтган йилнинг 30 октябр куни Свердловскка қайтишга қарор қилган. Бироқ тунги соат учларда ўзбек-қозоқ чегарасида Корепановнинг олдига формали икки киши келиб, уларнинг ортидан юришни амр қилганлар, айни пайтда улар полковникка қўлга олиниш сабабларини тушунтирмаганлар.

Корепановнинг Тошкентдаги қариндошлари бир неча кунлик уринишдан кейин полковник МХХ тергов ҳибсхонасида эканини, уни жосуслик ва хоинлик айблови билан қўлга олганларини аниқлаганлар. Корепановга Ўзбекистон фуқаролигидан ноқонуний равишда воз кечганлик айби юклатилган.

Маълумки, Ўзбекистонда фуқароликдан воз кечиш тартибининг ўзига яраша мураккабликлари бор ва бу анча вақт талаб қиладиган жараён. Қариндошларининг эътироф этишларича, полковник ана шу тартибга риоя қилмагани баҳонаси билан судланган.

Корепановнинг қариндошлари бу борада Екатеринбург Ташқи ишлар вазирлиги ва Омбудсменига мурожаат қилганлар, Россия президенти Медведев, Бош вазир Путин ва бошқа расмийларга хат йўллаганлар.

Свердловск Омбудсмени вакиласи Эллина Руденкина маҳаллий “Вечерние Ведомости” газетасига Юрий Корепановнинг ҳибсга олинишини асослаб бериш талаби билан Ўзбекистонга расмий мактуб йўлланганини, бироқ бу борада Ўзбекистондан бирор-бир жавоб бўлмаганини маълум қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG