Линклар

Ўзбекистон йўловчи ташувчи поездларининг Тожикистон ҳудуди орқали транзити чекланганидан сўнг Тожикистон Темир йўллари ширкати 2010 йилда тахминан 500 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўргани айтилмоқда.

Тожикистон Темир йўллари ширкати раиси Омонулло Ҳукумов 2010 йилда республика темир йўллари орқали ўтувчи йўловчилар сони тахминан 82 мингга қисқаргани ва бу эса ўз ширкати учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида зарар етказганидан ташвиш билдирди.

- Ўтган йил январ бошларида Ўзбекистон Темир йўллари ширкати
“Бухоро–Андижон” ва “Тошкент–Андижон” йўловчи ташувчи поездларининг Тожикистон ҳудуди орқали ўтишини таъқиқлаб қўйганидан сўнг йўловчилар сони тахминан 82 минг кишига қисқарди. Бу, ўз навбатида, ширкатимизга 500 минг доллар миқдорида зарар етказди, - деди бугун кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган тожик темирйўлчилари раҳбари Омонулло Ҳукумов.

Жаноб Ҳукумов “Бухоро–Андижон” ва “Тошкент–Андижон” поездларининг тўхтатиб қўйилгани сабабларига ҳам тўхталди.

- Мендаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон давлат телевидениеси ана шу поездлар йўловчилари тожикистонлик чегарачилар ва божхона ходимлари томонидан таланаётгани ҳақида бир-икки марта ролик намойиш қилганидан сўнг Ўзбекистон темир йўллари шундай қарорга келибди. Лекин, менимча, давлат телевидениесининг темир йўллар масаласига аралашишга ҳаққи йўқ. Мана, бизнинг ҳам фуқароларимиз Ўзбекистон ҳудудида таланаяпти, таҳқирланаяпти, биз поездларимизни тўхтатиб қўйганимиз йўқ-ку. Поездларни тўхтатиш учун бу масалалар асос бўла олмайди, менимча, - деди Тожикистон “Роҳи оҳан” ширкати раиси Омонулло Ҳукумов.

“Бухоро–Андижон” ва “Тошкент–Андижон” йўналишидаги поездлар Шўролар замонида маълум режа асосида Тожикистоннинг шимолий ҳудуди орқали қатнаб турар эди.

Аммо йил сайин икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатлар ёмонлашиши ортидан тожикларга қарамликдан қутилиш истагида бўлган Ўзбекистон ҳукумати 2010 йил бошида Тожикистон ҳудудидан ўтувчи “Бухоро–Андижон” ва “Тошкент–Андижон” йўловчи ташувчи поездлар транзитини ҳам таъқиқлаб қўйди.

Аснода тожик расмийси Ҳукумов Ўзбекистонга тегишли юк ташиш поездларининг Тожикистон ҳудуди орқали транзити таъқиқлаб қўйилгани ҳам ўз ширкатига катта иқтисодий зарарлар етказаётганидан баҳс этди.

- 2010 йилда юк транзити ҳажми тахминан 5 миллион тоннани ташкил қилдики, бу ўтган йилга нисбатан 45,4 фоиз камдир. Агар ўтган йилларда республика шимолидаги транзит ҳудудимиздан бир кеча-кундузда 9 жуфт поезд ўтган бўлса, 2010 йилда эса бу кўрсатгич 3 жуфтга тушиб кетди. Ишларимиздаги мувафаққиятсизликка биринчи галда 2009 йил Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган ёпиқ қарор сабаб бўлди, - деди Темир йўллар ширкати расмийси Ҳукумов.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йил 28 декабрида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тожикистон темир йўллари орқали тижорат юкларни Фарғона водийсига ташишни таъқиқловчи қарор имзолаган.

Мазкур қарор ортидан нефт маҳсулотларидан ташқари барча тижорат моллари Андижон, Наманган ва Фарғона водийсига юк машиналарида етказиб берила бошлади.

Тожик расмийлари бу қарорни Тожикистон иқтисодиётига яна янги бир зарба ўлароқ баҳоламоқдалар.

2010 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тожикларга тегишли юк вагонлари транзити масаласи атрофида пайдо бўлган томонлар баҳси эса икки қўшни республика муносабатларини янада совутиб юборди.

Ўтган йили расмий Душанбе Ўзбекистон томони мингдан ортиқ юк вагонларини асоссиз тўхтатиб қолаётганидан шикоят қилган эди.

Бугунги матбуот анжуманида “Роҳи оҳан” ширкат раиси Ҳукумов юк вагонлари транзити билан боғлиқ муаммо ўз ечимини топганини билдирди.

Ҳукумов жанобларининг маълум қилишича, ўтган йил декабр ойида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раҳбарларининг Москвада бўлиб ўтган саммитида қатнашган Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг юзма-юз учрашувларидан сўнг юк вагонлари транзити муаммоси узил-кесил ҳал қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистон темир йўлларида божхона талабларига жавоб бермаётгани айтилаётган тожикларга тегишли атиги 17 тагина юк вагони ушлаб турилгани маълум қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG