Линклар

logo-print

Озодлик мазкур савол билан ўзбекистонликларга мурожаат қилди. Аксар суҳбатдошларга кўра, шу кунда Ўзбекистонда спиртли ичимликларга ишқибозлик сусайган. Хўш, Ўзбекистоннинг қайси вилоятида ва ким кўпроқ спиртли ичимлик истеъмол қилади?

“Арзонроқ бўлгани учун спирт ичаман”

Ўзини Абдулла деб таништирган шаҳрисабзлик суҳбатдошимизнинг ёши 53 да. Абдулла ака 18 ёшидан буён ароқ ичишини айтади:

-“Май ичмасам, мендан хурсандлик йироқ,
Май ичсам, ақлимдан ажрайман бироқ,
Мастлигу хушёрлик оралиғи бор -
Майли, мен унга қул бўлсам яхшироқ”, дейди-ку.

Ўзбекистондаги адолатсизлик, камчилик - мана шу туфайли ичаман. Пулим бўлса, иложи бўлса, ҳар куни 200 грамм ичаман. Энди имконият йўқ учун ҳафтасига, ўн кунда бир 200-300 грамм ичиб тураман. Мен ичиб, кўчаларда ағанаб, топганимни кўчада йўқотиб келмаганман. Спирт ичаман арзонроқ бўлгани учун, - деди шаҳрисабзлик 53 ёшли Абдулла ака.

Суҳбатдошимиз бир неча йил давомида маҳаллий пахта тозалаш заводида ишлаганлигини айтади. Сўнгги йилларда у мана шу заводда қоровул бўлиб ишламоқда экан.

Абдулла ака икки ўғли борлигини, бироқ улар умуман спиртли ичимлик ичмасликларини айтади. Унинг айтишича, ўғиллари беш вақт намоз ўқийди. Ичкиликни ташлашни ўйлаб кўрган Абдулла ака барибир спиртсиз яшашнинг иложи бўлмаётганлигини айтади.

“Тошкентда ичкилик кам”

Тошкентлик суҳбатдош аёлнинг фикрича, Ўзбекистон пойтахтида ичкилик ичиш камайган.

- Шаҳарда бизда ичкилик кам. Тўйларда, масалан, почти қўйилмаяпти. Сабаби кўпроқ эътиқод масаласи. Кейин тўйлар аёллар билан ўтаяпти. Аёллар бизларда, биласиз, ичмайди. Илгари эркаклар кўп бўлар эди тўйларда, хозир аёллар билан кўпроқ тўйларни ўтказилаяпти. Энди эркаклар баъзан-баъзан ичади, аёллар ичмайди, - дейди тошкентлик аёл.

Суҳбатдошимиз 30 ёшли ўғли оз-оздан тўйларда ичкилик ичиб туришини ҳам қўшимча қилади.

“Бухорода тўйда ўртача 80-100 та ароқ кетади”

Бухоролик Абдуқодир ака спиртли ичимликларни умуман ичмайди. Бироқ май ҳақидаги тўртликларни ёддан билади:

- Май ичсанг, оқилу доно билан ич,
Ёки бир гул юзли зебо билан ич
Оз-оз ич, гоҳ-гоҳ ич, ҳам яширин ич,
Эзма, расво бўлма - ҳаё билан ич.

Оз-оз ичиш мумкин. Ибн Сино ҳам “озгинаси дори” деган. Фойдаси бор деган озгинасини, - деди бухоролик Абдуқодир ака.

Абдуқодир ака фикрича, шу кунда Ўзбекистонда кўпроқ уч соҳа вакилларининг ичишга қурби етади:

- Бугунги кунда ичадиганлар мўмайроқ даромад топадиганлар, ойлигига ичадиганлар камдан-кам бўлади. Масалан, Райгаздагилар ичиши мумкин, Электросетдагилар, фермерлар ичиши мумкин. Буни давлатимизнинг юқори идоралари текшириб ҳам кўрганлар. Шу уч соҳа вакиллари кўп ичишини эшитганман, - деди бухоролик Абдуқодир ака.

Бу суҳбатдошимиз олти марта ўғил уйлантирган ва Бухоронинг одати бўйича, келин томонига тўй олдидан ароқ олиб берган.

- Битта тўйда ўғил уйлантиришда ўртача 80-100 тагача ароқ берадилар. Бу ўртача 300 одамга кетади, дейди Абдуқодир ака.

Унинг айтишича, атрофдагилар ароқ билан тўй қилгани боис ароқсиз тўй қилишга одамлар ўрганмаган.

Бухоро вилоятидан фарқли ўлароқ Фарғона водийсида бир неча йиллардан буён спиртли ичимликсиз тўйлар ўтказилади.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида ҳам спиртли ичимликсиз тўйлар оммалашган.

Жиззахлик Очил ака Мирзоев спиртли ичимликларни тўйда ҳар ким ҳам қўймаслигини айтади:

- Нима дейди, тоифага бўлинган - қўядиган тоифа бор, қўймадиганлар бор. Тўғрисини айтайми? Қўядиган тоифа бу ўзининг эркаклик ҳуқуқини аёлларига бериб қўйганлардир. Россияда руслар нимани еса, шуни ейдиган бўлиб қолган эдик. Нимани ичса, шуни ичадиган бўлиб қолган эдик, - дейди жиззахлик Очил ака.

Унинг кузатишича, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин миллий қадриятлар озми-кўпми тикланиб, жумладан, ичкилик ичиш ҳам камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG